Наманганда янги инновацион ўқув муассаса фаолият бошлади

292

Янги инновацион ғояларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги Наманган шаҳар ўқув-спорт клуби фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши, Наманган вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, мудофаа, ички ишлар бошқармалари раҳбарияти, Миллий гвардия ва ҳарбий қисмлар аскарлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона ва Андижон вилояти кенгаши раислари ҳамда ходимлари, ёшлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этишди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг маънавий ва жисмоний камолоти йўлида яратилаётган кенг имкониятлар, уларни соғлом турмуш тарзи ва ватанпарварлик тамойиллари асосида тарбиялаш, бу борада адабиёт, санъат, спорт каби оммавий воситалардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Инновацион технологиялар жорий этилган мазкур ўқув-спорт клуби ҳарбий ватанпарварлик тарбияси билан бирга Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни ўз ичига олган, – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари М.Умаров. – Муассасада ёшларни интеллектуал ва жисмонан камол топтириш, уларнинг қизиқишларини ошириш ва бу борадаги қобилиятини ривожлантириш учун барча шароит яратилган.

Ушбу ўқув-спорт клуби давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ барпо этилди. 

Клуб мажмуаси 17 та назарий ўқув хонаси, янги 2 та лаборатория – амалий ўқув машғулотлари хонаси, 1 та маънавият ва маърифат хонаси, ўқув машқ майдони (автодром), автомобилларни сақлаш учун усти ёпиқ жой (навес), автомобилларни ювиш жойи (автомойка), техник назорат маскани, ишчи – хизматчилар ва ҳайдовчиликка таҳсил олувчи ўқувчиларни маданий дам олишлари учун ташкилот худудида рангли фаввора ва бошқа кўплаб зарур техник-хўжалик иншоотларини ўз ичига олган. Ҳар бири 25 нафар ўқувчига мўлжалланган ўқув хоналари инновацион ғоя ва технологиялар асосида жиҳозланган. Сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари, 50 дюмли “Artel” телевизорлари ва “Smart Board M-600” интерактив анимацион доскаси, интерактив доскалар, “Ласетти” автомобили ва “UzOtayul” автобусининг ҳаракатланувчи қирқимли модели,   светофорлар ва аҳоли яшайдиган ҳудуд макетлари, иккита замонавий автотренажёрлар, назарий ва амалий машғулотлар уйғунликда олиб борилишини таъминлайди. Ўқув хоналари, хусусан, якуний имтиҳон олиш хонасига ўрнатилган аудио-видео кузатув қурилмалари ўзаро жамоатчилик назорати тамойили сифатида ўқув жараёни шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Барча ўқув-амалий машғулот хоналаридаги йўл ҳаракати хавфсизлигига оид йўл белгилари, панно ва бошқа кўргазмали воситалар электрон тизимда ишлайди. Енгил ва юк автомобилларининг ички механизмлари, қирқилган макетлари ҳар бир деталнинг тузилиши ва вазифаси ҳақида ўқувчининг тўлиқ тасаввур асосида билими ва тажрибасини бойитишга хизмат қилади. 3,5х5,5 метр ўлчамдаги кўчма шаҳарча макети умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлашда қўл келади.

– Ўқув хоналарини жиҳозлашда ўқитувчилар, ўргатувчи уста (инструктор)лар ўртасида ўзига хос танлов эълон қилинди, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси А.Алаходжаев. – Бу ҳар бир ўқитувчининг ўқув хонасини ўзи мароқ билан ишлайдиган, ўқувчи иштиёқ билан билим оладиган хонага айлантириши учун илмий, амалий, ижодий ёндашув билан жиҳозлашга туртки бўлди. 

Клуб ҳовлиси марказида барпо этилган рангли фаввора муассаса ҳудудида мусаффо микроиқлим ҳосил қилишда, ходимлар ва ўқувчиларнинг эстетик тарбиясида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Тантанали тадбирдан сўнг иштирокчилар Наманган шаҳар ўқув-спорт клубида яратилган шароитлар билан танишишди.

Тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув спорт клублари жамоаларининг мотоспорт, картинг, авиамодель, ракетамодель, кемамодель, пневматик қуролдан ўқ отиш, триатлон, радиоспорт, парашют спорт каби спортнинг техник ва амалий турлари, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар санъат турлари бўйича кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Ўқув-спорт клубининг очилиши “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб, Наманган Ёшлар марказида “Ёшларнинг ҳарбий ватанпарварлик тарбияси” номли китоб тақдимоти, “Баркамол авлод” ёшлар спорт мажмуасида ўтказилган “Биз ватанпарварлармиз!” шиори остидаги ҳарбий ватанпарварлик ва спорт фестивалига уланиб кетди.

Тадбир доирасида, 2-жаҳон уруши қатнашчилари Абдусалом ота Раҳмонов ва Сайфиддин ота Нуриддиновларга, шунингдек, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган 23 нафар наманганлик ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ходимлари ёдга олиниб, уларнинг оила аъзоларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Манба:kun.uz

Улашиш