СИЗ ҚАЙСИ КИТОБНИ ЎҚИДИНГИЗ?

172

Бу дунёда инсон учун китобдан яхшироқ дўст йўқдир. Китоб –ахборотларни, ғоя ва билимларни сақлаш ва тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситасидир. Инсон ҳар куни китобни ўқийди, кўради ёки учратади. Ҳозирда барча ахборот воситаларида,  телевизор ва радиоларда кўпинча китоб ҳақида эшитиб қоламиз. Хақиқатдан ҳам маънавиятимизни юксалтирувчи,  яхшиликка чорловчи беқиёс куч – бу  китобдир. Лекин ёшлар бундан қанчалик фойдаланишмоқда?  Улар китоб ўқишяптими ўзи?  Бу бўйича яиқинда ижтимоий сўров ўтказдик. Ўқувчилардан қанчалик китоб ўқишларини сўрадик. Уларга «Сўнгги 3ой ичида китоб ўқидингизми?» — дея савол бердик. 36% ўқувчилардан «ҳa, ўқидим»  деган жавобни олдик.  Қолган 64%и эса ўқимаганликларини таъкидлашди. Улардан бунинг сабабини сўрасак, вақтлари йўқлигини баҳона қилишди. Кейинги саволимиз эса қизиқроқ. «Сизга ўзбек адабиётлари кўпроқ ёқадими ёки жаҳон адабиётлари» деган саволимизга 33% ўқувчи ўзбек адабиёти дейишса, қолган 67%и жаҳон адабиёти хуш ёқишини айтдилар. Сўнгги саволимиз эса энг қизиқ ва замонавий сўровлар туркумидан. «Сизга қай бири қулайроқ? Ҳақиқий босма китобми ёки электрон вариантдагиси?» Атиги 27% ўқувчиларга ҳақиқий китобни ўқиш маъқулроқ экан. Қолганлари электрон китобларни ўқишни афзал кўришлари маълум бўлди. Натижалар шуни кўрсатдики, халқимиз, айниқса ёшларимиз сўнгги йилларда билим манбаидан йироқлашишмоқда. Беминнат ёрдамчи ва дўстга айланиб қолган китоб ҳаётимизни секин — аста тарк этмоқда. Бунинг сабаби эса замонавийлашув,  яъни китобнинг ўрнини эгаллаётган техника-технологиялар. Телефон, компьютерлар шулар жумласидан.  Ўзбек адабиётининг ёрқин намуналари бўлмиш «Ўткан кунлар»,  «Меҳробдан чаён»,  «Кеча ва кундуз»  каби асарлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Авваллари ўғил болалар Отабек ёхуд Мирзо Анвардек бўлишни, қизлар эса ўзбек қизларининг тимсоли бўлган Кумуш, Раънолардек бўлишни орзу қилганлар. Ҳозирчи? Ҳозирги йигитлар сериаллардаги соч-соқоли ўсган, ўзига ярашмаган, ғалати кийимларни эгнига кийиб олган  олифта  йигитларга ўхшаб,  уларга тақлид қиладими?  Ёки ўзбек миллатига мансуб қизлар эртаклардаги ҳуру-парилар қолиб, бутун тана аъзоларини ўзгартириб юборган машҳур юлдузларга ўхшасинми?  Саволларнинг чеки-чегараси йўқ.  Уларга ким жавоб беради? Агар ёшларимиз китоб мутолааси билан машғул бўлганида бундай ҳолатлар рўй бермасди. Зеро барча саволларнинг жавоби  китобдир. Уни ўқиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Бежизга муборак ҳадиси шарифда: «Бешикдан то қабргача илм изла» деб айтилмаган.

Отабек ТУРСУНОВ.

Улашиш