Агар раҳбарлар китоб ўқимаса…

38

Давлатимиз раҳбарининг китоб ва китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолини китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга доир фармон ва қарорлари ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳоли ўртасида китобхонликни кенг авж олдириш борасидаги ишлар олқишга сазовор. Аммо айрим депсинишлар ҳам борки, улардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Бу борадаги фикрларини билиш учун “Китоб дунёси” газетаси Бош муҳаррири Хосият РУСТАМОВАга юзланаман.
– Хосият опа, бугунги кунда чинакам санъат даражасидаги бадиий асардан кўра енгил-елпи сюжетларга бой асарнинг бозори чаққон. Баъзан китобхон таъби-ю дидидан кўра китоб муаллифини айблагинг келади. Бундай ҳолатга қарши қандай чора кўрмоқ керак деб ўйлайсиз?
— Истеъдодли ёзувчи ёки шоирнинг халққа тутаётган гулдасталарининг илдизлари юракка чирмашиб кетган ва улар томирлардан озиқланади. Уни ўқийдиган халқ ёзувчи ва шоирнинг ўзидан кўра кўпроқ қувватга эга бўлади! Мени ҳали ўзи китоб ўқимаган, китобдан баҳра олмаган, китобдан бехабар одамнинг китоб ёзишидан кўра, китоб дўконларини босиб ётган сиз айтаётган асарларнинг ҳам харидори борлиги кўпроқ қийнайди! Ўзини ёзувчи санаб, халққа “асар” тақдим этаётган бечорагина ўзи неччи дона китоб ўқиди-ю қайси китобларнинг қулига айланди, қайси асарлардан кўнгли уюшиб, бир неча кун ўзига келолмай яшади экан. Ва қайси ёзувчининг бўйига ўзини бўйини тенглаштириб кўрди экан?
Мен биринчи навбатда ёзувчи, шоир бўламан деганни ўқитишни, раҳбарликка тайинланаётган ҳар бир шахсни ўқиш борасида имтиҳон қилишни ўтиниб сўраган бўлардим. Агар улар китобхон бўлмаса маънавият борасида чиқаётган қарорларнинг уларга аҳамиятли эканига ишонмайман! Ўзи ўқимаган одам китоб ҳақида гапиролмайди, гапирса ҳам ёлғон гапиради!
Муҳтарам Президентимиз мутолаа борасида жон куйдириб, бутун халқни китобхонликка чақираётган бир пайтда эснаб ўтирган, қалбан ухлаётган раҳбарларни кўриб, жонинг ҳалқумингга келади.
Яқинда “Китоб дунёси” газетаси Норвегия китобсеварлар жамияти раҳбари ва айни дамда газетамизнинг Норвегиядаги вакили Ҳанне ЭРСТАВИКка бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик. Жумладан, Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш борасида кўплаб қарорлар қабул қилинган. Ҳар йили тегишли ташкилотлар томонидан “Ёш китобхон” кўрик танлови ўтказилади ва ғолибга автомобиль совға қилинади. Сизларда ҳам шундай кўрик-танловлар борми? деган саволимизга жуда ҳайратланиб ва ҳавас билан шундай жавоб берди: Албатта, Президентингизнинг халқни маърифатли қилиш йўлидаги бундай хайрли ишлари таҳсинга сазовор. Буни эшитиб хурсанд бўлдим. Бизда ҳам бундай тадбирлар бор, албатта, бироқ, уларда автомобилдек катта совғалар берилмайди. Аслида китоб ўқиганлар учун рағбат ҳамиша керак. Сизлар бу соҳада анча олдинда экансиз!
Ўша куни газетани бошқача кайфият билан якунладим. Бир хорижлик аёлнинг Давлатимиздаги сиёсатдан хурсанд бўлгандаги ҳайратлари менга кўчганди…
Китоб ўкигани учун автомобиль бераётган Президентим билан ғурурланиб кетдим! Халқни маънавиятли қилиш, маънавиятли қилиш учун ўқитаётган ва ўқигани учун машина олаётган йигит-қизларга ҳавасим келди!
– Китоб ҳам таълим, ҳам тарбия калити, у биринчи навбатда кишининг иродасини мустаҳкамлайди, фикрлашга, фикрларини жонлантириб, тасаввур қилишга ўргатади. Бу каби ҳикматли хулосаларга ҳам шунчаки кўз ташловчилар, сўзларнинг мантиқ мазмунини ҳис этмайдиганлар ҳам бор-да.
– Афсуски, ўқиса ҳам ўқимайдиганларнинг борлиги фожиа. Нима десангиз денг, китоб кириб бормаган уй ёришмайди. Китоб ўқимаган одамнинг эса ботини зимистон бўлади! Китоб нафақат маънавий нур, балки мустаҳкам ҳимоя қўрғонидир. Давлатимиз раҳбари ёшларимизни мутолаа ва китобхонликка чорлаб, бутун бир халқни китобга ошно этишга даъват этаётгани замирида яна бир ҳақиқат ётибди: Китоб инсоннинг иродасини тоблайди, китоб ўқиган инсон ўз халқи ва Ватанини борлиқ қалби, онг-шуури билан севади! Сотқинлик қилмайди. Атрофидагиларни яхши кўради, шукур қилиб яшашни, бу дунёга нимага келганини, нима учун яшаётганини ҳис қилишни ўрганади… Қанийди ҳамма баравар китобхон бўлсак. Жамиятимизда суд-прократура соҳаларига иш қолдирмасак.
Юртбошимиз нима учун ҳаммани ўқишга тарғиб қилаётганларининг ягона сабаби шу. Ўзлари айтганларидек: Китобсиз келажак йўқ!

Санжарбек Ҳамидов, ЎзА

Улашиш