Ҳаммаси кадрлар салоҳияти, масъулияти ва малакасига боғлиқ

276

   Бугун  Наманган шаҳридаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши мажлислар залида Фарғона водийси тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва бош ҳамшираларининг “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси”ни ўрганиш бўйича  бир ҳафталик сайёр ўқуви машғулотлари бошланди.

  Тадбирнинг очилиш маросимида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти “Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш” кафедраси мудири Дамин Асадов, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар сўзга чиқишди. Улар мазкур ўқувнинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти ҳақида гапириб, қатнашчиларни 48 соатлик сайёр малака ошириш  курси машғулотларида фаол иштирок этишга чорлашди.

—  Мамлактимиз тиббиётида изчил ислоҳотлар жараёни кечяпти. Соҳага замонавий технологиялар татбиқ қилинмоқда. Мана шундай янгиланишлар даврида фаолият натижадорлигини таъминлаш учун аввало  соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларидан чуқур билим, юқори малака ва  юксак маҳорат талаб этилади,- дейди профессор Дамин Асадов.

  Ўқув мамлакатимизнинг таниқли олим шифокорлари томонидан олиб борилмоқда. Дастлабки куни ТВМОИ “Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш кафедраси” мудири, профессор Дамин Асадов, мазкур кафедра доценти Валихон Ҳакимов ва катта ўқитувчиси Дилором Содиқхўжаевалар соҳада кечаётган ислоҳотларни жадаллаштиришнинг ҳуқуқий асосларига оид маърузалар ўқишди. Бинобарин, жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш йўналишлари, 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб қувватлаш Концепцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятига оид маърузалар тингланди.

  Малака ошириш курси 13 июлга қадар давом этади.

                                                                                                        Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш