Кореяда таҳсил олаётган талабанинг туризмни ривожлантириш бўйича таклифлари

43

Сўз – хориждаги талабага

Мен Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида туғилиб ўсганман. Ҳозирда Жанубий Корея давлатининг Донгсео университети талабасиман. Бу йил университетни тугатиб, она юртим – Ўзбекистонга қайтаман.
Барча хорижда таҳсил олаётган ёшлар қатори мени ҳам Ватанимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар, истиқболли режалар қувонтирмоқда. Айниқса, Президентимиз томонидан мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар муҳим аҳамият касб этади. Чунки Ўзбекистон дунёнинг ҳеч бир давлатидан қолишмайдиган мафтункор табиатга эга, қадимий обидалар ва туристик гўшалар жуда кўп. Фақат ҳамма гап саёҳатга ишқибоз турли мамлакатлар фуқароларига бу ҳақда тўлиқ ва тўғри маълумот бера олишимиз, уларнинг кўнглида Ўзбекистонга нисбатан қизиқишни уйғота олишимизда. Президентимиз таъкидлаганларидек, туризм мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўша оладиган соҳа.
Шу ўринда Корея давлатида туризм йўналишида эришилган ютуқлар ҳақида гапириб берсам. Жанубий Кореяда сайёҳлик ва туризм давлат ялпи ички маҳсулотининг 1,6 фоизини ташкил қилади. Бу қарийб 24,3 миллиард доллар демакдир. Бу кўрсаткич 2017 йилга қараганда ўтган йили 3,7 фоизга ўсган. 2028 йилга бориб, бу рақам 35,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Бу фақат туризмнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри таъсири ва улушига тўғри келади.
Агар биз туризмни бошқа соҳаларга таъсирини ҳам қўшиб ҳисобласак, яъни туризмни инвестиция ва ички савдонинг ўсишига кўрсатаётган таъсирини кузатсак, янада ҳайратланарли рақамларни кўришимиз мумкин. Бу давлатда сайёҳлик ва туризмнинг иқтисодиётга таъсири ялпи ички маҳсулотнинг 4,7 фоизини ёки 71,4 миллиард долларни ташкил қилади.
Жанубий Кореяда ички туризм жуда яхши ривожланган. Бунга сабаб мамлакатда инфратузилманинг ривожланганлигидир. Тезюрар поездлар ва экспресс автобуслар мамлакатнинг исталган бурчагига бир кундан кам бўлмаган муддатда етказиб қўяди. Йўловчилар учун яратилган қулай шарт-шароитларни йўловчи ташиш тизимида йўлга қўйилган соғлом рақобат натижаси дея баҳолаш мумкин.
Шунга ҳам эътибор қаратиш керакки, бу давлатда иқтисодиёт таъсирида ички туризмнинг улуши 74,7 фоизни ташкил қилган бўлса, четдан келган туристлар харажатлари туризмнинг ялпи иқтисодиётга қўшган улушининг 25,3 фоизини ташкил қилади. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, ички туризм мамлакат туризми соҳасининг асосий ривожланган қисми.
Менинг назаримда, Ўзбекистонда туризм соҳасида бундан ҳам юксак натижаларга эришиш мумкин. Негаки, юртимиздаги очиқ осмон остидаги музей-шаҳарлар, номоддий маданий объектлар, тарихий обидалар хорижликлар учун очилмаган қўриқдек гап. Афросиёб, Ахсикент каби кўҳна шаҳарлар, сўлим тоғ ҳавоси, ажойиб манзаралар ҳар қандай туристни ўзига жалб қилади.
Мен яқинда кореялик тадбиркорнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида унинг дўстлари Ўзбекистонга ташрифи давомидаги суратларини кўрдим. Улар Жиззах ва Қарши адирларидаги лолазор ичида суратга тушишибди. Қамчиқ довонидаги, Поп туманидаги гуллаган бодомлар ёнидаги суратлар ҳам шунчалар чиройлики, тасвирлаш мушкул. Нафақат бундай манзаралар, балки миллий таомларимиз ҳам хорижликларнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Туризмни ривожлантиришда ҳар бир мамлакатнинг миллий-маданий қиёфасини кўрсатиб берувчи маҳсулотларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Масалан, Чуст пичоқлари, Марғилон дўппилари, Хива гиламлари, кашталар, шойи ва атлас, адрас матолари, улардан тайёрланган турли либос ва буюмлар шулар жумласидан. Менинг фикримча, ана шу маҳсулотлардан кўрган кишининг кўз ўнгида Ўзбекистонни гавдалантирадиган эсдалик учун буюмлар яратувчи ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш вақти келди. Чунки қайси мамлакатга борса, ўша давлатдан эсдалик учун қандайдир буюмни харид қилиш туристларнинг энг севимли одатидир. 
Ўз навбатида, шаҳарларни ва туристик манзилларни бир-бирига боғловчи йўлларни ҳам ривожланган мамлакатлардаги каби таъмирланишига ва қайта қурилишига эришишимиз керак. Туристик базалардаги хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши, хорижий тилларда бемалол сўзлаша оладиган, мамлакатимиз тарихини, бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатини чуқур англайдиган ёшлар сонини кўпайтириш ҳам туризм ривожига хизмат қилади. Бу борада инновацион ғояларни яратиш, уларни амалга кенг татбиқ этмоқ керак.
Энг муҳими, олдимизга катта мақсадларни қўяйлик. Бу мақсадлар Ватанга меҳр, унинг равнақи йўлида фидокорлик қилишдек туйғулар билан суғорилган бўлсин.

Аббосбек Собиров, Жанубий Кориянинг Донгсео университети талабаси.​
ЎзА

Улашиш