Чустлик фермердан наврўз туҳфаси

127

Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар Инвестиция дастурига мувофиқ ривожлантирилаётганлиги боис йил сайин замонавий қиёфага кириб бормоқда. Бинолар реконструкция қилиниши ва давр талаблари асосида яратилган лойиҳалар асосида барпо этилаётган объектлар туфайли аҳолига яратилаётган шароитлар ҳам тобора яхшиланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, қурилиш-таъмирлаш ишлари кўламининг ортишига саҳоватпеша ишбилармонлар ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

    Марказий шифохона ҳовлисида бунёдга келган беминнат хизмат шаҳобчаси ана шу эзгу саъй-ҳаракатлардан биридир. Гап тиббиёт масканида даволанаётган беморларнинг яқинлари учун қад ростлаган маҳобатли кутиш даргоҳи ҳақида бормоқда. Уни “Олмос якка тол” фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Султомуродов ўз ҳисобидан қурдириб, элимизнинг суюкли айёми – Наврўз арафасида  ҳамюртларига туҳфа этди.

   Янги даргоҳ ўзига хос лойиҳа асосида  қурилган ва шифохона биноларига уйғун равишда атрофга кўрк бағишлаб турибди. Ўз яқинлари саломатлигидан бохабар бўлиб турган кишилар вақтларини янги масканда ўтказишмоқда. Улар ихтиёрига юмшоқ ўриндиқлар билан жиҳозланган шинам кутиш зали, тамаддихона, телевизор, адабиётлар, газета ва журналларнинг янги сонлари бериб қўйилган. Ойнаванд деворларнинг тўрт тарафига ўрнатилган тасвирий тарғибот воситалари эса аҳоли маънавиятини юксалтиришда қўл келиши таббий.

—  Илгари шифохонада даволанувчиларга барча имкониятлдар муҳайё этилгани билан, бу ерга келган   беморларнинг қариндош-уруғлари учун деярли шароит йўқ эди. Кечалари зинопояларда туриб тонг оттирилган кунлар ҳам бўлган. Тадбиркор йигитнинг савобли иши ибратга лойиқ,- дейди Тоймас жомъе масжиди имом-хатиби Ибодулло Яндашев.

    Яқинда хизмат шаҳобчасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар юртимизда ишбилармонлик ҳаракатига кенг йўл очиб берилаётганлиги, айниқса мулкдорлар қўллаб –қувватланаётганлиги самараси ўлароқ тадбиркорларнинг янги авлоди юрт равнақига сидқидилдан ҳисса қўшаётганликларини мамнуният билан таъкиладилар.

—  Иброҳим Султонмуродов замон билан ҳамқадам фаолият юритаётган олиҳиммат фермерлардан бири, — дейди меҳнат фахрийси Абдурашид Убайдуллаев.  — Ҳолол меҳнати, оқилона хўжалик юритиши, ташаббускорлиги ва янгиликка интилувчанлиги билан ер эгаларига чинаккам ўрнак бўлмоқда. Унинг яна бир мақсади шифохона биноларни таъмирланишига ҳам ўз маблағларини йўналтиришдан иборат. Бу —  эл манфаатини ўйлаётган фидойи инсонга ҳос фазилатдир.

    Дарҳақиқат, ер билан тиллашиб, унинг бағридан дуру жавоҳир ундираётган Иброҳим Султонмуродов бугун кўп тармоқли фермер хўжалигининг раҳбаридир. Хўжалик пахта ва ғалладан муттасил мўл ҳосил етиштирмоқда. Чорвачиликдан мўмай даромад кўрмоқда. Яратган боғу роғлари ҳам мева бермоқда. Унинг интилишлари билан қишлоқ инфратузилмаси такомиллашмоқда.

—  Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун бунда-да кўп ишлар қилишимиз лозим, деб ҳисоблайман. Шунинг учун олинаётган даромадни муттасил ошириш, янги инновацион лойиҳаларни астойдил жорий қилиш устида иш олиб боряпмиз, — дейди И.Султомуродов.

    Биз жонажон Ватанимиз равнақи, эл бахту саодати йўлида жобозлик кўрсатаётган Иброҳимжон Султомуродовнинг ниятлари ижобат бўлишини тилаймиз.

                                                                                                    Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш