«Наманганда туризм ривожи йўлида кенг қамровли ишлар қилинмоқда»

97

Маълумки, 2017 йилнинг 16 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3217-сонли қарори қабул қилинди. Бу муҳим ҳужжат мамлакатимизда иш ўринларини янада кўпайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушумларини кўпайтириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини юксалтиришга ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда Наманган вилоятида ҳам кенг салоҳиятга эга бўлган туризм соҳасини ривожлантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хуршидбек Абдумаликов билан ана шу мавзуда суҳбатлашди.

— Хуршидбек Абдумуталович, юқоридаги қарорнинг қабул қилиниши юртимизда бу соҳани жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий муҳитни яратди. Айтинг-чи, Наманганнинг туризм соҳасидаги мавжуд имкониятлари қандай ва уни кенгайтириш юзасидан ўтган 2018 йилда қандай амалий чора-тадбирлар кўрилди?

— Албатта, 3217-сонли Президент қарори туризмни ривожлантириш жараёнида энг самарали тартибни жорий этиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва даромадлари базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, юртимизга келадиган туристлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, миллий туризм маҳсулотларини жаҳон бозорида фаол ва комплекс илгари суриш каби вазифаларни амалга оширишни назарда тутади.

Вилоятимизда бугунги кунда 1300 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга 25 та меҳмонхона, 8 та сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилда вилоятимизга туристлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида 7 та янги меҳмонхоналар қурилиши бўйича дастур ишлаб чиқилди ва ҳозирда бу объектларда қурилиш ишлари давом этаяпти.

Шунингдек, 282 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, шундан 103 таси архитектура ёдгорлиги, 155 таси археология ёдгорлиги, 8 таси монументал санъат асарлари, 16 таси диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳлардир. Шуни таъкидлаш ўринлики, сайёҳлик фирмаларининг
6 таси жорий йилда ташкил этилди. Мазкур меҳмонхона ва туристик фирмаларда 500 нафарга яқин ходим фаолият кўрсатмоқда.

2018 йил давомида e-mehmon.uz тизимига уланган туристик ташкилотлар (меҳмонхана, санаторий, дам олиш маскани, тиббиёт муассасалари ва бошқалар) томонидан 49612 нафар сайёҳга туристик хизмат кўрсатилди. Вилоятимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони
9054 нафарни ташкил этиб, улар дунёнинг
82 мамлакатидандир.

— Кўпроқ қайси мамлакатлар аҳолисининг Ўзбекистонга қизиқиши катта?

— Ўтган йилдаги натижаларни таҳлил этадиган бўлсак, юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларнинг 2021 нафари Қирғизистондан, 1061 нафари Жанубий Кореядан, 1052 нафари Россиядан, 754 нафари Қозоғистондан, 752 нафари Туркиядан, 452 нафари Хитой давлатидан, 373 нафари Тожикистондан, 173 нафари Ҳиндистондан, 123 нафари Япония ва бошқа давлатлардан.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил
2-3 май кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари давомида ҳам ушбу соҳани ривожлантириш юзасидан кўплаб топшириқлар берилган эди. Бу борадаги ишлар қай босқичда?

— Айнан мана шу қутлуғ ташриф давомида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Янгиқўрғон туманидаги Заркент қишлоғида жойлашган «Шаршара» болалар оромгоҳини 2019 йил якунига қадар 20,0 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига замонавий дам олиш комплексига айлантирилмоқда. Бу «Узтекс Учқўрғон» МЧЖ томонидан амалга  оширилмоқда. Ҳозирда мазкур ҳудудда маҳаллий аҳоли ва хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи замонавий дам олиш масканининг қурилиш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.

Шунингдек, «Нанай кичик туристик зонаси»даги дам олиш масканлари хатловдан ўтказилди. Аниқланган 79 та дам олиш масканларининг умумий ер майдони
100 гектардан ортиқ бўлиб, шундан 15 та дам олиш масканларининг ер майдони 1 гектар ва ундан ортиқ бўлганлиги сабабли, ушбу дам олиш масканларини йирик дам олиш масканлари рўйхатига киритилди.

Ушбу кичик туристик зонанинг ҳудуди Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат Қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси, Архитектура ва Қурилиш бошқармаси, Янгиқўрғон тумани ер ресурслари бўлими, Янгиқўрғон тумани ер-мулк кадастр бўлими ва Узгеодезкадастр Қўмитаси вакиллари иштирокида аниқ чегаралари белгилаб олинди. Узгеодезкадастр Қўмитаси томонидан жойларда  дронлар ёрдамида «Нанай кичик туристик зонаси»нинг 1:1000 масштабли  топографик харитаси ишлаб чиқилди. Ҳудуднинг топографик харитаси Узгеодезкадастр Қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат Қўмитасига тақдим этилди.

Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Туризм бошқармаси томонидан «Нанай кичик туристик зонаси»нинг Концепцияси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 сентябрдаги 14/1-1856-сонли «Нанай кичик туристик зонаси»ни ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

— Туркиянинг «IdealIST» шаҳарсозлик, кўчмас мулк, инвестицион ҳамкорлик компанияси билан ҳамкорлик ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?

— Ўтган йил 3-6 сентябрь кунлари Туризм қўмитаси вакиллари ва вилоят ҳокимининг ўринбосари У. Юнусов бошчилигида Туркиянинг «IdealIST»  шаҳарсозлик, кўчмас мулк, инвестицион ҳамкорлик компанияси билан ушбу зонанинг мастер-режасини ишлаб чиқиш мақсадида Туркия давлатига хизмат сафари билан ташриф буюрдилар ва хизмат сафари давомида зарур шартномалар имзоланди. 2018 йил 12-13 октябрь кунлари эса бу хориж компанияси ҳамда Туризм қўмитаси вакиллари «Нанай кичик туристик зонаси» ҳудудида олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Нанай қишлоғига ташриф буюрдилар.

Бугунги кунда «Нанай кичик туристик зонаси»ни ташкил этиш бўйича тегишли ташкилотлар томонидан зарур ишлар олиб борилмоқда ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур жараёнлар қатъий назорат остига олинган.

Туризмни ривожлантириш борасида вилоятнинг бошқа ҳудудларида яна қандай ишлар амалга ошириляпти?

— Бу саволингизга жавобан айтишим мумкинки, Наманган шаҳрида барпо этилаётган «Афсона» тематик парки вилоятимизнинг туристик салоҳияти ва жозибадорлигига ўзининг жуда катта ижобий таъсирини кўрсатади. Мазкур «Афсона» тематик паркининг умумий лойиҳа қиймати
171 млн. АҚШ долларини ташкил этади. 110 гектар майдонни эгаллаган ушбу паркда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, кичик ўйингоҳ, муз саройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, савдо шахобчалари, кутубхона ва ҳунармандлар маркази ташкил этилади. Энг эътиборлиси, ушбу боғда йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатилади ва у 2019 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топширилади, натижада эса 1500 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Шу билан бирга, Чортоқ тумандаги  «Гулшан» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Chartak Resort» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – Нидерландия қўшма корхонаси томонидан  умумий лойиҳа қиймати 149,0 млрд.сўм бўлган,
250 ўринли, замонавий чет эл технологияларига асосланган «Санатория, соғломлаштириш маркази» барпо этилмоқда. Соғломлаштириш марказини қуриш учун жами 15,2 гектар ер майдони ажратиб берилган бўлиб,  у бир йил давомида 6000 нафар фуқарога, шундан, 2300 нафар хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Санатория 2019 йил декабрь ойида ишга туширилиши ҳамда ушбу лойиҳани ишга туширилиши натижасида 250 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

— Вилоятдаги туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш ҳам долзарб вазифа, шундай эмасми?

— Дарвоқе, бу борада ўтган йилнинг 11-15 февраль кунлари италиялик ҳалқаро эксперт Роландо Розани томонидан 4 кунлик «Меҳмондўстлик қоидалари тўғрисида» официантларнинг семинар-тренинги ўтказилди. Шунингдек, Наманган вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш, туристлар учун жаҳон стандарти даражасида сифатли хизматни ташкил этиш мақсадида 17-20 октябрь кунлари «Namangan-S» меҳмонхонасида ўқув курси ташкил этилди. Унда 37 нафар меҳмонхона ходимлари иштирок этди. Ўқув курси якуни билан уларга уч йил муддатли сертификатлар тақдим этилди.

Наманган вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ташрифини кўпайтириш учун уларга қулай шароитлар яратиш, хизматлар турини кенгайтириш мақсадида «Наманган вилоятида санитар-гигиена узеллари ҳолатини яхшилаш маҳаллий дастури» ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастурни амалга ошириш мақсадида «MEGA GROMADA MEBEL» МЧЖ билан Наманган вилоятида замонавий модулли санитар-гигиеник шахобчаларни қуриш бўйича келишувлар олиб борилмоқда.

2018 йил 3-5 октябрь кунлари «Ипак йўлида туризм» 24-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси ўтказилади. Мазкур ярмарка таассуротлари қандай бўлди?

— Ушбу ярмарка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 августдаги 666-сон фармойишига асосан ташкил этилди. Ярмаркада вилоятимиз вакиллари ҳам қўл меҳнати маҳсулотлари, тарихий экпонатлар, маданий урф-одатлар, мева маҳсулотлари ярмаркаси, туристик стенди ва кўргазмалари билан иштирок этдилар.

2018 йил 19-21 ноябрь кунлари эса Тошкент шаҳрида Туризм соҳасидаги I-Халқаро Инвестицион Форуми ташкил этилди. Мазкур Форум давомида хорижий инвесторларга Наманган вилоятидан 38 та (жами 227,5 млн. долларлик) лойиҳа ва 16 та бўш ер (жами 36,7 гектар) майдонлари таклиф этилди. Халқаро инвестиция форуми доирасида Хитой халқ Республикаси, Россия, Германия давлатлари ва маҳаллий инвесторлар билан 6 та лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланди. Шартномаларнинг умумий қиймати 76,95 млн. долларни ташкил этди. Бунинг натижасида Наманган шаҳри, Поп, Янгиқўрғон, Уйчи, Чортоқ ва Косонсой туманларида замонавий меҳмонхоналар, конференциялар зали, йирик савдо мажмуаси, кемпинг, мотел ва дам олиш масканлари барпо этилади. Шунингдек, 600 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилади.

— Жорий «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» учун қандай режалар тузилган?

— 2019 йилда Наманган вилоятида 50 дан ортиқ замонавий санитар гигиеник шахобчалар барпо этиш, туристик объектларга олиб борувчи 86 та йўл кўрсаткич белгилари ўрнатиш, 25 та меҳмон уйларини ташкил этиш, замонвий ва барча қулайликларга эга 4 та меҳмонхона қуриб битказилиши ва 20 та меҳмонхона қурилиш ишлари олиб борилиши ҳамда Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туманларидаги сув омборхоналарида экотуризмни ташкил этиш режалаштирилган.

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

Улашиш