Очиғи, ўн кун аввал Ўзбекистонга, Наманганга аза келганди. Оқтўбедаги ёнғин фожиаси вилоятимизга қайғу солганди. Ҳалок бўлган 30 ўғлонини тупроққа қўйиш осон кечмади. Ҳа, наманганликлар катта йўқотишдан жуда эзилиб кетди. Айрилиқ кўз ёшлари…

2018 йилнинг 27 январь санаси. Хитойда ёшлар ўртасида Осиё чемпиони аниқланди. Ўзбекистонлик умидли футболчилар хушхабар олиб келишди. Севинч кўз ёшлари…

Бу ёқимли эътироф фалокатдан ҳалок бўлган 52 азаматнинг ўрнини босолмаса-да, ёш футболчиларимизнинг муваффақияти ҳаммамизга улкан далда бўлди. Бахтсиз воқеадан қаттиқ изтиробга тушган Наманганнинг эса қаддини кўтарди.

Бутун дунё нигоҳи Ўзбекистонга тикилган. Бизнинг ёшларни миллиардлаб томошабинлар олқишлади. Ғоят оғир вазият ва ноқулай об-ҳавога қарамай, матонат ва жасорат кўрсатган вакилларимиз мислсиз ютуқ — мамлакатимиз тарихида 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида футбол бўйича илк маротаба Осиё чемпиони деган шарафга эришдилар. Айниқса, юртимизга, вилоятимизга хурсандчилик улашдилар.

Терма жамоанинг аъзоси — Наманган фарзанди, Одилжон Ҳамробеков мусобақа якунида «Энг фойдали футболчи» деб топилди. Одилжон Ўзбекистоннинг, вилоятимизнинг, Наманган туманининг, борингки, қишлоғимизнинг чинакам фахрига айланди.

Шўрқўрғон — Шеърқўрғон, шоирлар қишлоғи сифатида донғи кетган. Ўктам Мирзо, Санобар Бобоназарова, Тўхтахон Раҳимова, Ўктамой Холдорова, Дилором Сотиболдиева, Носиржон Жўраев каби ижодкорлар исми сўз ихлосмандларига яхши таниш. Шоирлари билан мақтанадиган шўрқўрғонликлар энди Одилжондек машҳур футболчиси билан ҳам ифтихорга тўладиган бўлишди.

Шўрқўрғонда қуёш чиқди, Одилжон Ҳамробеков қишлоққа офтоб бахш этди! Бошқача айтганда, баҳор келди! «Ие, ҳали қишнинг тугашига бир ой бор-ку?!», деяётгандирсиз. Изғирин совуқ эса-да, қишлоғимиздаги манзара баҳор фаслини эслатмоқда. Кунлар исий бошлаши билан чумолилар ер юзига ўрмалаб чиқишади-ку, бизда ҳам шундай бўлди. Одамлар уйидан чиқиб, кўчани тўлдириб, Ҳамробековларнинг уйига шошарди. Каттаю кичикнинг мавзуси — кечаги ўйиннинг муҳокамаси, Одилжоннинг ғалабаси. Уч ярим ёшли ўғлим ҳам «Ўзбекистон ютди! Одил ака чемпион бўлди!» дея суюнчилагани мени янада илҳомлантирди.

Дилдан суҳбатлашиш мақсадида эрта тонгда таниқли ўйинчининг файзли хонадонига, қўшни маҳалламизга чиқдим. Камтаргина ҳовли дарвозаси ланг очилган. Қаҳрамонимиз Одилжоннинг ўзи сафарда бўлса-да, уни вояга етказган, камол топишига ҳисса қўшган ота-онаси ва устозлари, ўртоқларини қишлоқ аҳли ва узоқ-яқиндан меҳмонлар қутлагани келишмоқда. Биласиз, қишлоқда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик анча юксак мақомда. Бутун қишлоқликларнинг муносабати ҳам шунга яраша. Тўй ва азада ҳовли одамлар билан дарров гавжумлашади.

Одилжоннинг олган дипломлари, шода медаллари, кубоклари, эсдалик совғаларини кўздан кечирдим, ҳар бирининг ёзувини эринмай ўқидим. Чемпионнинг ҳамюрти бўлиш эса завқли ва шарафли экан. Дарвоқе, «От ўрнини той босади», дейишади. Шунга қўшимча қиламиз: «Одил изини Одил босади!». Шўрқўрғоннинг Одили туманимизнинг Ғалча қишлоғидан етишиб чиққан Одил Аҳмедовнинг муносиб издоши бўлди. 

Фурсатдан фойдаланиб, футболчимизнинг бобоси Ҳамробек ота, дадаси Соҳибжон ака ва онаси Раънохон опаларни суҳбатга тортдим.

Ҳамробек Юсуфжонов, чемпионнинг бобоси:

— Сизга айтсам, исмим дунёда янграганидан қувончимнинг чеки йўқ. Маҳалламиздаги меҳмонхонада (қиш фаслида ҳар куни палов ейиладиган, ёшлар ва нуронийлар тўпланадиган жой) футболни бошқача қизиқиш билан кўрдик. Ўйин тугабоқ қўшнилар, ҳамқишлоқлар, таниш-билишлар уйимизга келиб табриклашди, ҳаяжонларини яширишмади. Шўрқўрғонимизда катта байрам қилиняпти. Насиб этса, набирамнинг келишига қўчқор сўямиз, нишонлаймиз!

Яна бир гап. Одилжоннинг дадаси, яъни ўғлим Соҳибжон ҳам ёшлигида футболга хўб қизиққан. Оилавий ҳолатимиз, дала ишлари туфайли етарли шароит яратиб беролмаганмиз. Хуллас, дадасининг орзусини фарзанди ушалтирди.

Ватанимиз ёшларини қўллаган ҳамма ишқибозларга, атрофдагиларга мингдан-минг раҳмат! Қаранг, ветнамликларнинг «Ўзбекларнинг ўйинчилари кучли экан!», деган сўзлари қулоғимга ўрнашиб қолди. Ўзимга сиғмай кетяпман. Раҳматли Раҳимахон бувиси бу кунларга етмай кетиб қолдида. У ҳаётлигида «Кўрасиз, Одилжондан умидим бор, у машҳур футболчи бўлади!», дерди ва тинмай дуо қиларди. Набирам ажойибда, ҳар гал сафар ёки ўйиндан олдин телефон қилиб, оқ йўл тилашимизни сўрайди.

Соҳибжон Юсуфжонов, чемпионнинг отаси:

— Ўзбекистон U-23 терма жамоаси аъзолари ишончни оқлашди. Айниқса, ўғлим Одилжондан кўнглим тўқ бўлди. Яқинда, 13 февралда у 22 ёшга тўлади. Аминманки, Миллий терма жамоамиз таркибидаги асосий ўйинчилар қаторида.

Икки ўғил ва бир қизни тарбияладик. Футболчимиз эса Ўзбекистон ифтихори бўлганидан бағоят хурсандман. Одилжон болаликдан спортга ўзгача меҳр қўйганди. 2011 йилда Намангандаги мусобақада «Насаф» футбол академияси тренерлари (ўзимизникилар қолиб, бошқа вилоятдагиларнинг — муаллиф) эътиборига тушди. Шу тариқа Қаршидаги тайёрлов мактабига қабул қилинди. Тез орада жамоанинг кашф этилган аъзоси сифатида тақдирланди. Мана, бугун шу терма жамоанинг фойдали ўйинчиларидан бири, «7»-рақамда тўп сурмоқда.

Унинг мактаб давридаги биринчи мураббийи Маҳмуджон Раҳимов, «Насаф» жамоаси мураббийи Рўзиқул Бердиев, ёшлар терма жамоаси мураббийи Равшан Ҳайдаров каби устозларига алоҳида раҳматимизни айтамиз!

Раънохон Юсуфжонова, чемпионнинг онаси:

— Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг йўллаган самимий табригидан бошимиз кўкка етди. Табрикномани телевизорда эшитиб, тўлқинланиб кетдим. «Азиз фарзандларим!» дея бошлангани эътиборли. Одилжон нафақат менинг, балки Ўзбекистоннинг, халқимизнинг ҳам ардоқли боласи эканлигини ҳис қилдим. Шундай ўғлим борлигидан ғурурланяпман. Уни халқимнинг дуоси асрасин, илоҳим, омадини берсин!

Ичимдан ўтаётганларни ўзим биламан. Кеча қор ёғиб тургандаги ўйинни кузатяпман-у, Одилжоннинг болалиги ёдимга тушаверди. Қор кечиб тўп ўйна-ганларини, футболни деб оромини йўқотгани, уч йил аввал бироз касалликка чалингани, ҳатто майдонга тушиши тақиқлаб қўйилгани — ҳамма-ҳаммасини, бошидан ўтган қийинчиликларни эсладим. У жамики ютуқларига ҳалол меҳнати, одоби ва халқимизнинг олқиши билан эришди. Шуниси билан у забт этган чўққи янада қадрлидир!

Ҳа, энг бахтли оналардан бириман. Эрта-кеч қўнғироқлар бўляпти, йўқлашяпти, муборакбод этишяпти. Туни билан еттинчи осмонда учиб юргандаймиз. Ишонасизми, ухлолмай чиқдик, беҳад қувонч ҳам одамни бедор қиларкан. Одилжоннинг яна бир бобоси Садриддин ота ва бувиси Раҳимахонлар ҳам доимо эзгу ният қилишдан чарчашмайди.

Тўғриси, опа-сингилларимизнинг футболга қизиқишавермаслиги аён. Лекин ўғлим ҳурматиданми, қишлоғимиз, маҳалламиз хотин-қизларининг ҳам «эркаклар ўйини»ни кўришгани мени ҳайратга солди. Кўпчилик «Қорли жанг» дейишяпти. Менинг хотирамда эса бу — аёлларни футбол томоша қилишга ундаган қизиқ воқеа сифатида муҳрланиб қолади.

***

Энди Одилжон Ҳамробековнинг энг яхши ўйинчи деб эълон қилингани ва қандай довруқ қозонгани хусусида. Ота-онаси, устоз-мураббий ва тренерларининг таъкидлашларича, Ҳамробековнинг тарбияси намунали. Аввало, у оғир-босиқ ва мулоҳазали. Ҳар қандай вазиятни чидам билан енгади ва катталарнинг танбеҳларидан ўринли хулоса чиқаради. Энг муҳими, у ақл билан иш тутади, майдонни тезкорлик билан кузатиб, ҳолатни тўғри кўра олади. Ўзини тутиши, муомаласи, очиқ чеҳраси, тинмай изланиши, устозларининг кўрсатмаларини сўзсиз бажариши — буларнинг бари унинг муваффақиятлари асосини белгилаб бермоқда, десак, ҳақиқатни қайд этамиз.   

Жамоамиз ярим ҳимоячиси, экспертларнинг эътирофича, майдон марказининг қироли Одилжон билан ҳам қисқагина қўнғироқлашиб, фикрларини сўрадим. Мана, чемпионнинг дил сўзлари:

— Ғалабамиз жамоамиз делегацияси, ходимлар ва бизни қўллаб-қувватлаганларга аталади. Биринчи учрашувда ютқазганимиздан кейин чемпион бўлишимизга деярли ҳеч ким ишонмай қўйганди. Аммо буни уддаладик. Қорли об-ҳавода ҳам мухлисларнинг содиқлиги, халқимизнинг дуоси бизни анча руҳлантирди, ғайрат-шижоатимиз ортди.

«Тойота» компанияси томонидан энг яхши футболчига ажратилган соврин — 20 000 АҚШ доллари фақат ўзимга тегишли эмас. Футбол жамоавий спорт тури, унда 11 нафар ўйинчи бирдек ҳаракат қилади. Менингча, барча шерикларим турнирнинг энг яхши футболчиси бўлишга лойиқ эдилар…

***

Ижтимоий тармоқларда жойланган қуйидаги қизиқ маълумот эътиборингизни тортиши аниқ: «…27 январь куни Қозоғистон тарафдан совуқ об-ҳаво кириб келади», деган хабарлар тарқалганди. Йўқ, бу Хитойдан хушхабарли ҳарорат келишидан дарак экан!!!»…

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов уқтириб ва башорат қилиб кетган «Мамлакатни спортчалик дунёга тез танитадиган соҳа йўқ»лиги борасидаги қимматли фикрлари бугун ҳаётда яна бир карра исботини топди. Чиндан ҳам, устоз журналист ва адабиётшунос Муҳаммад Вали ёзганидек, ғалабамиз ҳам футболимиз каби улғаймоқда!.. Ғалаба ва ажойиб натижалар муборак, Ватанимизнинг ёш чемпионлари! Сизлар бутун жаҳонга Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳиятини намоён қилдинглар!

P.S. 1. Одилжон 30 январь куни Осиё чемпионлар лигасига чиқишда саралаш учун яна бир муҳим ўйинда майдонга тушди. Қарши шаҳрида Иорданиянинг футбол клуби билан ўтган учрашувда ҳам муносиб фаоллик кўрсатиб, навбатдаги чиройли ғалабани қўлга киритишди. 

P.S. 2. Ўқиганларингиз суҳбатдошларнинг пойтахтга жўнаб кетишлари олдидан, яъни 28 январь куни уюштирилган эди. Ўша куни тунда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Бош вазир иштирокида Осиё чемпионларини тантанали кутиб олиш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Президент совғаси — замонавий автомобиль МАЛИБУ билан қишлоғимизга қайтган Одил Ҳамробековнинг оила аъзоларини вилоят, туман ва қишлоқ фаоллари, мутасаддилар биргаликда зўр шоду хуррамлик билан қарши олишди. Наманганда, Шўрқўрғонимизда футбол байрами махсус тайёргарлик ва юқори кайфиятда нишонланмоқда. Чемпионнинг ўзини ҳам Наманган аҳли интизорликда кутишмоқда. Вилоят ва туман ҳокимлари эса қаҳрамонимизни тақдирлашга шай туришибди.

Орифжон  ЖЎРАЕВ, журналист.

Улашиш