Голландиялик ишбилармонлар Наманганда

17

Нидерландия Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Регина Вероника Мария Жонс-Бос бошчилигидаги Нидерландия Қироллиги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи ишбилармонлардан иборат делегация Наманган вилоятига келди.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган қабул маросимида мазкур ташрифнинг аҳамияти ва ундан кўзда тутилган мақсад, савдо-иқтисодий, сайёҳлик ва хусусан қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг истиқболлари ҳақида фикр алмашинди.

11.jpg

Вилоят ҳокими Х.Бозоров меҳмонларга Наманган вилоятининг ижтимоий, иқтисодий, табиий имкониятлари, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш, инвесторлар учун яратилаётган қулай шароит ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди.

10.jpg

– Вилоятда, айниқса, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг имкониятлари жуда кенг, – деди вилоят ҳокими Х.Бозоров. – Географик жойлашуви, иқлими, унумдор ерлари ва энг асосийси меҳнаткаш одамлари билан бугунгидан ўн карра юқори натижаларга эришишимиз мумкин. Фақат бугун бизга ушбу соҳада инновацион ёндашув, фан ва техниканинг илғор ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар талаб этилмоқда. Шу нуқтаи назардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Голландия билан боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу борада инвесторларга тегишли тартибда ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб беришни кафолатлаймиз.

13.jpg

–Наманганга ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб бизнинг вакилларимиз келганидан жуда мамнунмиз ва бу ташрифимиз келгусидаги ҳамкорлигимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонамиз, – деди Регина Вероника Мария Жонс-Бос. – Ҳа, Голландия ер майдони нуқтаи назаридан унча катта давлат эмас, лекин қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажрибага эга, етакчи давлатлардан биридир. Ўзбекистон, жумладан, Намангандек заминда бу соҳада бирга ишлаш биз учун ҳам манфаатли. Бугун Голландиянинг бу соҳадаги элликка яқин йирик компаниялари вакиллари келган. Улар наманганлик ишбилармонлар билан инновацион технологиялар асосида картошка, қулупнай етиштириш, иссиқхоналар, чорвачилик, уруғчилик, агрологистика каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр.

4.jpg

Куннинг иккинчи ярмида “Наманган ёшлар маркази” да “Ўзбекистон-Голландия” агробизнес-форуми, Ўзбекистон ва Голландия тадбиркорлик субъектлари ўртасида учрашувлар ўтказилди. Меҳмонлар 15 март куни туманларда фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотамжон Мамадалиев​ (сурат), ЎзА

Улашиш