Азизлар! Бугунги кун имоми қандай бўлиши керак. У кундалик намозда, жума ибодатида  жамоатга ваъз-насиҳат айтиб,  шу билан вазифамни ўтадим, деса хато қилади. У бугун ҳар қандай давлат, жамоат ташкилоти раҳбари қатори жамият ривожининг олдинги  ўринларида бўлиши керак.

Наманган шаҳридаги «Яхёхон Тўра» жоме масжиди имом хатиби Нуруллоҳ ЖАМОЛОВ худди шу масъулиятни хис этадиган маънавит билимдонларидан. Суҳбатимиз худди шу мавзуда.

— Муҳтарам, домла.  Кейинги йилларда шахсларнинг ўз жонига қасд қилишдек таассуфли ҳолатлар ҳақида эшитиб турибмиз…

— Шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусида анжуман бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишганди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шундай дегандилар.

«Яна бир нохуш ҳолатни бугун афсус билан айтмоқчиман: оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда. Сизлар яхши биласизлар, Қуръони каримда «Ўзингизни ноҳақ ўлдирмангиз» деб буюрилади. Муборак ҳадисларда ўз жонига қасд қилганлар ҳеч қачон жаннатга тушмаслиги ҳам баён қилинади.
Шунга қарамасдан, аёлларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари барҳам топмаётган экан, биз аввало бунинг сабабларини бартараф этиш ҳақида ҳар томонлама ўйлашимиз, жумладан, аҳолимиз, аёлларимиз ўртасида динимизнинг бу кўрсатмаларини тушунтиришимиз лозим».

Инсон яшар экан, унинг  бошига катта-кичик синовлар келади. Бу синовлар Аллоҳдан эканига ишониб, сабр қилинса ташвишли кунлар ортидан ширин даврлар ҳам бошланади.

— Шу ўринда улуғ зотлар, хусусан пайғамбарлар бошига келган балолар ва уни енгиш, тоқат ила кутиш ва мақсадга эришиш бобида сўзлаб берсангиз?

— Дарҳақиқат тўғри эслатдингиз. Пайғамбарлар ҳаёти, уларнинг ибрат мактаби бўлган фаолиятлари сабр-бардошнинг буюк кўринишларидандир.

Дунёда фарзанд доғига учраган инсон, энг суюкли фарзанди Юсуфдан айрилган Яъқуб алайҳиссаломни эсланг. Ҳаётда туҳмат ва фитна балолари туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссаломни эсласак бўлмайдими?! Ёкиумри мобайнида беморлик, ногиронлик каби машаққатга учраган, Аллоҳ юборган машаққат, дарду-офатларга кўнган Айюб алайҳиссаломчи?! Атрофдагилар томонидан хўрлаш-қийноқларга дуч келган ва бардош берган Мусо алайҳиссаломнинг буюк сабрларини кўрса бўлади-ку. Ташқаридан содир бўлган машаққат ва озорларга ўзини иродаси, матонати, сабри билан қарши турган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламчи?!

Аллоҳ инсонни яратган экан, унга тўғри йўлни кўрсатиш мақсадида 124 минг пайғамбар ва бир қанча саҳифалару, тўртта илоҳий китобларни нозил қилиб, инсонларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён қилган.

Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўп неъматлар ато этган бўлиб, уларнинг ичида энг улуғи иймон неъматини берди. Инсонни барча яратган махлуқотлари ичида энг мукаррами ва афзал суратда яратганлигини улуғ каломи Қуръонда шундай марҳамат қилган: “Дарҳақиқат (биз) Одам фарзандини (азиз ва) мукаррам қилдик…” (Исро сураси 70-оят).

Демак, азизу мукаррамликни ўзимиз ҳимоя этайлик, азизлар!

— Имом домла, ўзининг жонига қасд қилиш ва унинг охиратдаги азоби тўғрисида ҳам эслатсангиз шоядки, бу ёшларга мактаб бўлса?

— Бугунги кунда ўз жонига қасд қилиш кўпроқ ёшлар ўртасида, ачинарлиси, аёллар ўртасида учраётганлиги барчамизни бирдай ташвишга солаётгани сир эмас.

Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадисларида ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги азоби тўғрисида шундай келган. Собит ибн Заҳҳок (р.а)дан ривоят қилинади; Русулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти). Бундай азобга қолишдан Худонинг ўзи асрасин.

Инсонни ўлимга олиб борадиган ҳар қандай иллатга боғланиб қолиш ва унинг оқибатида ҳалок бўлиш – ўз жонига қасд қилиш билан тенглаштирилган ва гуноҳда баробар эканлиги тўғрисида Пайғамбар (с.а.в)нинг муборак ҳадислари бор. Унда шундай дийилади: “Сизлардан аввалги умматлар орасида бир одамни баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло деди: “Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатимни унга ҳаром қилдим”. Бундан келиб чиқадики, инсон ҳеч қачон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги, бошига мушкул иш тушганда нотўғри қарор қабул қилмаслиги ва Аллоҳ берган умрни чиройли ўтказишга ҳаракат қилиши керак.

— Инсон учун ҳамиша тўғри ва нотўғри йўл бор. Қани эди, ҳамма тўғри йўлни танласа! Боши берк кўчага ҳам кириб қолмасди.

— Жуда тўғри Фарзандларимизга тарбия ва таълим бераётганда биз мураббийлик вазифасини самимий ва сидқидилдан бажармоғимиз лозим. Чунки сўз қанчалар самимий, юракдан бўлса, шунчалар тасирчан бўлади. Бир устознинг шундай гаплари ёдимга келди: «Агар сўз қалбдан чиқса, албатти қалбга етиб боради ва таъсири, самараси бўлади».

Фарзанду шогирдларимизга таълим-тарбия бериш чоғида уларда бугунимизга шукроналик ҳиссини ўйғота олишимиз ва келажакда жонажон Ўзбекистонимизни бунданда обод ва фаровон бўлишига ўз ҳиссасини қўшишига туртки бўла олишимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

 

 

 

 

 

Улашиш