Ақлий заифлик боиси

59

Мактаб ўқувчилари орасида учрайдиган таълим жараёнидаги ўзлаштиришнинг етарли эмаслиги, идрок этиш қобилиятининг пастлиги одатда йод етишмаслиги  оқибатида келиб чиқадиган хасталиклар билан бевосита боғлиқдир. Бунинг асосий сабаби биз яшаб турган ҳудуднинг денгиздан узоқлиги, тоғлиқ ҳудудларга яқинлиги ва табиий шароитда йод моддаси танқис бўлган эндемик ҳудуддан иборат эканлигидир. Биз истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларида йод моддаси етишмаслиги оқибатида  организмимиздаги қалқонсимон безлар меъёрида ишлай олмайди ва тез толиқади, табиий ҳаётий фаоллиги сусаяди, полиемилит, кретинизм, ақлий заифлик, эндемик буқоқ каби йод танқислиги касалликлари юзага келади. Бу аҳоли ўртасида кенг тарқалган ноинфекцион касалликлардан биридир.

Вилоят эндокринология диспансери шифокорларининг Наманган туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳузурида ўтказган  давра суҳбати ана шу мавзуда бўлди. Унда диспансернинг олий тоифали эндокринолог врачи Мусохон Ҳамидов ҳамда шифокорлардан Зарифа Қўлдошева, Наима Абдуманноповалар йод етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган муаммолар тўғрисида тўхталдилар.

— Ҳозир   жаҳоннинг 2 миллард нафардан зиёд  аҳолиси йод етишмайдиган ҳудудларда истиқомат қилади ва 43 миллион нафарга яқин киши ақлий заифликдан азоб чекмоқда, — деди  Мусохон Ҳамидов. – Уларнинг аксариятини болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёллар ташкил этади. Қалқонсимон без меъёрида ишласа биринчи навбатда организмдаги оқсил ишлаб чиқариш вазифасини қийналмасдан адо этади, ҳомиланинг мияси тез ривожланади ва ўсиш жараёни тезлашади, ақлий қобилиятида эса сифат ўзгаришлари кузатилади.

— Биз йод танқислиги билан боғлиқ хасталикларнинг олдини олиш учун организмнинг йодга бўлган эҳтижини қондириш устида иш олиб боришимиз зарур. 7-12 ёшдаги ўсмирлар бир кеча-кундузда 120 мкг йод истеъмол қилиши зарур.  12 ёшдан катта ёшдаги ўспиринлар ҳамда ҳомиладор ва эмизкли боласи бор аёллар истеъмол қилиши зарур бўлган йод миқдори 200 мкгдан кам бўлмаслиги шарт. Аммо бизнинг табиий шароитимизда бунинг уддасидан чиқиш қийин. Шунинг учун давлат миқёсида керакли чора-тадбирлар белгиланган. Энг қулай усул — аҳоли истеъмол қиладиган ош тузини йодлаш тадбирини амалга оширишдир. Афсуски, айрим тадбиркорлар етарли даражада ишлов берилган ва йодланган ош тузини етказиб беришга эътибор қаратмаяптилар. Истеъмолчилар эса сотиб олаётган ош тузининг ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги ёрлиқларга эътибор қаратишлари керак. Муддати ўтган, керакли даражада сифат сертификатига эга бўлмаган ош тузини харид қилмасликлари зарур. Шунингдек, йодланган ош тузини сақлаш ҳам  алоҳида малака талаб қилади. Қуёш нурида қолган ош тузи таркибидаги йод моддаси тез парчаланиб кетади. Буни қоронғи идишда, мустаҳкам қутилардагина сақлаш керак.

Тадбир якунида шифокорлар  мактаб ўқувчиларини тиббий текширувдан ўтказишди. Қалқонсимон безида ўзгариш сезилган болаларга таркибида йод моддасини сақлайдиган препаратларни ичиб туришни тавсия этишди.

М. Акмалов.

Улашиш