Қотиб ухлаган одамнинг мияси ўзини-ўзи тозалайди

24

Рочестер университети ходимлари яқинда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, чуқур уйқу миянинг кераксиз моддаларни ҳамда зарарли токсинларни тозалаш фаолиятини яхшилай олади.

Бундан аввал ўтказилган тадқиқотлар одатда киши ёши ўтиши билан уйқуси саёзлашиб, беқарорлашиб боришини кўрсатган.

Рочестер ходимлари анестезия берилган сичқонларнинг уйқусини ўрганиб чиққан. Хусусан, уларнинг миясидаги электрик сигналларни, юрак ишлашини ҳамда мияда тозаланиш оқимини кузатишган.

Тажриба давомида кетамин ва ксилазин каби дорилар ёрдамида чуқур уйқу давомида кузатиладиган юрак секинроқ уриши ҳамда миянинг электрик фаолияти секинлашиб, барқарорлашишига эришилган.

Натижада секин ва барқарор ишлаган мия ва юрак фаолияти глимфатик тизим учун фойдали эканлиги аниқлаган. Мазкур тизим миянинг ўзини тозалаш фаолияти учун масъулдир.

Уйқу билан боғлиқ муаммолар туфайли глимфатик тизимнинг фаолияти бузилиши Альцгеймер касаллигига олиб келиши мумкин, чунки бета амилоид ҳамда тау каби заҳарли моддаларнинг мияда тўпланиши ҳамда Альцгеймер касаллиги ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланган.

Янги тадқиқот натижалари қариш ва уйқусизлик ҳамда Альцгеймер касаллигига чалиниш хавфининг ошиши ўртасидаги боғлиқликни тасдиқлади. Бошқача қилиб айтганда, уйқу қанча чуқур бўлса, шунча яхши.

Тадқиқот муаллифлари сўзларига кўра, уйқу сифати Альцгеймер ҳамда деменция келиб чиқишини олдиндан башорат қилишда кўмаклашиши мумкин. Шунингдек, изланиш натижалари ёрдамида уйқу терапияси ҳамда унинг сифатини яхшилаш усуллари ишлаб чиқилиши мумкин.

Рочестер ходимларининг тадқиқотлари хулосалари Science Advances журналида чоп этилди.

Улашиш