Ҳар бир болага меҳр ва эътибор

77

  Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар ходимлари ҳам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам тадбирларида фаол иштирок этдилар. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, бу масканда тарбияланаётган келажагимиз ворисларини қутлуғ сана билан муборакбод этди. Уларга чуқур билим олиб, соғ-саломат улғайиб, ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишларида омадлар тилади.

   Меҳмон бир гуруҳ болалар билан дилдан суҳбат қурди. Уларнинг саволларига жавоблар қайтарди. Халқаро сана муносабати билан ўз туҳфаларини топширди. Совға-саломларнинг аксарияти бадиий китоблардан иборат эди.

  Сенатор шу куни вилоят психофизик ривожланиши бузилган болаларга ихтисослаштирилган болалар уйида ҳам бўлди. Муассасада яратилган шароитлар, ўзгалар парваришига муҳтож кичкинтойларнинг муаммолари билан қизиқди. Ташриф ниҳоясида муассаса жамоасига байрам совғаларини тантанали равишда топширди.

      Байрам тадбирлари  “Чортоқ” болалар сиҳатгоҳида ҳам тантанали равишда нишонланди. “Бешкапа” болалар ревматология шифохонасида бўлиб ўтган шодиёна эса кўпчиликнинг ёдида қолди. Вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ва вилоят эндокринология диспансери вакиллари томонидан тақдим қилинган совғалар барчани мамнун этди.

Ушбу байрам вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам зўр уюшқоқлик билан ўтказилди. Аввало, марказнинг ҳар бир бўлими байрам кайфиятини акс эттирилган паннолар, турли безаклар билан жиҳозланди.  Эрталабдан қабулхонага ташриф буюрган  ҳар бир болага кайфиятини кўтариш учун бир донадан  шар тақдим этилди.

Биз шифохонага кириб борганимизда марказнинг кардиология бўлимида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам тадбири эндигина  бошланаётган  экан. Бу ерга шифохона билан доимий ҳамкорликда фаолият юритаётган “Пол Фарма” фармацевтика кампаниясининг Урсула Маматова раҳбарлигидаги вакиллари ўз совғалари билан ташриф буюришди.

Улар бу ерда “Тоза қўллар” акциясини ўтказишди. Тадбирда дастлаб кардиолог-ревматолог врач-педиатр  Иброҳим Абдуллаев сўзга чиқиб касалликларнинг олдини олишда қўл ювишнинг аҳамияти тўғрисида тушунча берди. Микроблар қўл орқали қандай қилиб организмга тушиб қолиши бўйича савол-жавоб ўтказди. Катта ёшли болалар бу борада анчагина тушунчага эга эканликларини галма галдан  айтиб беришди.

 “Қўл ювиш акцияси” болалар иштирокидаги байрам концертига улаб кетди. Бунда даврага чиқиб шеър ёки қўшиқ айтиб берган ҳар бир иштирокчига ҳомий кампания томонидан ажратилган совғалар улашилди. Ҳомийлар ва байрам ташкилотчилари бўлимлардаги палаталарда ётиб даволанаётган бемор болаларга аталган совғаларни улашиб  байрам билан табрикладилар.

— Марказимизда 383 нафар бола даволаняпти,- дейди биз билан суҳбатда бош шифокор Абдумалик Раҳмонов,- уларнинг ҳар бири алоҳида эътибор ва меҳр оғушида ардоқланяпти. Бугунги байрам муносабати билан алоҳида тадбирларни ташкил этишни режалаштирдик. Уларга Нилуфар Шамсуддинова, Абдусаттор Обидов, Манзура Ҳожиматова, Мусохон Обидов каби тажрибали врачларни бириктириб қўйганмиз.Улар куни давомида бириктирилган ҳомийлар иштирокида байрам тадбирларини ўтказишяпти. Ёши ва билим даражасига мос келадиган викторина, савол-жавоб кечалари кичкинтойларда ёрқин таассуротлар қолдирмоқда.

Улашиш