Иссиқ кўлдан “Қайноқ” фоторепортаж

27

Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари бошланиши билан ҳамма салқин ерда ҳордиқ чиқаришни хоҳлайди. Қирғизистонинг Иссиқкўл туристик ҳудуди шундай мазмунли хордиқ чиқариш учун айни мудао бўладиган жойлардан. Марказий Осиёнинг марвариди деб тилга олинадиган Иссиқкўл тиниқ ва шифобахш суви билан барчани ҳайратга солади. Шу сабаб бўлса керак ҳар йили Шимолий Тияншан тоғ тизмаси бағридаги мазкур кўлга Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистоннинг ўзидан минглаб кишилар ташриф буюришади. Шу йилнинг 27 июнь куни ташриф буюрувчи давлатлар сафи биттага кўпайди. Тошкент-Томчи-Тошкент авиа чартер рейсининг илк парвози орқали ўзбекистонлик сайёҳлар Иссиқкўлга келди. Ушбу қатнов орқали йил бўйи юртимиздан тахминан 3 минг сайёҳ ташриф буюриб, дам олиши кутилмоқда.


Мазкур аҳамиятга молик иш Ўзбекистон ва Қирғисистон республикаларининг элчихоналари ва АҚШнинг Халқаро Тараққиёт агентлиги(USAID)нинг Марказий Осиёда сайёҳликни ривожлантириш ва иш ўринлари масаласидаги тинимсиз ҳаракатлари сабаб амалга оширилмоқда. Шу хусусда USAIDнинг миссияси директори Гари Линден фикрларини қуйидагича баён қилди. — “Бугун ўзбекистонлик сайёҳлар билан учрашиш учун биз ноёб имкониятга эга бўлдик. Илк чартер рейс бунинг учун муҳим воқеа бўлди. Биз Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг бошқа компаниялари билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Бу воқеа нафақат икки мамлакат балки бутун Марказий Осиё учун жуда муҳим янгилик бўлди”.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, сайёҳларнинг узоғини яқин қилувчи авиарейслар Қирғизистоннинг “Inspiro Travel and Logistic” МЧЖ ҳамда юртимиздаги “Asia Lux” туроператори томонидан ташкилланади.


Мавсум олдидан олиб борилажак ишларни кенг оммага танитиш мақсадида ҳар икки қардош давлатларнинг элчихоналари ва тур агентликлари ташаббуси билан юртимизнинг 40 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Иссиқкўлга медиа тур уюштирилди. Телевединие, радио, интернет нашрлари орқали бевосита ёритилиб, сайёҳлик зоналари, яратилган имкониятлар, кўл манзаралари акс этган материаллар тайёрланди. Биз меҳмон журналистлар касб байрамимиз арафасида Иссиқкўлнинг ҳайратланарли манзарасини ўзида акс эттирган сайлгоҳ “Рух Ўрда”ни сайр этиб мароқли хордик чиқаришимиз унитилмас воқеага айланди.


Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
Иссиқкўл, Қирғизистон
Хотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Улашиш