Наманганда «Ҳамшира-2019» республика кўрик-танловининг вилоят ғолиби аниқланди

236
Абдулла ҒОЗИЕВ

Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да  “Ҳамшира-2019” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда Наманган шаҳри ва туманлар тиббиёт бирлашмалари тизимида ҳамда вилоят-даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилган саралаш босқичларида ғолиб чиққан 14 нафар ўрта тиббиёт ходими ўзаро беллашди.

Бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида 27 минг нафардан зиёд ҳамшира хизмат қилмоқда. Улар орасида ўз касбининг ҳақиқий фидойисига айланган саломатлик посбонлари кўпчиликни ташкил этади. Соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар самарадорлигига эришиш учун жонбозлик кўрсатаётган фаоллар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Дарҳақиқат, бугунги ҳамшира замонавий тиббий аппаратлар сир-асрорларини мукаммал эгаллаши, касбий маҳорати, одоби ва қобилияти билан ҳамкасбларига намуна бўлмоғи лозим.

Абдулла ҒОЗИЕВ

      Жорий йил вилоят босқичида саҳнада саф тортганлар билан танишинг: Ирода Аҳмадалиева – Поп ТТБ шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси, Сардора Тўланбоева – Наманган ТТБ тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси,  Севара Шарафитдинова – Мингбулоқ ТТБ ренимация бўлими ҳамшираси, Дилафруз Паттоева – Янгиқўрғон ТТБ шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси, Дилноза Собирова – Чортоқ ТТБ кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси,  Мадина Ғаниева – Норин ТТБ тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси, Моҳигул Илёсова – Уйчи ТТБга қарашли 33-оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси, Шоҳсанам Олтинбоева – Чуст ТТБ шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси, Муниса Ўсарбоева – Тўрақўрғон ТТБ шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси, Муяссар Муродова – Косонсой ТТБ туғруқ комплекси ҳамшираси, Дилбархон Абдусаломова – Наманган ШТБ кардиология бўлими ҳамшираси, Дилрабо Султонова – РШТЁИМ Наманган филиали қон томир жарроҳлиги бўлими ҳамшираси, Нозима Валихонова – вилоят перинатал маркази чақалоқлар бўлими ҳамшираси, Севара Маҳаматова – 2-сил касалликлари шифохонаси фтизиоортопедия бўлими ҳамшираси.

Кўрик-танловнинг очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги раҳбари Алишер Инақов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар юртимизда Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасини изчил ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар баробарида юзага келаётган буюк ўзгаришлар ҳақида гапириб, бу жараёнда ҳамширалик хизматининг ўрни беқиёслигини таъкидладилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ

Шундан сўнг муросасиз баҳслар бошланди. Маълумки, кўрик-танлов  бешта шарт бўйича ўтказилмоқда. Биринчи шарт  “Ҳамшира ташрифи”  деб номланган. Унда ҳар бир қатнашчи ўзи, касби, оиласи, яшаётган ҳудудиди ва хизмат қилаётган тиббиёт муассасида ислоҳотлар боис юзага келаётган ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида шърий тарзда ҳикоя қилди. Бадиий чиқишларда  жонажон ватанимиз тараннум этилди.

2-шарт – “Тиббиёт соҳасига оид амалий билимлар кўриги”  Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида  кечди. Қатнашчилар шифохонага мурожаат қилган беморларни қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва шифокор буюрган тиббий муолажаларни дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида муайян бемор устида бажардилар. Кейинги шарт эса “Тиббиёт соҳасига доир назарий билимилар бўйича беллашув” деб номланди ва Наманган тиббиёт коллежининг махсус жиҳозланган аудиторияларида давом эттирилди. Таълим масканининг тажрибали ўқитувчилари ҳамшираларнинг назарий билимларини объектив тизимлашган клиник имтиҳон усулида синаб кўрдилар. Бу шартда қатнашчиларнинг амалий кўникмаларни ўзлаштириши, касбий маҳорат ва клиник фикрлаш даражаси баҳоланди.

“Ижтимоий-сиёсий билимларга доир беллашув” 4-шартга мувофиқ олиб борилди. ”Ёшлар маркази” саҳнасида, кўп сонли томошабинлар кўз ўнгида  кечган баҳсда ҳар бир иштирокчининг билимдонлиги синовдан ўтди.  Охирги шарт-”Тиббий билимларга  оид тезкор савол-жавоблар” чоғида  эса кимнинг нимага қодирлиги намоён бўлди. Мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш  тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларни амалга оширишда ҳамширанинг ўрни ва вазифаларига бағишланган саволларга саноқли дақиқаларда жавоб берилиши лозим эди.

Ҳакамлар ҳайъати якуний натижани эълон қилганида залда олқишлар янгради.  Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Дилафруз Паттоева ҳаммадан кўп балл тўплаб, кўрик-танлов вилоят босқичининг ғолиби бўлди. 2-вилоят сил касалликлдари шифохонаси ҳамшираси Севара Маҳаматова иккинчи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ҳамшираси Дилрабо Султонова эса учинчи ўринни эгаллади.

Абдулла ҒОЗИЕВ

—  Зиммамга юксак масъулият юкланганлигини чуқур ҳис этиб турибман. Пухта ҳозирлик кўриб, республика босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқчиман,-дейди Дилафруз Паттоева.

Турли номинациялар соҳиблари, кўрик-танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев ва  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар диплом ҳамда эсдалик совғаларини тантанали равишда эгаларига топширдилар.                                                                         

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш