Одам савдосига қарши курашиш дунёвий муаммо

19

      Фарзандни ҳеч кимдан кам қилмай улғайтириш, уни ўқитиш, оилали қилиш… буларнинг барчаси учун дунё-дунё “мол-дунё” бўлиши шартми? Бугунги кунда, “Қўшнимнинг томи меникидан баланд”, “Қўшним тўйни дабдаба билан ўтказди”, “Қариндошим набирасига “фалон” русумдаги машина совға қилибди” каби гап-сўзларнинг ортидан юзага келувчи “ким ўзар мусобақаси” қанчадан қанча инсонларнинг ҳаёти барбод, ҳуқуқи поймол бўлишига, ўзи каби “иккита қўли, битта боши” бор одамларга қул бўлиб, уларнинг қўлида хўрланиб яшаётгани инсонларни, ҳатто, ажаблантирмай ҳам қўйган.

       Инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият дея қаралаётган бугунги кунда “Одам савдоси” қурбонлари ҳам тобора ортиб бормоқда. Энг ачинарлиси, бу фақатгина бизнинг юртимизда эмас, балки бутун дунёда улкан муаммо сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам “Одам савдоси”га қарши курашишда фаол халқаро ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.

     Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг миллий ва халқаро асослари яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас” деб белгилаб қўйилган.

     “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 4-моддасида ҳам “Ҳеч ким қулликда ёки эрксиз ҳолатда сақланиши мумкин эмас: қуллик ва қул савдосининг барча кўринишлари таъқиқланади” дея алоҳида таъкидлаб ўтилган.

      Одам савдосига қарши курашиш дунёвий муаммо сифатида қаралаётганлигининг ўзи унинг нақадар кенг қанот ёзиб бораётганлигидан дарак беради.

        Бунинг замирида фақатгина инсонларнинг маънавий онгидаги бўшлиқ, мамлакатдаги иқтисодий аҳвол, одамларнинг ўз ҳуқуқларини билмасликлари ва шукр қилиб яшамасликлари эмас, балки тажовузлар ҳам ётади.

                                                                                  Нодира Шомирзаева,

                                                                                  “Шомирзаева Нодира” 

                                                                                   адвокатлик бюроси рахбари.

Улашиш