Нега аёлларнинг скрининг текширувларидан ўтказиш қониқарли эмас?

92

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши видеоселектор тарзида ўтказилди. Ҳокимликларининг мажлислар залига шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, уларнинг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, қишлоқ оила поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари мудиралари, патронаж ҳамширалари таклиф этилди. Марказий студияда эса бошқарма масъул ходимлари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари йиғилдилар.

       Йиғилишни вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова олиб борди. Унинг таъкидлашича, вилоятда соғлом ва баркамол авлодни яратиш мақсадида амалга оширилаётган хайрли ишлар кўлами йил сайин кенгаймоқда. “Соғлом она-соғлом бола” эзгу ғоясини мужассам этган саъй-ҳаракатлар, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ижобий натижасини беряпти. Бироқ хали ечимини кутаётган муаммолар, хал этилиши лозим бўлган масалалар талагина.

      Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов томонидан тақдим  этилган таҳлилда мавжуд камчиликлар, айрим мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги туфайли юзага келаётган салбий ҳолатлар рўйи рост очиб ташланди. Наманган шаҳри ва қатор туман тиббиёт бирлашмалари тизимида туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар тиббий кўриги талаблар даражасида ташкил этилмаганлиги танқид қилинди. “Аёллар маслаҳатхоналари” ва “Қизлар саломатлиги марказлари” тўлақонли фаолият олиб бормаяпти. Ҳомиладор аёлларнинг скрининг текширувларидан ўтказиш ишлари ҳам қониқарли эмас. Патронаж хизматидаги ўзибўларчиликларга эса асло тоқат қилиб бўлмайди. Туғриқ комплексларидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўла барҳам топгани йўқ.

     Селектор йиғилишида Наманган шаҳар, Чуст, Учқўрғон, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой  туманлари тиббиёт бирлашмалари ва бошқа ҳудудий муассасалар раҳбарларидан , КТМП, ҚОП ва ҚВПлар мудирларидан қайд этилган нуқсонлар  ҳамда эътиборсизликлар учун изоҳ сўралди. Уларга ишни ўнглаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш учун муддат берилди.

     Келгусида  аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни янада юксалтириш, уйма-уй юриб кўрсатилаётган патронаж хизмати самарадорлигига эришиш, соҳада янги технологияларни изчил татбиқ этиш, “Электрон поликлиника” тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди.

Улашиш