“Наманган” ва “Инчхон” эркин иқтисодий зоналар ҳамкорлиги йўлга қўйилади

60

Жанубий Корея Республикасининг “Инчхон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Ким Жин Ёнг бошчилигидаги ишбилармонлар вакиллари Наманганда бўлди.
Меҳмонларни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабул қилди.Учрашувда шунингдек, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят давлат солиқ, божхона, иқтисодиёт ва саноат, савдо-саноат палатаси, инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари, “Наманган” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори, Тўрақўрғон, Чуст тумани ҳокимларининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга кенгайиб бораётгани, янги лойиҳалар, хусусан, “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ва “Инчхон” эркин иқтисодий зонаси ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

photo5314288646410578522.jpg

Юқоридаги эркин иқтисодий зоналар фаолияти, мақсад ва вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берувчи видеолавҳалар воситасида томонлар ўзаро тақдимот ўтказди.
Учрашувда таъкидландики, вилоятда ташкил этилган “Косонсой-Фарм” ва “Наманган” эркин иқтисодий зоналари ҳамда 6 та кичик саноат зонасида хорижий сармояларни киритиш учун барча имкониятлар яратилган. Жумладан, Чуст туманида 681 гектар майдонда жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонада умумий қиймати 234 миллион долларлик 12 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Замонавий ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, чуқур қайта ишлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал, чарм-галантерея, озиқ-овқат, электротехника, машинасозлик, автомобилсозлик, қурилиш индустрияси йўналишларида ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, замонавий инфратузилма ва логистика хизматларини йўлга қўйиш, маҳаллий хом ашёлардан юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мазкур эркин иқтисодий зонанинг асосий мақсад ва вазифасидир. 

– 2016 йилда вилоят ҳокими бошчилигида наманганлик ишбилармонларнинг Кореяга ташрифи чоғида Инчхон ва Наманган ҳамкорлиги тўғрисида меморандум имзоланган эди, – деди Kim Jin Yong. – Бизнинг бугунги ташрифимиздан мақсад ана шу ҳужжат асосида амалий ҳамкорлик ишларини бошлашдир. Ҳозирча қайси йўналишда сармоя киритиш тўғрисида гапириш эрта, буни биз “Наманган” эркин иқтисодий зонаси билан яқиндан танишгач аниқлаймиз. “Наманган” ва “Инчхон” эркин иқтисодий зоналари ҳамкорлигида икки томонлама манфаатли лойиҳалар амалга оширилади.
Меҳмонлар Наманганнинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, янги барпо этилаётган “Афсоналар боғи”, “Наманган” эркин иқтисодий зонасида яратилган шароит ва имкониятлар билан таништирилди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА.

Улашиш