Наманганда жисмоний фаолликни ошириш акцияси ўтказилди

77

Бугун эрталабдан  вилоятимизда “Бутунжаҳон саломатлик куни” муносабати билан  “Соғлом ҳаётга қадам ташла!” шиори остида  жисмоний фаолликни ошириш  акцияси ўтказилади.

    Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида кечган оммавий тадбирнинг  очилиш маросимида сўзга чиққан Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқвармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳафтанинг ҳар шанбасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш борасида турли оммавий тадбирларни ўтказиб келмоқда. Мақсад аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилишини қўллаб-қувватлаш, жисмоний фаолликка чорлашдир.

“Бутунжаҳон саломатлик куни” арафасида ўтказилаётган тадбирда вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги оилавий поликлиникалар ва шифохоналарнинг вакиллари айниқса фаоллик кўрсатишди. Дастлаб улар гимнастирада машғулотларини бажаришди. Кейин 5 километр масофага фаол юриш ташкилланди.

—  Ушбу спорт турларидаги мусобақаларда қатнашган инсонда, аввало, бўғимларнинг ҳаракатчанлигини яхшиланиб, куч, тезлик, чидамлилик ва қобилият тарбияланади. Ҳаракатчанлик, чаққонлик, мақсадга интилувчанлик шаклланиб, ирода  кучини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, юқори елка камари, оёқ-қўллар мушаклари иши фаоллашиб, организмнинг ҳамма аъзолари ва тизимлари иши рағбатлантирилади, — дейди шаҳар кўп тармоқли пориклиникаси бош шифокори Мушаррафхон Собирова.

     Саломатлик тарғиботига бағишланган акция  хилма хил тадбирларни мужассамлаштирди. Жумладан, вилоят марказидаги 5-умумтаълим мактабида 1-оила поликлиникаси шифокорлари “Соғлом овқатланиш ярмаркаси”ни ташкил этишди. Унинг атрофида кечган давра суҳбатларида соғлом овқатланиш асослари тўғрисида ўқувчиларга тушунча берилди.

    З-оила поликлиникаси саломатлик посбонлари  “Шодлик” савдо мажмуида “Соломатлик майдончаси”ни  очдилар. Аҳоли вакилларига махсус текширувлар асосида ноинфекцион касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини аниқлаш ва тезкор тиббий маслаҳатлар бериш амалиёти олиб борилди.

   Давлатобод даҳасидаги ёшлар сайлгоҳида “Очиқ эшиклар куни” тадбири амалга оширилди. 5-ва 8-оила поликлиникаси шифокору ҳамширалари касб-ҳунар коллежи талабалари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда боғга келган кекса-ю ёшга малакали тиббий хизмат кўрсатишди. Беморларнинг қон босимлари ўлчанди. Болаларда антронометрик ўлчовлар олиб борилди.

   Қисқаси, халқаро сана муносабати билан  “Соғлом ҳаётга қадам ташла!” шиори остида ўтказилган акция ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Ҳамма ўз соғлигини мустаҳкамлаш энг долзраб вазифа эканлигини англаб етди.

                                                                                               Абдулла ҒОЗИЕВ

Улашиш