Тиббиётда инновацион соғлиқни сақлаш атамаси нималардан иборат?

138

    Давр шитоб билан ўзгариб боряпти. Ҳар бир жабҳада янгиланишлар, ўзгаришлар жараёнига гувоҳ бўляпмиз. Бинобарин, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тиббиётда инновацион соғлиқни сақлаш атамаси юзага келди. Хўш, бу янги тизимнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ирода Мусаева билан суҳбатимиз шу ҳақда кечди.

—  Ирода Анваровна, аввало, соғлиқни сақлаш тизимидаги янги тузилма, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунча берсангиз?

—  Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3894-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш  Миллий палатаси ташкил этилган.

    Ҳудудий бўлинмамиз Миллий палатанинг таркибий қисми ҳисобланади. Айни пайтда уни шакллантириш жараёни ниҳояси етди. Турли мақсад ва йўналишлар бўйича иш олиб борувчи 10 та бўлим мавжуд.Улар аттестациядан муваффақиятли ўтган мутахассислар билан тўлдирилди.

Фаолиятимиз йўналишлари кенг қамровли. Жумладан, Наманган вилоятида  соғлиқни сақлашни ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва энг яхши жаҳон амалиётини ҳисобга  олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделларини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқамиз.

Замонавий клиник қўлланмалар ва баённомалар, ташхис қўйиш

ва даволаш сифат стандартлари, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш

стандартлари ишлаб чиқилиши, уларнинг ўз вақтида жорий

этилиши устидан мониторинг олиб боришда иштирок этамиз.

Тиббиёт статистикасини тўплаш ва таҳлил қилиш тизимини

такомиллаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, зарур статистик

маълумотлар билан таъминлаш мақсадида нотўғри статистик кўрсаткичлардан

фойдаланиш имкониятига йўл қўймайдиган халқаро стандартлар ва усулларни

жорий этиш бўйича иш олиб борилади.

Вилоят врачлари ва провизорларини рўйхатдан ўтказиш тизимини

жорий этиш, шунингдек, маълумотларнинг ягона электрон базасини

шакллантириш ва юритишда кўмаклашиш ҳам муҳим вазифаларимиздан.

Халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ташкил этишга, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағларни йўналтиришга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотларни ташкил қилишга кўмаклашамиз.

Тиббиёт ходимларининг нуфузини ва мамлакат соғлиқни сақлаш

тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ

қоидаларини сингдириш, коррупция намоён бўлишига барҳам бериш ва унинг

олдини олиш, шунингдек, тиббиёт ходимларинииг касбий фаолияти устидан

жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўрамиз.

Соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий малакаси даражаси, шунингдек, улар фаолиятининг якка тартибда лицензияланишини жорий этиш орқали

кўникмаларининг замонавий талабларга ва энг яхши жаҳон амалиётларига

мувофиқлиги мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини йўлга қўйиш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий

этиш, шунингдек, мамлакатга соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали

хорижий экспертлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш, мамлакат

мутахассислари ва экспертларининг чет элда стажировкадан ўтиши бўйича таклифлар киритиш билан ҳам шуғулланамиз.

Хусусий хорижий инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри

инвестицияларни фаол жалб этиш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг

самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва вилоят соғлиқни сақлаш тизимига

жорий қилиш, шунингдек, хусусий соғлиқни сақлаш тизимини жадал

ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқамиз.

—   Чиндан ҳам Миллий палатанинг фаолият доираси  ғоят кенг, йўналишлари эса кўп экан. Айтингчи, вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан  ўтган давр мобайнида қандай амалий ишлар олиб борилди?

—  Дастлабки қадамни соҳага инвестиция киритиш борасидаги келишувлардан бошлаганлигимизни алоҳида таъкидламоқчиман. 2019 йилнинг 26 январида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси ўринбосари Отабек Аминов иштирокида Жанубий Кореянинг “Dream Мedical Foundation” президенти Парк Йонхван билан учрашдик. Учрашувда ҳамкор томонидан Наманган вилоятида илк тиббий кластер  ташкил этилиши, мазкур лойиҳага 80 миллион АҚШ доллар сармоя киритилиши режалаштирилди. “Dream Мedical Foundation” президенти ва  “Gold Dream” раҳари Иброҳим Эргашев билан келишув шартномасига асосан бу инвестиция  жаҳон андозаларига жавоб берадиган йирик фармацевтика заводи қуриш, тиббиёт йўналишидаги ўқув-илмий ҳамкорлик ва клиника ташкил қилишга йўналтирилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари тиббиёт ходимлари касбий малака даражаси, шунингдек уларнинг кўникмалари замонавий талаблар ва жаҳоннинг энг яхши амалиётига мувофиқлиги устидан онлайн электрон база яратилди. Вилоятда бюджетдан молиялаштириладиган тиббиёт муассасаларининг 32 минг нафардан ортиқ мутахассислари, яъни 4580 нафар врач, 27 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари, провизорлар ва фармацевтларнинг электрон рўйхати шакллантирилиб, Миллий палатага тақдим этилди.

—   Тиббий туризмни ривожлантириш бўйича ҳам муайян ишлар қилинаётганидан хабардормиз. Бу йўналишдаги фаолият ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

—  Тиббий туризмни равнақ топтириш энг устувор вазифалар қаторида турибди. Б йўналиш ҳам соҳа тараққиётини белгиловчи омиллардан. Шунинг учун, ҳудудий бўлинмамиз томонидан   вилоятида  фаолият кўрсатаётган сиҳатгоҳлар ҳамда  мавжуд зиёратгоҳлар  тўғрисида тарихий маълумотлар  жамланди,  уларнинг  электрон нусхаси Миллий палатага тақдим этилди.

—   Соғлиқни сақлаш соҳасида самарали ахборот коммуникация технологияларини  ва замонавий инновацион механизмларни қўллаш масаласи ҳам кун тартибига чиқмоқда. Шундайми?

—  Тўғри айтдингиз, бусиз инновацион ривожланиш бўлмайди. Вилоятимизда ҳам бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар бошланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Равшан Изамов ҳамда раис ўринбосари О. Аминовлар  Наманганга ташриф буюришди. Ҳамкорлар билан 4-Оила поликлиникасида ташкил қилинган телетиббиёт бўйича тақдимотда бўлишди. Watch Witz Technologies Pvt Ltd (Ҳиндистон) компаниясининг тиббиёт ускунасида онлайн диагностика ўтказилди. 

   Теледиагностика давомида бир неча бемор текширувдан ўтказилди, уларнинг натижалари онлайн режимда Ҳиндистондаги мутахассисларга йўлланди. Олинган маълумотлар асосида шифокорлар томонидан ташхис қўйилиб, даволаш муолажалари белгиланди. Илк тажрибанинг кўрсатишича, юксак даражали мутахассисларни жалб қилиб, телетиббиёт усулини қўллаш нафақат шифокорларга кўп беморларни текшириш ва даволаш имконини беради, балки ёрдам учун мурожаат қилганбеморлар учун ҳам қулайлик туғдирди.

Жорий  16 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Қонунчиликка соғлиқни сақлаш тизимига инновацион технологиялар жорий қилинишини рағбатлантиришга қаратилган қоидаларни киритиш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – тиббий хизматларни кўрсатиш соҳасида замонавий инновацион технологияларни жорий қилиш жараёнларини рағбатлантириш ва фаоллаштириш мақсадида миллий қонунчилик тизимини янада такомиллаштиришга доир масалаларни муҳокама қилиш ҳамда тегишли таклифлар ишлаб чиқиш эди.

Мазкур тадбирдан сўнг вилояти ҳудудий бўлинмамиз ҳам бевосита Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик  партияси Наманган тумани Кенгаши ва ЎзЛиДеп Наманган шаҳар кенгаши билан меморандумлар имзолади. Меморандумда соғлиқни сақлаш соҳасида сифатли тиббий хизмат кўрсатишда самарали ахборот коммуникация технологиялари ва замонавий инновацион механизмлар лозим даражада қўлланилмасдан келинаётганлиги тиббиёт соҳасида ўз ечимини кутаётган долзарб масалалардан бири — ривожланган мамлакатларда кенг тарзда қўлланилаётган телетиббиёт институтини жорий этиш, бунда унинг ҳуқуқий асоси ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг “Телетиббиёт тўғрисида”ги  Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолига, айниқса чекка қишлоқлардаги фуқароларга қулай шароитларни таъминлашда “Электрон поликлиника” тизимини кенг жорий этиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар, ишончли тиббиёт статистикасининг ягона базаси тўлиқ шакллантирилмаганлиги соғлиқни сақлаш тизими аҳволини муносиб баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб олинган.

—  Келгусидаги режалар ҳақида ҳам билмоқчи эдик?

—    Ҳудудий бўлинмамиз томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом талабларини таъминлаш мақсадида “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу анжуманда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирларининг инновацион-методологик асослари, бу соҳага оид креатив ёндошувлар муҳокама этилади.

—     Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

                                                                                                     Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш