Келажагини кўролмайдиган кимсалар

36

Ҳар қандай инсон ҳаётда яхши яшаш, ўзидан муносиб ном қолдиришга ҳаракат қилади ва шунга интилади. Аммо айрим кимсалар жамиятдаги ўзаро муносабатлардан фойда олиш ва манфаатдорликни кўзлайди. Бу эса уларни коррупция аталмиш иллат сари етаклайди. Унинг гирдобига тушганлар эса ҳузур-ҳаловатидан, оромидан айрилади, оиласидан айро яшашга маҳкум этилади. Алал оқибат, йиллар давомида тўпланган ҳурмат-эътибор йўқолади…

Наманган вилоят давлат солиқ бошқармасида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган семинар-йиғилиши бугунги куннинг долзарб масаласига айланган коррупцияга қарши курашишга бағишланди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Хамидов, катта инспектори Илҳомжон Исоқовлар коррупция жамиятда носоғлом муҳитни, салбий иллатларни юзага келтириши, ижтимоий адолатга раҳна солиб, фуқароларда давлат органларига ишончсизлик кайфияти кучайишига олиб келиши, шунингдек, жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиши, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштириши, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келишини таъкидладилар.

— Коррупция — бу жамият тараққиётига раҳна солувчи иллатларнинг энг хавфлиси ҳисобланади, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳайрулло ОМАНБАЕВ. – Мазкур семинарни ташкил этишдан мақсад, тизимда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимни яна бир бор огоҳликка чақириш, уларни жиноятга жазо муқаррарлигидан хабардор этиш ҳамда оиласи даврасида тинч ва хотиржам яшашларини таъминлашдан иборат.

Таъкидланганидек, фойда илинжида белгиланган қонун-қоидани четлашга уринган, коррупцияга “қўл берганлар” ўз келажагини кўролмайдиган ва қуролмайдиган кимсалардир.

Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш, айниқса, иқтисодиёт қон томири бўлган солиқ соҳасида янада муҳимлиги, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, халқ билан мулоқот ҳар бир солиқ ходимининг кундалик фаолиятини асосий мезонига айланиши лозимлиги уқтирилди. Шунингдек, муҳокама қилинган масалалар бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда амалга оширилиши лозим бўлган визифалар белгилаб олинди.

Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

Улашиш