ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИДАН СЎНГ: Наманганга юксалиш баҳори келди!

33

Юртбошимизнинг қутлуғ ташрифига ҳамшаҳарларимиз ва ижодкорлар томонидан ана шундай таъриф берилмоқда.
Бу йил кўклам наманганликлар қалбига ҳар галгидан ўзгача тароват билан кириб келди. Баҳорнинг биринчи кунида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга амалга оширган ташрифи барчанинг кайфиятини, руҳиятини бирдек кўтарди, кўнгилларга ажиб завқу шавқ улашди. 
Буни унутилмас таассуротларини биз билан ўртоқлашган суҳбатдошларнинг қуйидаги фикрларидан ҳам билса бўлади.

photo5472125915694737924.jpg

Исломбек ҚУТФИДДИНОВ, ёш тадбиркор, “Imron textile group” корхонаси директори, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Наманган шаҳар филиали раҳбари: 
– Президентимиз раислигида ўтказилган вилоят фаоллари йиғилишида иштирок этдим. Давлатимиз раҳбари билан яна бир бор юзма-юз учрашиш бахти насиб қилди.
Кенгайтирилган йиғилиш чоғида Давлатимиз раҳбари ёшлар тадбиркорлигига алоҳида тўхталдилар. Вилоятимиз ва Ўзбекистон ифтихори, миллиардер Алишер Усмоновнинг ибратли фаолияти ҳақида гапириб, жумладан, шундай дедилар: “Биз бундай ватандошларимиз билан ғурурланишимиз керак. Наманганда туғилиб, дунёга таниқли тадбиркор бўлиш Наманганнинг суви, ҳавоси, халқининг эҳтироми ва меҳнати натижасидир. Ҳаммаям тадбиркор бўлавермайди, уни ўқитиш даркор, сир-асрори бўлади. Агар у киши Наманган ёшларини тарбияласа, уларни қўллаб-қувватласа, катта замин ва эсдалик бўлади!”.
Шундан келиб чиқиб, Юртбошимиз Наманганда ноёб лойиҳа – Алишер Усмонов номи билан халқаро бизнес маркази ва замонавий бизнес мактабини очиш таклифини бердилар. Бу ташаббус вилоятимиз бизнес жамияти, хусусан, тадбиркорлар томонидан зўр мамнуният билан кутиб олинди, уларни хурсанд қилди. Алишер Усмонов тадбиркорликни, ўзбекни, Наманганни жаҳонга машҳур қилолган инсон. Мазкур халқаро бизнес марказ шаҳримизнинг энг кўзга кўринган жойида барпо этилиши, унинг атрофида мактаб, бизнес таълим олиш учун мўлжалланган муассасаларнинг қурилиши нафақат вилоят аҳли, балки бутун Фарғона водийси учун ҳам муҳим тарихий воқеа бўлади.
Мен ҳам бугунги кунда бозорларни корхонамизда ишлаб чиқарилаётган сифатли трикотаж маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида вилоятимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга, ёш тадбиркорларнинг режаларини амалга ошириш учун кўмаклашишга ҳисса қўшаётганимдан беҳад шодман. Ҳа, хусусий сектор субъектларининг улуши кундан-кунга ортиб бораётир. Ҳозирда ишлаб чиқариш ҳажмини икки карра кенгайтириш ҳаракатидаман. Қўшимча бинони фойдаланишга топшириб, йил якунига қадар ходимларим сонини 300 нафарга етказмоқчиман.

юк 4.jpg

Элёрбек ДАДАБОЕВ,Наманган шаҳрининг “Юксалиш” маҳалласи, Ёшлар кўчасидаги янги хонадон соҳиби, қурувчи:
– Юртбошимизнинг тобора чирой очаётган маҳалламизга келганлари кўнглимизни тоғдек юксалтирди. Атрофдаги ободонлаштириш ишларини кўздан кечирдилар. Шаҳримизни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан танишиш давомида аҳолига қулайлик яратишни, сервис хизматини янада яхшилашни бот-бот таъкидладилар. 
Кенжа фарзанд, ёш оила вакили, ва намунавий янги уй эгаси сифатида айтмоқчиманки, энди ўзимизнинг мустақил бошпанамиз борлигидан фахрланаман. Олдинлари шаҳарнинг Ҳамза даҳаси, “Фаровон” маҳалласидаги олти сотихли тор ҳовлида 4 хўжалик истиқомат қилардик. Вазиятни тушунган ва мурожаатимизни ижобий ҳал этган ҳокимларимиздан миннатдормиз. Кенг, шинам ва барча шароитлари бисёр ушбу 3 хонали турар-жойга кўчиб ўтганимиздан кейин, очиғи, ҳаётимиз анча ўзгарди, умримизга мазмун кирди. Турмуш ўртоғим Нодира Мамажонованинг чеҳраси очилиб, доим нимадир билан банд, илҳоми жўшганидан шеър ҳам ёзяпти. Касб-ҳунар ўрганишга ғайрати ошиб, шаҳардаги 2-тиббиёт коллежига сиртдан ўқишга қатнамоқда. Ўғлим Фаёзбек Алишеров ва қизим Мардона Алишероваларнинг мактабдаги баҳолари ҳам аъло, она Ватан, тинчлик, дўстлик ҳақида тинмай шеърлар ёдлашяпти. 
Ўзим эса мазкур замонавий уйларнинг қурувчиси ва пардозлаш ишчисиман. Бу биноларнинг ҳар бир девори, йўлаги мен учун жуда қадрли. Чунки озми-кўпми меҳнатим сингани учун бўлса керак. Ҳудудимизда яна қўшимча шундай иншоотлар қурилмоқда, иш жойим ҳам яқингина – рўпарадаги бунёдкорлик майдони. Қизиқ, шаҳар марказидан чеккароқда яшасак-да, олисроққа бирор юмуш билан бориб қайтсак, чиройли гўшамизга киришимиз билан йўл чарчоғи дарров унутилади. Шунда энг олий бахтга эришганимизни англайман.
Яна бир гап. Ҳаммаси оиламиз аъзолари учун ажойиб туҳфа бўляпти. Худди режалаштирилгандек, ҳозир 11-уй, 22-хонадонда турамиз, энди 2020 йилдаги 33-баҳоримни бахтли рақамлар тасодифи каби ҳар нарсадан ҳикмат излаб нишонлаймиз! Навбатдаги хушхабарни қарши олишга тайёрмиз, меҳмонга келинг бизникига! 

photo5472039668456467276.jpg

Мафтуна АСҚАРАЛИЕВА,Наманган шаҳридаги “Best Market” супермаркети кассири (тўлов қабул қилувчи):
– Қишнинг сўнгги куни, кечги вақт 21:30 лар чамаси эди. Эрталабдан бери қизғин ҳисоб-китоб ишларидан бироз толиқиброқ тургандик. Ишонасизми, савдо мажмуамизга Президентнинг киришларини умуман кутмагандик. Бирдан вилоят ҳокими ҳамроҳлигида йўлакка келиб, расталарга терилган маҳсулотларнинг нархини кўздан кечиришни бошладилар. Назоратчи ва савдо қилувчилар билан суҳбатлашиб, егуликларнинг сифатини суриштирдилар. Бу орада харидорларнинг ҳайрати, огоҳлантирилмаган ходимларнинг қандайдир қувончли ҳадиги ҳали эсимда. 
Ва ҳаяжонли дақиқалар. Юртбошимиз минерал сувидан 2 та олиб, соат 21:54 да мендан харид қилдилар. Янги чиққан 100 минг сўмликдан бердилар, ҳисоблаб кўриб, қолганини қайтардим. Ишимни бироз кузатиб, “Целлофан пакетлар пулликми?” дея сўрадилар, албатта тасдиқ жавобини бердим… Савдо чекини эса меҳр билан эсдалик учун сақлаб қўйдим. 
Турли шарбатлар ва минерал сувлар савдосига масъул бўлган Солияхон Азимжонова ҳам таассуротини оқизмай-томизмай сўзлаб, ўша лаҳзаларда худди энди тонг отгандай вужудини тетиклик қуршаб олганини айтиб берди бизга. Супермаркетнинг тошкентлик иш юритувчиси Зоҳид Иноятовнинг билдиришича, вилоятимизга келган Президентимиз йўл-йўлакай кутилмаганда тўхтаб, кўчани кесиб ўтибдилар. Ўрганиш давомида ҳурматли меҳмон асосан сут ва гўшт маҳсулотларининг сифатини, ширинликларни ва қолипли қора нонни қаердан келтиришини сўраган. Қисқа суҳбатда савдо мажмуасини маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш лозимлиги, Наманганда ишлаб чиқарилган сифатли озиқ-овқат ва бошқа товарларни кўпайтириш зарурлиги, шундагина нархлар пасайишига эришиш мумкинлигини таъкидлаган. “Одамларнинг кайфияти, розилиги бозордаги нарх-навога боғлиқ бўлади!” дея қўшимча қилган. 
Айни дақиқаларда ташқарида тўпланган каттаю кичикка қўл кўтариб, уларнинг оилаларига бахт, ишларига омад тилаб хайрлашдилар… Дўконга кириш ва чиқишда одамлар қарсаклар билан олқишлаб тургани тезкор ижтимоий тармоқлардаги видеолавҳаларда яшин тезлигида акс этди. Президент Матбуот хизмати эълон қилган лавҳада эса Шавкат Мирзиёевнинг “Магазинга нега бордим? Мен ўзим ҳақиқатни билишим керак!” деган сўзлари эшиттирилган.“Сизларни кўрганимдан хурсандман, менинг бахтимга соғ бўлинглар!”. Бу халқ билан мулоқот қилишдан чарчамайдиган, уларнинг дарду ташвиши билан яшайдиган Давлатимиз раҳбарининг самимий дил сўзларидан бири эди.

Орифжон Жўраев, журналист
ЎзА ва муаллиф олган суратлар​

Улашиш