Косонсойнинг сувлари солланиб оқоди…

376

Ёш истеъдодли хонанда Олима ТОЖИБОЕВАнинг ижодий интилишлари хусусида

 Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, айниқса, истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани туфайли  барча соҳаларда янги истеъдод соҳиблари юзага чиқмоқда. Хусусан адабиёт-санъат соҳасида янги бир тўлқинлар пайдо бўлдики, маънавий меросларимиз янгича умидлар шижоатидан сайқалланмоқда.

Ана шундай талантли ёшлардан бири косонсойлик умидли хонанда ва созанда Олима Тожибоевадир.

Бундан икки йил аввал уни илк бор вилоят Ёшлар марказида учратгандим. Ўшанда у дуторчи қиз сифатида кўпчиликнинг назарига тушганди.  Олиманинг дуторда чалган  «Гулноз», «Оввора», «Шўх сабо» куйларининг завқини  анчагача унутолмагандик.

Кейинроқ ушоққина жуссали бу қиз вилоят миқёсидаги Наврўз, Мустақиллик байрами сайилларида, «Ягонасан, муқаддас Ватан», «Камалак юлдузлари», «Юксак маънавиятли авлод» кўрик- танлов ва фестивал ғолиблари сафида бўй берди. Лекин энди Олимани созанда сифатида эмас, ўзига хос ширали овоз  билан дилором қўшиқлар ижрочиси  — хонанда  сифатида  кўраётганимиздан ҳайратда эдик.

Созандаларнинг, хонандаларнинг аксарияти яхши, айниқса ёшлар орасидан  кўзга ташаланаётган қўшиқ ижрочиларининг эътибор тортадиган оханрабоси  чандонки, уларни фақат олқишлагинг келади.

Ўтган йили бир гуруҳ ижодкорлар  одатдагидек тўпланишиб,  Ўзбекистон телевидениесининг «Наво» канали орқали эфирга узатиладиган «Сеҳрли созлар» кўрсатувини томоша қилаётсак, кўрсатув бошловчиси  Фарҳод Саидов наманганлик истеъдодлилар гулғунчаси Олима Тожибоева ҳақида гапириб қолса бўладими. Қувончимиз чандон бўлди. Олиманинг серқирра истеъдоди ҳақида  телевидение орқали маълумотга эга бўлдик.

Косонсой туманидаги  3-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида «Анъанавий хонандалик» йўналиши бўйича сабоқ олаётган  14 ёшли қизалоқнинг куйлари ҳам, қўшиқлари ҳам оромижон эди.

Кўп ўтмай «Art Way» ёшлар театр студияси томонидан Республика ва халқаро лауреатлар иштирокида ўтказилган «Истеъдодли юлдузлар» фестивалида вилоятимиздан Олима Тожибоева  қатнашаётгани ҳақида хабар топдик.

Шундан сўнг Олимахон ҳақида  мақола тайёрлаш нияти билан  у ҳақида астойдил суриштира бошладик. Муҳиддин Қори Ёқубов номли Республика кўрик-танловида «Анъанавий хонандалик» йўналиши бўйича «Умид» соврини соҳиби бўлган, олдинроқ Озарбайжон  пойтахти Бокуда бўлиб ўтган Халқаро 8-Болалар «Муғом» танловида алоҳида эътироф қозонган Олима Тожибоева Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят  кенгашида «Истеъдодли ёшлар» сардори ҳам экан.

Яна бир гал уни «Тил билимдонлари» беллашуви ғолиблари  сафида кўриб ҳайратлангандик. Олимани серқирра истеъдод соҳибаси деб эътироф этилиши ҳам бежиз эмас экан. «Наманган» нашриётида чоп этилган «Диёримни куйлайман» номли китобдаги шеърларида унинг орзу тўла қалбини, келажагининг нурли лаҳзаларини кўргандай бўлдик.

Косонсойда, Ширинбулоқ маҳалласида уни туғма талантли,  нодир қобилият эгаси сифатида эъзозлайдилар, қувонадилар, олқишлайдилар, дуолар қилишади.

Бу шунчаки умидворлик илинжидан эмас, Олиманинг ҳозиргача  қўлга киритган  бир талай ютуқлари борки, уни Халқаро ва республика, вилоят ва туман миқёсидаги байрам фестиваллардаги иштироки учун, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, вилоят ҳокимлиги томонидан  тақдирланган диплом, ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар ҳам тасдиқлайди.

Олиманинг куй ижросида ҳам, қўшиқ ижрочилигида ҳам  фақат ўзигагина хос, эътирофга муносиб жиҳатлари бор. У замонасизликдан йироқ, мумтоз оҳангларга майли хўброқлигиданки. Яллавор тароналарда ҳам дарчил нуқраларга ошно этади.

-Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбар мутахассислари  Косонсойдаги 3- болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларидан иборат гуруҳ тузиш ва уларни вилоят  шаҳар ва туманлари бўйлаб концерт тақдимотларини ўтказиш таклифини бежизга беришмаган, -дейди Косонсой туман маданият бўлими раҳбари Ҳурматой Қудратова. – Айнан Олимахон Тожибоева қизимизнинг нафасида инсонни ҳис қилиш, Ватан меҳрини, бағрикенг ва бунёдкор халқимизнинг  орзу умидларини юрагидан ўтказа билиш қобилияти борлиги ҳам кўплаб таниқли устоз санъаткорларимиз томонидан эътироф этилмоқда.

Косонсойнинг сувлари солланиб оқоди, 
Кокилларимдек ҳарён товланиб оқоди…

Олимахон қўшиқ куйламоқда, унинг қалб садолари озод юрт кишиларининг,  зебо Наманган манзаралари ва  Косонсойнинг зилол-зилол, тошқин-тошқин ҳаётбахш таровати янглиғ дилларга  сингмоқда.

Истеъдод сўзини кўпинча биргина йўналишдаги  интилиш деб тушунувчиларга айтгимиз келади. Истеъдод аслан серқирра, уни олмосга ўхшатилиши шундан. Умидли қаламкаш, ширали овоз соҳиби, дуторчи-созанда, тил билимдони Олима Тожибоева фикримизга ёрқин мисол.

Биз сенга ишонамиз. Келажагинг порлоқ бўлсин, Олима!

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Санжарбек ҲАМИДОВ.

P.S: Яқингинада наманганлик ижодкорлар томонидан  Олима Тожибоева ижросидаги «Шалола» қўшиғига клип тайёрлаб тасвирга олинди. Бу ижод маҳсули  илло ҳаммага ҳам бирдек манзур бўлади деган умиддамиз.

Улашиш