Наманганлик ҳунармандлар халқаро фестивалга алоҳида тайёргарлик кўрмоқда

48

Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи. Бу маскан ҳамиша вужуд ва руҳи бироз ором истаган катта-ю кичик юртдошлармиз айниқса учун дилтортар гўша.
Шунингдек, бу ер йил давомида республика ва вилоят миқёсидаги фестиваль, кўргазма, кўрк-танлов каби жуда кўплаб байрамона тадбирларга мезбонлик қилади.
Айни дамда сўлим ва обод мазкур боғ одатдагидан ташқари эрталабдан гавжум, байрамона шукуҳ касб этган. Сабаби бу ерда бугун кечгача иккита катта тадбир – “Олимпия куни” муносабати билан халқ сайли ҳамда “Мен Қўқонга бораман” шиори остида халқаро ҳунармандлар фестивали олдидан вилоят ҳунармандларининг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Биз дастлаб боғ марказидаги фавворага олиб чиқувчи хиёбонда намойиш этилаётган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси сари юзландик. Хиёбоннинг икки четида дид билан жойлаштирилган миллий пичоқчилик, зардўзлик, кулолчилик, тўқувчилик, ёғочсозлик, косибчилик, тикувчилик каби ўнлаб халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати маҳсулотлари олдидан ўтар экансиз беихтиёр миллий маданиятимиз сув ичаётган сарчашмаларнинг нақадар теран ва боқийлиги мужассам топган оламга тушиб қолгандай ҳис қиласиз ўзингизни.

photo5260453481918081562.jpg
photo5260453481918081564.jpg

Миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган анъаналарни садоқат билан асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиш йўлида фидойилик кўрсатаётган устазодалар билан мулоқотда бўлдик.
– Пичоқларингизнинг энг арзони ва энг қиммати қайси? – деб гўёки пичоқ ишқибози сифатида “қитмирона”савол бердик устига терилган юзлаб турли пичоқлар жилоланиб турган пештахта ортидаги йигитга.
– Бу ерда 35 минг сўмдан 500 минг сўмликкача бўлган пичоқлар бор, ака, – деди нигоҳларида ўткир зеҳни акс этиб турган ўсмир йигит.
– 35 минг сўм-ку, майли, чидаса бўлади, лекин пичоқ ҳам 500 минг сўм бўладими? –“норозилик” билдирдик.
– Ака, мен “бу ерда” дедим. Уйимизда 3 минг доллар турадиган пичоқлар ҳам бор. Махсус буюртма пичоқлар.
– Нега бунчалик қиммат?
– Биринчидан ундай пичоқлар ягона нусхада тайёрланади, ҳеч қачон худди шунақа пичоқ ясалмайди. Кейин унга ишлатилган хом ашёлар ҳам жуда нодир, сифатли бўлади, темирни ҳам кесадиган пичоқлар ҳақида эшитганмисиз? Шунақа бўлади. Асосийси шундай пичоқларни ясашга кўп вақт ва алоҳида маҳорат талаб қилинади. Яъни, битта шунақа пичоқ ясаш учун кетган вақт ичида ўнлаб оддийроқларини тайёрлаш мумкин. Бу шунчаки темирчилик маҳсулоти эмас, ака, санъат асари, деса ҳам бўлади.

photo5260453481918081565.jpg
photo5260453481918081566.jpg

Йигитнинг дадиллиги ва мулоҳазакорлигига қойил қолмасдан иложи йўқ. Ўзимизни таништириб самимий суҳбатга ўтдик. Шоҳрух (пичоқчи йигитнинг исми шундай экан)нинг айтишича, у Чуст туманидаги пичоқчи устазодалар сулоласидан экан. Ота-боболарининг бари пичоқ ясайдиган ҳунарманд бўлишган экан. Айни пайтда отаси Шавкат Дадажонов бобоси Шарифжон Дадажонов бошчилигида Қўқон шаҳрида бўладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида намойиш этиш учун янги пичоқ нусхалари устида ишлаётган экан.
Кўргазмада пичоқлардан кейин эътиборимизни тортган нарса тўқима пойабзаллар бўлди. Кўргазма ортида ёшгина қиз жуволдиздай узун-узун игналарини чаққонлик билан ўйнатиб бир нима тўқиб ўтирибди. Яқинроқ бориб қарасак тўқиётган буюми аёллар туфлиси экан. Резинадан тайёрланган оёқ кийим тагчармига сунъий ипдан ҳалақа-ҳалқа нақш соляпти. Қизнинг қўлидаги нарса ярим соат ўтар-ўтмас шакл ва мазмун, яъни туфли қиёфасини касб эта бошлади. Бу косибчиликка ёки аксинча тўқимачиликка инновацион ёндашувнинг намунаси эди.
– Бу ғояни қаердан олингиз, ижтимоий тармоқларда учратдингизми ёки бирор жойда шундай туфлиларни кўрганмидингиз, – деб сўрадик ўзини чустлик Моҳигул Неъматова деб таништирган қиздан.
– Йўқ, ҳеч қаерда бундай усулда оёқ кийим тикилишини кўрмаган ва эшитмаганман, – деди у. –Ўзим илгари, пайпоқ, шарф, сумка, жемпер каби кийимларни тўқир эдим. Таги бус-бутун, усти йиртилиб кетган туфлимни косибда тузаттириб ўтириб, бирдан хаёлимга шу фикр келиб қолди: “Шу тагчарм устига туфли тикиш мумкин эмасми?” Буни синаб кўрдим ва ўзига хос янгилик қилишга кўзим етди. Мана ҳозир бир ойда 40-50 тагача болалар ва аёллар учун мавсумбоп туфли, шиппак, этиклар тўқияпман. Бундай пойабзаллар, айниқса, ёзнинг жазирама кунларида роҳатижонлиги билан харидорларга манзур бўляпти. Ишонаманки, Қўқонда бўладиган халқаро фестивалда бу хорижликлар эътиборини ҳам тортади.

photo5260453481918081567.jpg
photo5262611501120859124.jpg

Хуллас, кўргазмани кезиб юриб, ҳунармандлар билан суҳбатлашсангиз, ўз ишидан завқу шавқ олиб, кўнгил тўлиб, янада янги режалар устида изланаётган устазодаларни кўриб дилингиз равшан тортади. Эътиборлиси, уларнинг бирортаси моддий манфаатдорликни устун қўймаётганидир. “Ўтган йилда шу ҳунар ортидан қанча даромад олдингиз?”, деган саволга барчаси “Ҳеч ҳисоб-китоб қилиб кўрмаган эканмиз, маҳсулотимизни сотамиз, пулини рўзғорга, хом ашё олишга ишлатиб, айлантириб юраверамиз”, деб жавоб беради. Латта қийқимларидан ёки ёғоч парчаларидан қўғирчоқлар ясайдиган ҳунармандлар ҳам “Шу нарсамни биров сотиб олармикан?”, деб ўйламайди улар учун энг аввало шу ҳунарга меҳр-муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат руҳи устувор.
– Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони иборали қилиб айтганда ҳунармандларимизнинг “қўлини ечиб юборди” ва соҳани ривожлантириш истиқболларини очди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари Ж.Валиев. – Фармонга қадар уюшма аъзолари сони 800 нафарга етмаган бўлса, ҳозирда 2 минг 300 нафарга яқин ҳунарманд ўз фаолиятини уюшмага бирлашган ҳолда давом эттирмоқда. Жорий йилнинг ўзида 771 ҳунарманд уюшма сафига қўшилди. Улардан 80 нафари Қўқон шаҳрида бўладиган халқаро фестивалга тайёргарлик кўрмоқда, бугунги кўргазмада шундан қирқ нафари сараланиб, фестивалга юборилади. Вилоятимиздан фестивалда 24 йўналишда ҳунармандлар иштирок этади.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

Улашиш