Наманганлик шифокорлар ҳар куни эрталаб спорт билан шуғулланишни одат қилишди

131

  Спорт – саломатлик гаровидир. Спорт — соғлом ҳаёт кечиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис ҳам Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт  муассасалари ходимлари жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш орқали аҳоли саломатлигини муҳофазалаш ишларини янги босқичга кўтаришга алоҳида урғу бермоқдалар. Бинобарин, ҳар куни эрталаб саломатлик посбонлари гимнастика билан шуғулланишни одат тусига киритишди. Барча тиббиёт масканларида эрталабки фаолият ана шу амалиёт билан бошланмоқда.

   9 мартдан эса машғулотлар доираси янада кенгайди. Яъни, вилоятнинг марказий кўчаларида тиббиёт ходимларининг оммавий юришлари амалга оширилди. Жумладан,  бугун тонгда Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шифокору ҳамширалари иштирокида  юриш куни ўтказилди. Марказий шифохона ходимлари туман марказидаги қайта реконструкция қилинган Тўрақўрғон-Ессин йўлида 3 километр масофани пиёда босиб ўтдилар. Норин туманидаги Фурқат ва Яйдоқ маҳаллаларида норинлик тиббиёт ходимлари аҳолига юриш бўйича намуна кўрсатишди. Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси вакиллари эса туман марказидаги кўчаларда юриш кунида  қатнашдилар. Қисқаси, жараён бутун вилоят шаҳар ва қишлоқларини қамраб олди.

    Шуниси эътиборга моликки, соғлиқни сақлаш ходимлари бошлаб берган акция оммавийлик касб этди. Юрувчиларга турли ташкилот ва идораларнинг жамолари ва аҳоли вакиллари ҳам кўшилиб кетишди. Тадбир ўтказилаётган жойларда мутахассислар пиёда юришнинг инсон организимига ижобий таъсири ҳақида тарғибот ишларини олиб боришди. Натижада юриш қатнашчиларининг сафи кенгайгандан-кенгайди.

   Соғлом турмуш сари ундовчи тадбирлар бардавомдир. Яъни, келаси шанба вилоятда юриш бўйича марофон уюштирилади. 23 март куни эса “Қувноқ стартлар” мусобақасининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилади. 30 март  велосипедда сайр қилиш куни, деб белгиланган.

                                                                                                             Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш