Президент ташрифидан сўнг

82

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонаси фаолияти билан танишиб, бу ерда илғор технологиялар, замонавий талаблар асосида янги ишлаб чиқариш тизимига ўтиш юзасидан топшириқлар берди.
Президентимиз ташрифидан сўнг “Art Soft Tex Group” корхонаси раҳбари Олимхон Бабахонов ўз таассуротларини қуйидагича изҳор қилди.
– Корхонамизга кираверишдаги энг кўринарли жойга муҳтарам Президентимизнинг “Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади” деган гапини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйганмиз. Бу гап бизни ҳар куни янги мақсадлар сари ундаб туради, доимо изланишдамиз, – дейди О.Бабахонов. – Давлатимиз раҳбарининг куни кеча корхонамизга келиб, бизни қўллаб-қувватлагани эса кучимизга яна кўп куч қўшди.
Бу фурсатдан фойдаланиб режаларимиз ҳақида гапириб бердик. Фаолиятимизни кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтмоқдамиз. Бунинг учун Мингбулоқ ва Поп туманларидан ер ажратилган, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олганмиз. Тез кунларда машина-трактор паркини ташкил қиламиз.
Ҳозир фақат трикотаж маҳсулотлари тайёрлаётган бўлсак, кластер тизимига ўтишимиз билан, иссиқхона, чорва, фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўямиз, омихта ем, ёғ ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Иккита пахта тозалаш заводи, пахта чигитини чуқур қайта ишлаш ва сифатли уруғ етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари иш бошлайди.
Биз бу режаларимизнинг барчасини 2019-2021 йилларда амалга оширишни мақсад қилганмиз. Агар улар муваффақиятли амалга ошса 20 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаймиз.
Энг муҳими давлатимиз раҳбари барча режаларимизни маъқуллади. Тегишли ташкилотлар раҳбарларига бизга кўмаклашиш ҳақида топшириқ берди.
Эндиги вазифамиз аниқ – фаолиятимизни кенгайтириб, илғор, самарадор технологиялардан унумли фойдаланиб, тараққиётимизга ҳисса қўшиш, давлатимизни, халқимизни бой қилиш.

ЎзА

Улашиш