6 тонналик сумалакни журналистлар эркин, тезкор ва кенг ёритадилар

39

Вилоят марказидаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи бугун чинакам баҳорий тароват касб этган. Атрофдаги гўзаллик, турли безаклар, ранг-баранг миллий кўргазмалар кишининг баҳри дилини очади, байрам кайфиятини улашади.

Наманган шаҳар ҳокимининг ёшлар, маънавият ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Абдулходи Иминов ҳамда вилоятдаги журналистлар, республика ОАВларининг Намангандаги мухбирлари иштирокида «Сумалак сайли» олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Ҳоким ўринбосари бутун Ўзбекистон ва дунё нигоҳи Намангандаги Наврўз тадбирларига қаратилганини алоҳида таъкидлади.

Ҳозирда 6 тонналик сумалакни «Гиннес рекордлар китоби»га киритиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини қайд этди. Шунингдек, катта тадбирга кўрилган юксак ташкилий тайёргарлик, «Сумалак сайли» доирасида боғда ўтказиладиган турли тадбирлар, лойиҳалар ҳамда сумалакни тайёрлаш жараёнлари ҳақида қисқача маълумот берилди.

Бош сумалакчи Мавлуда опа Жўрабоеванинг айтишича, мегасумалак масаллиқларини эртага, яъни 19 март куни кечқурун қозонга солиш бошланади ва бу жараён 24 соат давом этади, 20 март куни кечқурун 8 соат дамлаш учун ёпиб қўйилади. Бу ишларга 30 нафар тажрибали сумалакчи онахонлар бош-қош бўлишади. Шифобахш баҳор таоми 21 март куни эрталаб очилади ва у меҳмонларга, Меҳрибонлик, Мурувват уйларига, кам таъминланган хонадонларга тарқатилади.

Ҳа, ажойиб лаҳзалар ва завқли онлар арафасида турибмиз. Шундай экан, барчани 2-бор ўтказилаётган ажойиб ва кутилган айёмга таклиф этамиз.

Матбуот анжумани давомида «Сумалак сайли»ни кенг ва тезкор ёритишда фаол бўлган журналистлар Наврўз тантаналари куни тақдирланиши маълум қилинди.

Йиғилиш иштирокчиларига 19-21 март кунлари эркин қатнашишлари ва ахборот олишлари, лавҳа тайёрлашлари учун РУХСАТНОМА бейжиги берилади.

Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига ташкилотчилардан тўлиқ жавоблар олишди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдаги илк мегалойиҳада кўплаб чет мамлакатлардан сайёҳлар ташриф буюрганди. Бу сафар ҳам 15 дан ортиқ хорижий давлатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Орифжон Жўраев,

«Наманган садоси» газетаси журналисти.

Улашиш