Патронаж ҳамшира – тиббий маданият ва маънавият тарғиботчиси ҳамдир

55

Учқўрғон педагогика коллежи залида “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган профилактик тадбирларни олиб боришда патронаж ҳамшираларининг роли” мавзуида анжуман ташкилланди.

Тадбир  икки босқичда ўтказилди. Дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова патронаж ҳамширалари фаолиятини бугунги кун талаблари асосида юритиш юзасидан маъруза қилди. Бошқарма бошилиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиев соғлиқни сақлаш ходимлари маънавияти, хонадонларда  кечадиган мулоқот маданияти, беморлар ҳолидан хабар олишдаги ҳушмуомалалик ҳақида тўхталиб, тиббиётнинг қуйи тизимларида тарғибот-ташвиқот ишларини намунали йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берди.

—  Патронаж ҳамшира фақат тиббиёт ходими эмас, тиббий маданият ва маънавият тарғиботчиси ҳамдир. Бунинг маъноси шундаки, у хонадондаги тиббий ҳолатдан ташқари, оила ва таълим муассасасидаги соғлом турмуш тарғиботи, ижтимоий муҳитга ҳам эътибор қаратиши лозим. Бунинг учун патронаж ҳамшира ўз устида тинмай ишлаши, билими  ва касбий кўникмасини ўстириб бориши зарур, — дейди Райҳона  Мансурова.

Шундан сўнг ўрта тиббиёт ходимлари иштирокида кўрик-танлов бошланди. Учта шарт бўйича беллашувларда етти нафар патронаж ҳамшираси нималарга қодир эканлигини намойиш қилди. Жумладан, “Жалолобод” қишлоқ врачлик пунктидан Камола Саидова, “Катта чек” қишлоқ врачлик пунктидан Муқаддасхон Бўтаева, 41-оилавий поликлиникадан Дилфуза Ёқубова, “Янгиер-2” қишлоқ врачлик пунктидан Камола Норбўтаева, “Пахтачи” қишлоқ врачлик пунктидан Нилуфар Ҳамдамова, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидан Гулнора Каримова, 39-оилавий поликлиникадан Мухтасар Убайдуллаевалар дастлаб ўзлари хизмат қилаётган ҳудуд ва тиббиёт маскани ҳақида маълумот берган бўлсалар, патронаж ҳамширасининг кунлик фаолиятидан лавҳаларни саҳна кўринишида маҳорат билан ижро этишди. Тезкор савол-жавоблар чоғида эса қатнашчиларнинг  тиббиётга оид билим ва амалий кўникмалари имтиҳондан ўтди.

—  Тадбирга тайёргарлик босқичида фаолиятимизга бир карра назар солиб, камчилик ва нуқсонларимизни билиб олдик. Билимимизни янада ошириш учун астойдил ўқиб-ўргандик. Бундай кўрик-танловлар тез-тез ўтказлиб турилса, ишимиздаги самарадорлик янада ортар экан, чунки патронаж ҳамширалари тажрибаси-ю малакасини бойитадиган мактабнинг ўзи йўқ , -дейди Дилфуза Ёқубова.

Ноанъанавий  тарзда кечган анжуманга вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидан ҳам кўп сонли патронаж ҳамширалари таклиф қилинганлиги боис уларнинг соҳа вакиллари билиши, амалда қўллашига доир тушунчалари бойитилди.

Тадбир ниҳоясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров кўрик-танлов қатнашчиларининг чиқишларини юқори баҳолади ва уларга бошқарманинг Диплом ҳамда эсдалик совғаларини тантанали вазиятда топширди.

Анжуманда Учқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари Сардорбек Турсунов  иштирок этди.

Улашиш