Наманганда янги шифокорлар иш бошлади

131

Айни пайтда Наманган вилояти тиббиёт муассасаларида шифокорлар етишмайди. Аниқроғи, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига 709 та врач ўрини бўш турганди. Куни кеча  мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳларини тамомлаётган  врачларнинг дастлабки гуруҳи  етиб келди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтини муваффақиятли тугаллаган йигит ва қизларни  тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиев кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров маросим қатнашчиларини олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлаганликлари билан қутлади. Шифокорлик ғоят масъулиятли ва шарафли касб эканлиги ҳақида тўхталиб, эл саломатлигини мустаҳкамлашдек хайрли ишга киришаётган ёш мутахассисларга омадлар тилади.

   Шундан сўнг бир гуруҳ шифокорларга олийгоҳнинг дипломлари тантанали вазиятда топширилди.

—  Бугун ҳаётимда ғоят унутилмас кун, — дейди Дилдора Икромова. – Наманган шаҳридаги 1-оила поликлиникасида хизмат фаолиятимни бошладим. Жамоа жуда илиқ кутуб олди. Энди аҳолига, айниқса болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун астойдил ҳаракат қиламан.

   Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, яқин кунларда Тошкент тиббиёт академияси ва Андижон давлат тиббиёт институти кўп сонли битирувчилари ҳам вилоятимиз тиббиёт масканларига ишга юборилади. Яъни, 145 нафар умумий амалиёт шифокори,  12 нафар магистр, клиник ординатурани тугатган 43 нафар мутахассис, 9 нафар стоматолог ва 40 нафар олий маълумотли ҳамширалар саломатлик посбонлари сафига қўшиладилар. Шу тариқа тизимдаги вакант ўринлар икки-уч йилда врачлар билан  тўлиқ қопланади.

Улашиш