Наманганлик шифокорлар хорижда малака оширмоқда

138

Бугун тиббиётга оид  фан ва техника ютуқларини ўрганмаган, уларни фаолиятга татбиқ этмаган шифокорнинг келажагига умид қилиш қийин. Чунки, соҳа ҳар жиҳатдан жадал ривожланяпти. Янгидан-янги дори воситалари яратиляпти, даволаш-профилактика ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган янги технологиялар татбиқ этилмоқда.

     Наманган вилоятида ҳам тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва қайта ўқитиш орқали соғлиқни сақлаш борасидаги хорижий илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида урғу берилмоқда.  Белгиланган чора-тадбирларнинг изчил ижроси боис кўплаб мутахассислар тиббиёти энг  тараққий этган давлатларнинг машҳур клиника ва илмий марказларига юборилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида ўнлаб вакилларимиз Англия, Япония, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатларда малака ошириб қайтдилар.

    Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кўлами жорий йилда янада кенгаяётганлиги эътиборга моликдир. Ҳозирга қадар 38 нафар  саломатлик посбони Россия Федерациясига юборилди. Бинобарин, 13 нафар врачимиз март ойида  Челябинск шаҳридаги Жанубий Урал тиббиёт университети қошидаги дипломдан кейинги тайёргарлик кафедрасида билим ва маҳоратини оширишга муваффақ бўлди.

—  Россиянинг энг таниқли профессорлари, машҳур амалиётчилари машғулот олиб боришди. Вилоят клиник шифохонаси ва бошқа тиббиёт марказлари фаолиятини ўрганиш жараёнида жуда кўп янгиликлардан воқиф бўлдик, — дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси анестезиологи Абдусаттор Тўйчибоев.

       Бу чет элга жўнатилаётган шифокорлар гуруҳининг  дастлабкиси эди. Яқин орада яна бир катта гуруҳ жаҳоннинг қатор давлатлари сари йўл олишади. Улар АҚШнинг Нью-йорк шаҳридаги клиникада, Жанубий Кореядаги тиббиёт марказида, Ҳиндистон давлатидаги «ВЛК» хусусий клиникасида, Озарбайжон Республикасидаги Топчубашев номидаги илмий марказда,  Россиянинг  Москва шаҳридаги академик Сеченов номидаги фтизиатрия илмий-текшириш институти, Сил илмий-текшириш институти, Вишневский номидаги илмий-текшириш институти, Травматология илмий-текшириш институти ҳамда Новосибирск шаҳридаги академик Цивьян номидаги травматология илмий-текшириш институтида сабоқ олиб, тажрибаларини бойитишади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу мақсадлар учун республика бюджетидан ўтган йилгидан деярли икки баробар кўп — 700 миллион сўм маблағ ажратилган. 

                                                                                                     Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш