«Соғлом аёл ойлиги» бошланди

57

   Маълумки, жорий йил 11 мартда “Фуқароларнинг  репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида” қонун  қабул қилинган. Унда репродуктив саломатликни муҳофазалаш, оилада соғлом фарзандларни дунёга келтириш ва камолга етказиш борасидаги эзгу қадриятларни эъзозлаш,  бу борада кўрсатилаётган тиббий хизматни халқаро андозалар даражасига олиб чиқиш билан боғлиқ муҳим вазифаларни хал  этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

   Шу боис ҳам мазкур йўналишдаги хайрли саъй-ҳаракатларни омма ўртасида кенг тарғибот ва ташвиқот қилиш, аҳоли саломатлиги, оналик ва болалик тиббий-ижтимоий муҳофазаси йўлида олиб борилаётган  ишларга  жамоатчилик эътиборини кучайтириш мақсадида Республика аҳоли репродуктив маркази томонидан “Соғлом аёл ойлиги” тадбири ўтказилмоқда.

   Бугун Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада “Соғлом аёл ойлиги”ни ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилиш ташкил этилди. Унга  оналик ва болалик муҳофазасига даҳлдор муассасалар вакиллари таклиф этилди.

     Анжуманни Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Дилмурод Исмоилов олиб борди. Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази дермотовенерологи Димитрий Киряков ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедовалар тиббий-ижтимоий тадбирни амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар ҳақида чиқиш  қилишди.

—  Туманимизда  58 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёл истиқомат қилади. Уларнинг барчасини, шунингдек, 5 минг нафарга яқин ўсмир қизларимизни ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказамиз, — дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Дилмурод Исмоилов.

    Анжуман давомида “Соғлом аёл ойлиги”ни муваффақиятли амалга ошириш юзасидан атрофлича фикрлашиб олинди. Мутахассислар қатнашчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар беришди. Тиббий тадбир 6 июлга қадар давом этади.

                                                                                                      Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш