Санобар Абдураҳманова: «Она заминга фарзандлик бурчини оқлаш – буюк инсоний саодат»

1454

Мингбулоқлик аксарият аёллар, билимдон ёшлар Санобар Абдураҳимовани «Бизнинг Санобар опамиз, ўзимизнинг Санобар!», деб эъзозлашади, айни чоғда ўзгача бир ишонч билан унинг ҳузурига шошилишади. Йўқ, аксинча, Санобар Абдураҳимованинг ўзи кўпинча улар томон боради. Демоқчимизки, халқ билан мулоқот, халқ ичида яшаш, унинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлиш – буларнинг барча-барчаси суҳбатдошимиз Мингбулоқ тумани ҳокими ўринбосари – туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Санобар Абдураҳмановада мужассам.       

— Санобар опа, мамлакатимизда иқтисодий тараққиёт билан бирга ижтимоий ривожланишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мингбулоқ туман хотин-қизлар қўмитаси ҳам замон билан ҳамнафас бўлиб ўзига яраша ишларни амалга ошираётган бўлса керак. Келинг, суҳбатимизни шу кунлар қувонч-ташвишлари, эртанинг режаларидан бошлайлик.

— Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизлар масалаларига доир бир қатор ўринли масалалар ўрин олган.  Бу эса қўмитамиз зиммасига масъулиятли вазифаларни юклади. Буни биргина ўтган икки ой давомида амалга оширилган ишлар мисолида кўриш мумкин. Қўмитамиз томонидан 138 та ажрашиш ёқасидаги оила тикланди. 118 та янги иш ўрни яратилди. 20 нафар аёл тадбиркорлик бўйича рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият бошлаши эвазига 60 нафар хотин-қиз ишли бўлди.

Мурожаатномада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда унга барҳам бериш масаласи алоҳида тилга олинган эди. Шунга кўра хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича қатор тадбирлар ўтказдик. ИИБ ходимлари билан бирга жиноят ва унинг салбий оқибатлари, зарарлари хусусида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Тарғиботлар натижасида йил бошидан буён жиноят ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари рўй бермади.

Бир йиллик натижалар асосида вилоятимиз бўйича ички мониторинг ўтказилганда, туманимиз хотин-қизлар масалалари бўйича ижобий натижалари билан 3-ўринни эгаллади. У ҳам ўтган йил давомидаги сай-ҳаракатларимиз натижасидир. Лекин оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳали кўп ишлар қилишимиз керак. Шу боис ҳам юқоридаги натижаларга таянган ҳолда фаолиятимиздан тўла қониқиш ва шу зайлда давом этиш биз учун етарли эмас.

Вазифамиз – оилаларда вояга етиб келаётган ҳар бир қизни маънан баркамол, ақлан етук этиб тарбиялаш. Шундагина улар нафақат ўзи, балки тарбиялайдиган фарзандлари орқали Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади.

— Ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган аёлларни, ногиронлиги бўлган фарзанд тарбияси билан машғул оналарни қўллаб-қувватлаш борасида Мингбулоқда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Орамизда ҳали ҳам боқимандалик кайфиятида яшаётган, асосий вақтини сериаллар томошаси билан ўтказаётганлар ҳам бор. Уларни ҳаракатга солиш, ижтимоий фаолликка чорлаш учун қандай таъсирчан чоралар кўриш лозим?

— Ногиронлиги бўлган одамлар энг оғриқли нуқтамиз. Сабаби қайсики ота-онанинг фарзанди ногирон бўлса, кўзига дунё қоронғу, ҳар қанча хурсандчилик, имконият ҳам унинг кемтик қалбини бутлашга етмайди. Ўтган йили 10 нафар ногиронлиги бор аҳоли намунали уй-жойлар билан таъминланди. Бошланғич тўлови туман ҳокимлиги томонидан тўлаб берилди. Ногиронлик аравачалари ҳадя этилди қолганларига.

Лекин орамизда оёқ-қўли соғ бўла туриб, боқиманда бўлиб қолганлар ҳам борлиги ачинарли. Уларга айни дамда уйма-уй юриб тушунтириш ишларини амалга иширмоқдамиз. Имтиёзли кредитлар бериляпти. “

Шундай тоифадаги инсонларга ногирон, меҳнатга лаёқатсиз бўла туриб яшаш учун курашаётган, касаначилик билан рўзғор тебратаётган Марғуба Жайловбоева, Насиба Абдуллаеваларни ўрнак этиб кўрсатдик. Биз ўзбекларда ҳар қандай вазиятда ҳам орият кучлилик қилади. Юқоридаги кимсалар ўзи қатори юртдошларининг турмуш жараёнига гувоҳ бўла туриб ижобий томонга ўзгараётганлигини қувонч билан тилга олсак арзийди. Ахир оналар, аёллар эртанги кунимиз давомчиси, тарбиячиси-ку.

— Муаллимлик фаолиятингизда «Йил ўқитувчиси» республика танловида ғолиб чиққансиз. Кейин эса «Келажак – зиё гулшани» нодавлат таълим муассасасини ташкил этгандингиз. Бу билим маскани ҳозир сифат ва самарадорлик нуқтаи назаридан ўзига хос обрў-эътибор қозонди. Айни чоғда сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилган «Халқ кутубхонаси» жамоатчиликнинг олқишига сазовор бўлмоқда. Хуллас, бир оиланинг қувонч-у ташвишларини ўзида мужассам этган беканинг қўлидан шунча иш келиши мумкинлигини амалда исботладингиз. Шахсий ибратингиз таъсирини бошқаларда кўра оляпсизми? Ҳар ҳолда ташаббуслар ҳар бир аёлнинг ўзидан бошланиши керак…

— Аёл – беназир хилқат, нозик ва таъсирчанлик билан бирга метин ирода, мустаҳкам жасорат соҳибаси ҳамдир. Буни одил йўлбошчилик, қатъиятлилик, жасур жангчилик салоҳиятини-да ўзида мужассам этган аждодимиз Тўмарис мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Интилувчанлик бизга ана шу мўътабар инсондан мерос.

Фаолиятимни муаллималикдан бошладим. Мен янгиликларни яхши кўраман. Ўз устимда ишлаш, инновациаларни таълимга олиб кириш борасидаги саъй-ҳаракатларим натижасини берди. 2016 йили «Йил ўқитувчиси»  республика кўрик танлови ғолиби бўлдим.   Ўқувчиларни илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида нодавлат таълим муассасаси ташкил этдим. Биринчи йилдаёқ 90 нафар ўқувчи олийгоҳлар талабаси бўлишди. Бунда мен билан елкама-елка туриб меҳнат қилган ҳамкасбларимнинг ҳиссалари катта, албатта.

Болаларда билим етарлича. Янги ғоя ва ташаббуслар ҳам. Лекин аксарият ёшлар фикрини теран ифодалашга қийналади. Сабаб эса бадиий асарлар мутолааси билан мунтазам шуғулланмаслик, сўз бойлигининг камлиги. Юқоридаги омиллар мени “Халқ кутубхонаси”ни ташкиллашга ундади. Кутубхона номи билан халқники. У ерга бир дона ҳам китоб харид қилиб олиб келинган эмас. Аввалига 2000 та китобимни олиб бордим у ерга. Хушхабарни эшитган китобсеварлар бисотидаги китобларини келтириб қўшдилар. Мана шундай саховатпешалар сабаб ҳозир минглаб хазиналар мингбулоқликларга беминнат хизмат қилмоқда.

Бу ҳаракатларни шуҳрат қозониш, ёки маблағ орттириш мақсадида қилмадим. Табиатимда меҳнатсеварлик, янгиликларга интилиш бор. Қўлимдан келганча одамларга, халққа, туғилиб ўсган заминимга заррача бўлса-да наф келтирсам дейман.  Ҳар ким ўзидан яхши амал қолдира олсагина бу ҳаётда яшадим дейишга, одамзод дейилишга лойиқ бўлади. Шундай эмасми?

Ҳеч бир юртда Ватанимиздаги каби аёлларга эътибор ва эҳтиром кўрсатилмаса керак. 2018 йилнинг ўзида Юртбошимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини юксалтириш мақсадида қабул қилинган қатор фармон-у қарорлар фикримиз далилидир. Ана шулардан бири «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармондир.
Давлатимиз раҳбари маърузаларида аёллар муаммолари хар доим эътиборда туради. Ҳақиқатдан ҳам, аёл ва она   миллатни тарбиялайди. Миллатнинг тафаккур ва тараққиёт  даражаси оналаримизнинг савияси билан белгиланади. Шу маънода бугун аёлларимиз, оналаримиз миллат тарбиячиси сиффатидаги буюк масъулиятни қандай уддалашяпти? Ёки  аёлларимизнинг оиладаги, фарзанд тарбиясидаги ўрни қониқарлими?

Дарҳақиқат, юртимизда ҳеч бир кун аёлларга эътибор ва эҳтиромсиз ўтмайди. Президентимиз томонидан қабул қилинган «Хотин -қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони аёлларга бўлган эътибор ва имкониятлар кўламини янада кенгайтирди. Келажакка ишонч, куч берди бизларга. Фармондан кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида.

Юртбошимиз ташаббуси билан ўтган йили маҳаллаларда фуқаролар        йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ташкил этилди. Натижада бу борадаги ишлар жонланди. Мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Саъй-ҳаракатлар натижасида маҳаллалардаги ҳуқуқбузарликлар, жиноятчиликка мойил шахслар сони кескин равишда озайди. Нотинч оилалар сони 62 тадан 44 тага камайтирилди. Жиноятчиликка мойил аёллар сони эса 24 тага. Чет элда ишлаш мақсадида кетган аёлларнинг 34 нафари қайтиб келгани қувонарли.

Хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, ёрдамга муҳтож,  оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолганлар, жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоийъҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди.

«Қизларжон»  клублари, «Бувижонлар мактаби» ташкил этилган. «Қизларжон»да қизларнинг қобилияти шакллантирилиб, истеъдод соҳиблари кашф этилмоқда. «Бувижонлар мактаби»да эса  миллий қадрият ва урф-одатларимиз юксак маънавиятли, бой ҳаётий тажрибага эга онахонлар томонидан сингдириляпти ёшларга.

Дарсларга оналар ҳам таклиф этиляпти. Бу эса она ва бола ҳамда фарзанд тарбиясидаги узвий боғлиқликни юзага келтирмоқда. Ҳеч бир оила фарзанди ва унинг тақдирига бефарқ эмаслигини мамнуният билан таъкидлаш жоиз бу борада.
Суҳбат учун ташаккур.

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган сурат.

Улашиш