Поп туманида парашют спорти секцияси очилди

48

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги Поп тумани ўқув-спорт техника клуби қошида вилоятдаги илк парашют спорт секцияси иш бошлади.Янги спорт секциясининг очилиш маросими, “Токио сари йўл” шиори остида бутун, 4 июнь куни, Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган Халқаро Олимпия куни спорт тадбирлари билан биргаликда ўтказилди. Бу ҳақда vodiymedia.uz хабар беради.

 Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев, Поп тумани ҳокими Азамжон Султонов, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарияти, Миллий гвардия ва Ғурумсарой гарнизонидаги ҳарбий қисмлар аскарлари, вилоятдаги туманлар ўқув-спорт техника клублари вакиллари, спортчи ёшлар, мактаб ўқувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, вилоят ва Республика ОАВ вакиллари иштирок этдилар.Тантанали очилиш маросимини Поп тумани ҳокими Азамжон Султонов кириш сўзи билан очди. 

 “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев, ўз сўзида Ўзбекистон президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4061-сонли қарори ижроси доирасида вилоят туманининг чекка ҳудудида парашют спорти бўйича ташкил этилган мазкур спорт секцияси, мамлакатда парашют спортини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш, фуқароларнинг мазкур спорт турига қизиқишини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

 Тадбирда ҳарбийларнинг ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди. Турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги ЎСТКлар жамоалари аъзолари совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, наманганлик ёш констукторлар томонидан тайёрланган ракета моделларини учирилиши бўлиб ўтди. 

 Сўнгра парашют спорт секциясининг рамзий лентаси қирқилди. Маълакали мутахассислар йиғилганларга парашют ва парашют спорти ҳақида тўлиқ маълумот беришди. 

 Парашют спорти билан шуғулланиш имкони берувчи вилоятдаги илк спорт секцияси, парашют тизимлари, анжомлар ва тренажерлар билан, шунингдек, ўқув-методик ва кўргазмали қуроллар билан тўла жиҳозланган. Шунингдек, водий вилоятлари ўқув-спорт техника клубларидаги биринчи 17 метрлик парашютдан сакраш минораси ҳам мавжуд. 

Ҳотам Мамадалиев олган суратлар

Улашиш