Ўтган йил давомида Наманган вилоятида аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 2016 йилга нисбатан 18,46 фоизга камайди. Бу ҳақда «Дарё» маълум қилди.

Бу борадаги кўрсаткичларни янада яхшилаш, жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш, мустақил ҳаётга қадам қўяётган қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят ички ишлар идоралари тизимида хизмат қилаётган ходималардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Мазкур ишчи гуруҳнинг илк тадбири Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ўтказилган давра суҳбатидан бошланди.

Муҳокамалар жараёнида келгуси тадбирларга тиббиёт ходимлари, отинойилар, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган меҳнат фахрийларини ҳам жалб этиш, уларнинг маслаҳатларини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш борасида таклифлар берилди.

Фото: Вилоят ИИБ матбуот хизмати

Ишчи гуруҳ вилоятдаги барча таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар миқёсида фаолиятини давом эттириши режалаштирилган.

Улашиш