Янги қонун кучга кирди

746

Турмушнинг барча жабҳаларида кечаётган  изчил ислоҳотлар бераётган беқиёс самаралар юртдошларимизнинг порлоқ келажакка бўлган ишончларини тобора мустаҳкамлаб боряпти, десак асло муболаға эмас. Бу – айниқса, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида янада яққолроқ намоён бўлаётир. Бинобарин, халқимиз саломатлигини  мустаҳкамлаш имкониятларини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асослари яратилаётганлиги ҳам соҳа тараққиёти ва тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим омил бўлаётир.

      Матбуотда эълон қилинган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг  Қонуни  юртдошларимиз саломатлигини, уларнинг соғлом ва бахтиёр оила яратиш имкониятларини таъминлашга қаратилгандир.

      Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс-чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан ишлаб чиқилган. Ҳужжат  Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 15 февралда қабул қилинган ва Сенат томонидан 28 февралда маъқулланган эди.

       Қонуннинг мақсади — фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ҳужжатнинг 3-моддасида қайд этилганидек, фуқароларнинг репродуктив саломатлиги инсоннинг жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлиги ҳолати бўлиб, бу ҳолат унинг бола туғилишига қодирлигини белгилайдиган репродуктив тизими, ушбу тизимнинг функциялари, ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ бўлади.

      Яъни, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш: фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олишни; ҳомиладорликни сақлаб юришни ва боланинг асоратларсиз ҳамда нуқсонларсиз туғилишини таъминлайдиган, ҳомиладорлик, туғиш ва туғишдан кейинги даврдаги тадбирлар, муолажалар ҳамда хизматларни; репродуктив тизим касалликларининг олдини олишни ва уларни даволашни; жинсий йўл билан ўтадиган касалликларнинг олдини олишни ва уларни даволашни; эҳтимолдаги асоратларнинг ва репродуктив тизим функциялари бузилиши оқибатларининг олдини олишга кўмаклашган ҳолда ҳомиладорликни хавфсиз равишда сунъий тўхтатишни; контрацепция усуллари ва улардан фойдаланиш тўғрисида ахборот олишни назарда тутади.

     Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:  репродуктив муаммоларни ҳал қилишда инсонпарварлик; репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги; фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, шахсий ва оилавий сирнинг сақланиши; фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги тиббий хизматлардан фойдаланишни ва уларнинг сифатини таъминлаш; фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича хизматларнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажмини таъминлаш.

5-моддада  эса  фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Жумладан: фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш; фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш; фуқароларда соғлом фарзандлар туғилишига нисбатан онгли ва масъулиятли муносабатни тарбиялаш; эркаклар ва аёлларнинг ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишида уларнинг имкониятлари тенглигини таъминлайдиган шароитларни яратиш; фуқароларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш учун илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, замонавий услублар ва технологияларни жорий этиш; репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида фуқароларнинг тиббий билимларини ва тиббий маданиятини юксалтириш; фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш; фуқаролар ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши учун уларга тиббий-ижтимоий, шунингдек психологик ёрдам кўрсатиш.

     Янги қонун 24 моддадан иборат бўлиб, мазкур ҳужжат ота-оналарда соғлом болалар туғилиши учун жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш орқали онгли муносабатни шакллантиришга ва  аҳоли репродуктив саломатлинини қонунчилик даражасида мустаҳкамлашга кўмаклашиши шубҳасиздир.

                                            Солижон Мўминов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Улашиш