Намангандаги марафонда 80 минг нафар фуқаролар иштирок этди

98

Вилоятимизда Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғида берилган вазифалар ижросига изчил киришилган. Бинобарин, барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз  жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар фикримиз далилидир.

  Бугун барча шаҳар ва туманлар марказларида ўтказилган оммавий юриш марафони юксак даражада ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳудудлардан олинган хабарларда қайд этилишича, бугун вилоятнинг,ўйингоҳлари, дам олиш масканлари, кўча ва ҳиёбонлари марафон иштирокчилари билан гавжум бўлди. Тошбулоқ шаҳарчасидаги стадионда, Косонсойдаги ўйингоҳда, Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманларида бўлиб ўтган акциялар пайтида зўр уюшқоқлик таъминланди.

     Биргина Наманган шаҳридаги Халқаро аэропорт йўлига 10 минг нафардан зиёд қатнашчилар йиғилди. Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Патхиддин Маткаримов сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун фуқароларнинг жисмоний фаоллигини оширишга алоҳида урғу берилаётганлигини таъкидлади. Одамларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш самарадорлигини оширишда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта эканлиги, бунда ёшу қарининг баҳоли қудрат майдонга чиқиши эса оммага ўрнак бўлишини эътироф этди. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Аҳмедов марафоннинг ўказилиш тиртиблари билан таништирди.

   Ва ниҳоят мусобақага старт берилди. Беллашув қатнашчилари марра сари астойдил интилдилар. Шуниси аҳамиятлики,  уларнинг кўпчилиги хотин-қизлар эди.  3 километр ва ундан ортиқ масофалар пиёда босиб ўтилди. Нуронийлар олдинги сафда боришган бўлса,  уларга навқирон авлод вакиллари эргашишди.

—  Оммавий юриш марафонида қарийиб 80 минг нафарга яқин жамоат ташкилотлари, тиббиёт, халқ таълими, касб ҳунар таълими ва ёшлар вакиллари фаол иштирок этдилар,- дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов. – Шифокорларимиз “Саломатлик майдончалари”да аҳолини соғлом турмуш тарзига ундовчи тарғибот тадбирларини ҳам олиб бордилар. Марафончилар саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилди.

   Марафон ниҳоясида энг фаол қатнашчилар ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан рағбалантирилди. Энди келгуси шанба куни “Қувноқ стартлар” мусобақаси ўтказилади.

Улашиш