Озарбайжонлик бизнесмен Наманганда нима билан машғул бўлди?

50
фото:Shohruh Kenjayev

Наманган Ёшлар марказида озарбайжонлик таниқли бизнесмен ҳамда “International Business School” университети ректори Баҳром Қурбонов иштирокида тадбиркорлик соҳасига қизиқувчи ёшлар учун “Ҳаётда ва бизнесда лидерлик бошқаруви” мавзусида маҳорат дарси ўтказилди.
Баҳром Қурбонов менежмент соҳасида етакчи мутахассис ва маслаҳатчи, “GRBS Global” масъулияти чекланган жамияти, “BQ Corporation” ёпиқ акционерлик жамияти ҳамда “International Business School” университети асосчиси. Турли соҳаларда бизнесни бошқарадиган шахс. У минтақада халқаро таълим сертификатларини жорий этиш борасида эришган натижалари билан ҳам эътироф этилган.
Дунёнинг кўплаб давлатларида катта аудиторияларда менежмент, инсон ресурслари, сотиш ва савдо, лойиҳани бошқариш, қизиқиш психологияси каби шахсни муваффақиятга элтувчи омиллар мавзусида тренинг ва маҳорат дарслари ўтказиб келади. Баҳром Қурбонов бошқараётган ва бизнес, таълим, туризм йўналишларида дунёнинг кўплаб халқаро ташкилот ва уюшмалари аккредитация қилган “GRBS Global” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда 500 дан зиёд курсларни таклиф этади. “GRBS Global”нинг Марказий Осиё филиали 2018 йилда мамлакатимизда ҳам ўз фаолиятини муваффақиятли бошлади.
Икки кун давом этган маҳорат дарсларида Баҳром Қурбонов “Вақт менежменти”, “Stress Management”, “Professional menedjer”, “Смарт маҳсулотлар савдоси, маркетинг ва сотиш”, “Лойиҳани бошқариш” “Натижалар учун музокаралар”, “Алоқа стратегиялари”, “Муаммони ҳал қилиш” ва “Қарорлар қабул қилиш” сингари мавзуларда амалий ва назарий машғулотлар ўтди.Унинг тадбиркорлик фаолиятида атрофдагилар ва ҳамкорлар билан билан мулоқот қилиш, бизнесга замонавий ёндашув, қийин вазиятларни енгиб ўтиш ҳамда шахсий ва касбий ривожланишнинг кўплаб омиллари бўйича ҳаётий тажрибалари асосидаги маърузалари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
– Учрашув ёшларда тадбиркорликка қизиқиш уйғотиш, бизнес ва ҳаётда бошқарув кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби Ш.Кенжаев. – Маҳорат дарсларига вилоятнинг шаҳар ва туманларидан юзга яқин фаол ва иқтидорли ёшлар жалб этилди.

Акромжон Сатторов, ЎзА

Улашиш