Наманганда “Ҳамшира — 2019”нинг саралаш босқичи бўлиб ўтди

95

 Республикамизда аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб  этиш, ҳамшираларнинг билим даражаси ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш мақсадида ҳар йили анъанавий  ўрта тиббиёт ходилари кўрик-танлови ўтказиб келиняпти.

    Наманган шаҳридаги 2-тиббиёт коллежида вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг вакиллари  иштирокида “Ҳамшира — 2019”нинг  саралаш босқичи бўлиб ўтди.  Унда 13 нафар ҳамшира омадини синаб кўрди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий -амалий маркази Наманган филиалидан Олима Ҳабибуллаева, вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонасидан Гулбаҳор Валиева, вилоят силга қарши курашиш диспансеридан Ирода Раҳмоналиева, вилоят стоматология  поликлиникасидан Сожида Қаюмова, вилоят перенатал марказидан Нозима Валихонова, “Пахталикўл” сиҳатгоҳидан Моҳира Отабоева, вилоят юқумли касалликлар  шифохонасидан  Хуснида Акбаралиева, вилоят  болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан Нозима Акбарова, вилоят тери-таносил касалликлари диспансеридан Азиза Сайфиддинова, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан Шаҳло Эргашева, 2-вилоят сил касалликлари шифохонасидан  Севара Маҳаматова, вилоят онкология диспансеридан Гуласал  Абдусаломова, РШТЁИМ Наманган филиалидан Дилрабо Султоновалар  бешта шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

  Улар  ҳамшира ташрифи,  тиббиёт соҳасига доир амалий кўникма ва назарий билимлари синовида маҳорат ва қобилиятларини,  ижтимоий-сиёсий  соҳага оид тезкор саволларга жавоблар чоғида эса билимдонликларини намоён этишди.

  Саралаш босқичининг якунига  кўра 1-ўрин эса 2-вилоят сил касалликлари шифохонаси ҳамшираси Севара Маҳаматовага насиб этди. 2-ўринни РШТЁИМ Наманган филиали ҳамшираси Дилрабо Султонова ва 3-ўринни вилоят перенатал маркази ҳамшираси  Нозима Валихонова эгаллади.

—  Танлов мен учун имконият эшикларини очди, — дейди мамнуният билан  Севара. — Энди янада юксак масъулият  билан тайёрланиб, вилоят босқичида ҳам энг юқори натижага  эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

  Кўрик-танлов очиқ ва шаффоф ўтди. Ҳар бир  қатнашувчи жамоаларининг вакиллари ҳам ушбу жараённи кузатиб туришди.

  “Ҳамшира — 2019”нинг  саралаш босқичида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова иштирок этди.  

Манзура ЭРГАШЕВА

Улашиш