Наманганда пойтахтлик шифокорлар мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишди

222

 Вилоятимиз шифокорларининг мамлакатимизнинг нуфузли тиббиёт олийгоҳлари, илмий-амалий тибббиёт марказлари олимлари ва малакали мутахассислари билан ҳамкорликдаги фаолияти жорий йилда ҳам изчил давом этмоқда. Жумладан акадимик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган  хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази вакиллари  Наманганга келишди.

     Таниқли шифокорлар гуруҳи айни кунларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари билан ҳамкорликда иш олиб боришяпти. Дастлабки куни тиббиёт масканида қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Бинобарин, марказнинг қон қуйиш бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Сарвар Эрматов бошчилигидаги  жарроҳлар 4 нафар беморнинг ички аъзоларидаги, 2 нафар бемордаги чандиқли деференцияли коррекция амалиётини маҳаллий ҳамкасблари иштирокида бажаришга муваффақ бўлдилар. Эндовизуал жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди  Улуғбек Маҳмудов,  торокоабдуминал ва жигар хирургияси бўлими мутахассиси,  тиббиёт фанлари номзоди Фарруҳ Музаффаров,  пластик жарроҳлик бўлими бошлиғи Алишер Ғуломовлар бу юқори технологик  жараёнларни “маҳорат дарси” сифатида кўрсатиб бердилар.

     Куннинг иккинчи ярмида ВКТТМга  шаҳар ва туманлардаги шифохоналарда хизмат қилаётган жарроҳлар таклиф этилди. Мажлислар залида кечган ўқув анжуманида мамлакатимизда эндовизуал жарроҳлик тараққиёти ҳақида фикр юритилди. Эндовизуал жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди  Улуғбек Маҳмудов мазкур мавзудаги маърузасини слайд ва видеоёзувлар воситасида ўқиди. Қатнашчилар кўз ўнгида амалиёт хоналаридаги мураккаб операциялар ва уларни аъло даражада бажариш усуллари намоён бўлди.

—  Тиббиёт юксак суръатлар билан равнақ топмоқда. Янгидан-янги технологиялар, услублар жорий этилмоқда. Бу борада илмий-амалий тиббиёт марказимизда ҳам фаол изланишлар олиб борилиб, ўрганса арзидиган ютуқларга эришилмоқда. Улардан наманганлик ҳамкасбларимизни ҳам воқиф қилиш учун бу ерга келганмиз , — дейди тиббиёт фанлари номзоди Фарруҳ Музаффаров.

    Анжуман ниҳоясида жарроҳларимиз ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олишди. Пойтахтлик олим-шифокорлар эртага ҳам тиббий кўрик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларни ўтказишлари режалаштирилган.                                                                                                                  Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш