ОИЛА МУВОЗАНАТИ Уни барқарор ушлаб турмоқ осон эмас

27

Оила. Оила мустаҳкамлиги. Оилавий муаммолар ва уларнинг ечимлари. Булар шунчалар кенг ва чуқур мавзуларки, гўёки бу борадаги фикр-мулоҳазаларни бир қолипга ё бир китобга сиғдириб бўлмайдигандек. Ростдан ҳам шундай. Чунки ҳар бир оиланинг ўз ёзилмаган қонуниятлари, тартиб-тамойиллари мавжуд. Бироқ уларни бир мезон тутиб туради. Бу — меҳр, ишонч, садоқат ва ўзаро ҳурмат. Бу туйғуларнинг бирига дарз етса, оиладаги мувозанат ҳам бузилади.

Айни шу мавзуда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Норин туманидаги вакили Камолиддин Ҳамрақулов билан суҳбатлашдик.

Фарзанд Аллоҳ таолонинг ота-онага улуғ туҳфасидир. Халқимиз бу қутлуғ имконни қай даражада эъзозлашини изоҳлаш шарт эмас. Эътибор берган бўлсангиз, бу ўринда «имкон» сўзини қўлладик.

Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси ота-она учун мўътабар имкондир. Афсуски, шу имконни суиистеъмол қиладиганлар орамизда учраб туради. Бугун ота-онаси бўлса-да, тарбия ва таъминотда қаровсиз қолаётган «тирик етимлар» — бизнинг энг оғриқли нуқтамиз.  Айтинг-чи, муқаддас ислом динида ота-оналик шарафига қандай изоҳ берилган, улар зиммасига қандай масъулият юкланган?

— Ота-она энг улуғ зотлар ҳисобланади. Чунки улар фарзандлари учун бутун ҳаётини бағишлайди. Фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетганидан кейин ҳам у ҳақда қайғуришдан тўхтамайди.

Ота-она фарзанди хасталанса даволайди, едиради, кийдиради, оқ ювиб-оқ тарайди. Ўзи ҳузур-ҳаловатдан маҳрум бўлса ҳам, кечалари уйқусиз қолса ҳам, боласи учун барча шароитни яратишга ҳаракат қилади.

Тўғри, бу ишлар ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифалари. Бироқ, афсуски, айримлар ота-оналик вазифасини фақат шулардангина иборат деб ўйлайди. Ҳолбуки, энг муҳим, қийин ва асосий вазифа борки, бу — фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар: «Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ ҳадя беролмайди». Демак, ота-онанинг боласига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва тарбиядир. Яхши хулқ одамга нафақат умри давомида, балки охиратда ҳам наф келтиради. Зеро, ҳадиси шарифда: «Банда гўзал хулқи ила кечалари ибодатда қоим бўлувчи ҳамда кундузи рўза тутувчининг даражаси — савобига эришади», дейилади.

Тан олиш керак, айрим оилаларда ота-она уззукун кўчада юради, уйда бўлган вақтларида ҳам вақтини фарзандларидан қизғанади. Шу боис ўғил-қизлар тарбияни телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар ва телевизордан олмоқда. Шундай тарзда улғайган болани яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайиши даргумон.

Энг ачинарлиси, оилавий ажримларнинг юз бераётгани, икки-уч нафар болаларнинг ҳали гўдаклигиданоқ ё онасиз, ё отасиз қолаётганидир. Нима учун ёшлар ажрим масаласига жуда енгил муносабатда бўлмоқда? Сиз нима деб ўйлайсиз?

Аввало, оила бузилишининг айрим сабабларига тўхталиб ўтсак. Бунда энг асосийси, эр ва хотинда оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билимнинг етишмаслигидир. Менимча, бу борада биринчи омил оилавий ҳаёт, эр-хотин орасидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги бўлса керак. Тўғрисини айтсак, ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин ва куёвларга турмуш маданиятини ўргатишга биз етарли даражада эътибор қарата олмаяпмиз.

Яқинда электрон савол-жавоб бўлимимизга бир мактуб келди. Хат эгаси икки ой олдин турмушга чиққани, тўйдан кейин куёв билан алоҳида уйда яшаётгани, ўрталарида жанжал бўлаётганини ёзиб, маслаҳат сўраган. Бунга ўхшаш ҳолатлар озмунча эмас. Чунки кўпчилик келин-куёв тўйдан кейин оилавий ҳаёт ҳақидаги асосли таълимотларга эмас, кўча-кўйдан эшитган тўғри-нотўғри маслаҳатларга амал қилади.

Демак, келин-куёвликка номзод ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини юксак савияда йўлга қўйишимиз зарур. Бу масалада уламолар ва бошқа соҳа мутахассислари ҳам ўз йўналишлари бўйича керакли чора-тадбирларни кўришлари лозим. Бу борада таълим ва маслаҳатлар тақдим қилувчи ўқув марказлари кўпайса, яна ҳам яхши бўлар эди.

Албатта, оила қуриш, аъзоларнинг ўзаро муносабати қандай бўлиши кераклиги ва бошқалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи. Бу оила бахт-саодати, мустаҳкам бўлишининг асосий шарти. Улардан бехабарлик турли нохушликлар ва муаммоларга йўл очади.

Шу ўринда интернетдаги саҳифамиздаги яна бир мактубдан мисол келтирсам, ўринли бўлар. Бир юртдошимиз қуйидагиларни ёзибди: «Эр-хотин ажрашишга қарор қилиб, керакли жойларга ариза топшириб қўйгандик. Иттифоқо, саҳифангизни очиб, оила рукнига кўзим тушиб қолди. Ундаги маълумотларни ўрганганимдан кейин мусулмон эр эмаслигимни тушуниб етдим. Ўзимни ўнглашга киришдим. Мендаги ўзгаришларни кўрган аёлим сабабини сўради. Саҳифани очиб кўрсатдим. Оила рукнини ўқиганидан сўнг, у ҳам хатоларини тузатишга киришди. Бу ташаккурномани бирга ўтириб ёзяпмиз».

Албатта, ҳар бир нарсани англаб етиб, билим асосида иш туриш кўп яхшиликларга манбаа бўла олади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда нозиклигини ҳисобга олиб, бунга жиддий қараш, уларни юқори савияда тутишга ҳаракат қилиш зарур. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликдан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий жиҳатлардан олдин маънавий жиҳатларга эътибор қаратишимиз керак.

Оила таназуллининг яна бир сабаби — ароқхўрлик ва гиёҳвандликдир. Бу икки офат бир-бирига боғлиқ десак, хато бўлмайди. Кўпинча эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб, маст бўлади. Кейин уйида жанжал кўтаради. Бу эса талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ келади: оила бузилади, болалар тирик етимга айланади…

Эътибор берсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли бузилган оилалар, бир-бирига душман бўлган ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилар қанча. Гиёҳвандлик туфайли янги оилаларнинг бузилиб кетишининг ўзи катта мусибат. Зотан, бу ҳам оилани барбод қилувчи омил. Бу нарса ҳам шариатимизда қатъиян ман қилинган.

Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (алайҳиссалом) ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар» (Абу Довуд ривояти). Яъни, истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром. Мазкур ҳадиси шарифда айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир.

Уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларини қабул қилиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш — ҳаммаси ҳаромлигига далолат қилишган.  Улар: «Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаром, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг ибодати қабул эмас, улардан келган фойда ҳаром, уни садақа қилиб ҳам, хайрли ишларга ишлатиб ҳам бўлмайди», дейишган.

Ёш оила ҳаётига ота-оналар аралашуви ҳам айрим ҳолларда ажримларга сабаб бўлаяпти. Қадимдан мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда оила катталари, хусусан, ота-оналар ёш оила мустаҳкамлигига гаров бўлиб келишган. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келишолмай қолишса, уларни яраштиришни бурчлари деб билишган. Ҳозир эса тескарисига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу борада ақл бовар қилмайдиган ишларни кўриб, гапларни эшитиб, ёқа ушлаб юрибмиз.

Куни кеча домлаларимиздан бири сўраб қолди: «Бир кишининг онаси: «Хотинингни талоқ қўймасанг, сени оқ қиламан», деб туриб олган экан, «Талоқ қилдим», дебди. Ота бу бир талоқ бўлишини, ўғли яна келини билан ярашиши мумкинлигини бошқалардан билибди. Келин отасиникига кетганидан кейин она ўғлини олиб борибди. Қўшниларни тўплаб, улар гувоҳлигида: «Ҳозир уч талоқ қиласан, бўлмаса, оқ қиламан», дебди. У киши ноиложликдан «уч алоқ» қилдим, дебди. Талоқ сўзининг «т»сини айтмай, «алоқ», дебди. Бунинг ҳукми нима бўлади?»

Бу каби ҳолатлар кўп учрайди. Уларнинг келиб чиқишига ота-оналарнинг инсофсизлиги, шариатни билмаслиги, унга амал қилишни хаёлига ҳам келтирмаслиги сабаб бўлмоқда. Бундай кимсалар боласи жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайди. Улар бир-бирига эмас, бизга ёқиши керак, деган фикрда бўлади.

Оилабузар ота-оналар боласига: «Агар жуфтингдан ажрамасанг, сени оқ қиламан, берган сутимга розимасман», каби жумлалар билан таҳдид қилишаётганини айтишади. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб диний кўрсатмага бош уриш қарорига келади, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қолмасликка қасд қилади.

Аллоҳ амрига, дин таълимотига қаралса, ота-она ҳақи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади, бу ҳақни қўлидан келганча адо этишга ҳаракат қилади. Аммо ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳ амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат йўқ.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинади. Бошқа бировнинг, ҳатто ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан никоҳни бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар. Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда, жумладан, қуйидагилар айтилади: «Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат этмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпчилиги зикр қилган».

Шайх Тақиюддин онаси хотинини талоқ қилишга амр этган киши ҳақида: «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшиликдан эмас», деган.

Муовия ибн Райёндан ривоят қилинади: «У бир кишининг Атодан савол сўраганини эшитди: у кишининг онаси хотинини талоқ қилишидан бошқа ишга рози эмас экан. Шунда у: «Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм кўрсатаверсин», деди. «Хотинини қўйиб юборадими?» деди. «Йўқ», деди Ато. Шунда ҳалиги одам: «Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», деди. «Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам, тутиб қолса ҳам танглик йўқ», деди».

Демак, бу ердаги гаплар ҳам ушбу боб мазмунидан келиб чиқади. Ота-она Аллоҳ ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундайдир. Агар талоқ тушса, Раҳмоннинг Арши ларзага келади, дейилади. Бу ривоят она боласидан хотинини талоқ қўйишни қаттиқ талаб қилса ҳам, бунга рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилди.

Юқоридаги гаплар қизини мажбурлаб, ажратиб олишга уринадиган ота-оналарга ҳам тегишли. Шариат ҳукми шу бўлгач, ота-оналар инсоф қилиши ва фарзандларининг оиласини бузишни ўзига эп кўрмаслиги лозим.

Бефарзандлик ҳам оилавий ажримга сабаб бўлади.Аллоҳ таоло инсон зотига фарзанд муҳаббатини қўшиб яратган. Шу боис, эр-хотин фарзанд кўрмаса, ташвишга тушиши табиий ҳол. Аммо айримлар бу ишда жуда шошиб кетади. Бир ой, ярим ой ўтмай, ташвишга тушади. Айниқса, келин тарафнинг хижолати ортади. Албатта, бундай пайтларда шошмаслик, фарзанд сўраб Аллоҳ таолога дуо қилиш, сўнгра мутахассис шифокорлар билан маслаҳатлашиш керак бўлади.

Баъзи ҳолатларда келин-куёв сабр қилса ҳам, ота-оналар, қариндошлар уларни тинч қўйишмайди. Бу тўғри эмас. Аслида, ёшлар шошилганда ҳам, катталар ўгит бериб уларни тинчитиши лозим. Тажрибамизда ўн тўрт йил ва ундан кўпроқ вақтдан сўнг фарзанд кўрганларнинг гувоҳи бўлдик, ақиқаларида иштирок этдик. Шунинг учун ҳам бу масала сабабли оилани бузишга шошмаслик зарур.

Табобат тараққий қилган бугунги кунимизда барча имкониятлардан фойдаланиш керак. Айрим ҳолларда табиий равишда ҳомила пайдо бўлишига қобилияти йўқ шахсларни суньий урчитиш билан даволаш ҳам йўлга қўйилган. Кўпчилик бу ишда шариат ҳукми қандай эканини сўраб келади. Бу масалани Ислом Фиқҳи Академиялари ўрганиб, шаръий муносабатларни эълон қилишган.

— Ҳаётда ҳар-хил воқеалар бўлиши табиий, гоҳо ихтиёрий-мажбурий ажралишлар ҳам бўлади. Аммо ҳеч бир сабабсиз бўлиниб кетган оилалар ва отанинг нафақасисиз қолаётган болалар ҳақида ўйлаш ниҳоятда қайғули. Ўзи дунёга келтирган фарзандидан тонаётган, уни қаровсиз қолдираётган оталарга нисбатан динимиз қандай муносабат билдиради?

Бир одам ўғли билан бирга ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳузурига келди: «Ўғлим менга итоат этмайди», дея шикоят қилди. «Аллоҳдан қўрқмайсанми, нега бундай қиласан? Ота-онанинг фарзандда жуда кўп ҳақлари бор», дея ҳазрат Умар ўсмирга танбеҳ берди. «Эй мўминлар амири, боланинг ҳам отада бирон ҳақи борми?» дея сўради ёш йигит. «Ҳа, бор. Аввал яхши хотинга уйланиши, бола туғса, чиройли исм қўйиши, унга Қуръони карим ва фарз ибодатларни ўргатиши, уйланадиган ёшга етгач, уйлантириши боланинг отасидаги ҳақларидандир», деди ҳазрат Умар. «Аллоҳга қасам, отам мусулмон аёлларни қолдириб, 400 дирҳамга сотиб олган бир чўри билан турмуш қурди. Менга яхши исм қўймади. Исмимни қурт — ҳашарот маъносида Жуҳла деб қўйди. Қуръони каримдан ва ибодатлардан ҳеч нарса ўргатмади», деди. Буни эшитган ҳазрат Умар ўсмирнинг отасига: «Ўғлим менга итоат этмайди, дейсан. Ваҳоланки, у қарши чиқишидан аввал ўзинг унинг ҳақларини топтабсан, вазифаларингни адо қилмабсан. Энди бор, олдин бурчларингни бажар», дея танбеҳ берди.

Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги зарур. Ана шунда улар ота-онаси, эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ қиладиган инсонлар бўлиб етишади.

— Аллоҳ томонидан ўзига берилган оталик мартабаси моҳиятини англамаётганларга қандайдир қонуний жазо бериб бўлмайди. Нима учун жамиятда ота-оналик бурчига масъулиятсизларча қарайдиганлар сони камаймаяпти? Сизингча, бу борада қандай қўшимча чора-тадбирлар қўллаш жоиз?

— Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар. Эрнинг хотини олдидаги бурчлари икки қисмга бўлинади: молиявий бурчлар ва муомалавий бурчлар. Молиявий бурчлар маҳр, нафақа ва тўйдан иборат.

«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш баробарида эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин» (Нисо сураси, 4-оят). Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканини англатувчи тўртта оятдан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан, гарчи қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам, эрга маҳр бериш вожиб бўлади. Лекин маҳр бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ боғланаверади, олди-берди кейинроқ бўлса ҳам, зарари йўқ. Аллоҳ таоло Нисо сурасида бундай дейди: «Улардан баҳраланишингиз ҳисобига фарз қилинган маҳрларини уларга беринг» (24-оят).

Маҳр келиннинг турмуш қуришга рози бўлгани, хотин бўлиб, бир ёстиққа бош қўяётганини тақдирлаш сифатида берилади. Маҳр бериш фарздир. Бусиз никоҳ никоҳ бўлмайди. Олдинми, кейинми, озми, кўпми, барибир маҳр бериш керак. Аллоҳ таоло яна бундай марҳамат қилади: «Уларни аҳлларининг изни ила маҳрларини маъруф ила бериб, никоҳингизга олинг» (Нисо сураси, 25-оят). Жўнгина «маҳрларини беринг», деб қўймасдан, «маъруф ила»нинг қўшиб айтилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Никоҳдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. «Нафақа» сўзи луғатда «яхшиликка маблағ чиқариш» маъносини англатади. Шариатда эса, қарамоғидаги шахсни етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Барча уламолар аёл нафақаси эрига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар. Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.

Нафақа ҳақида қуйидаги масалаларни билиб олиш, уларга ихлос билан амал қилиш оила ва унинг аъзолари учун ўта муҳимдир. Яъни, нафақа миқдори иккисининг ҳолига қараб: ҳар иккиси бой бўлса, бойликка яраша, камбағал бўлса, камбағалликка яраша бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.

Ҳар бир оила иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб, хотиннинг нафақасини белгилаши керак. Бунда эр мумсиклик қилмаслиги, хотин талабни ҳаддан ташқари кучайтирмаслиги лозим.

Ҳозирги кунда эркакларнинг кўпчилиги аёлини нафақа билан таъминлаш борасидаги бурчларини шараф билан адо этаётган қувончли. Лекин айрим ҳолатларда хотинларга нафақа масаласида зулм бўлаётганлиги ҳақида шикоятлар ҳам кўп. Аёлини нафақа билан таъминламагани етмагандек, «Бошқаларнинг хотини ишлаб пул топяпти, сен ҳам мени боқасан», деб телевизор кўриб ётадиган эрлар ҳам йўқ эмас. Бу эса чидаб бўлмайдиган ҳолдир.

Фақиҳ уламолардан нақл қилинган «Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам» деган жумла ҳам бизнинг даврда алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб қолди. Кўпчилик хонадонларда келин хасталансаа, отасиникига олиб бориб қўйишни фарз ёки вожиб деб билишади. Ота-она, қариндош ёки таниш-билишлар хотини касал бўлган эркакка: «Онасиникига элтиб қўй», дейди. Тузалган куннинг ўзидаёқ келинни қайтариб олиб келишга амр қилишдан хижолат ҳам бўлишмайди. Чунки бу одатга айланиб қолди. Аслида, бетоб аёлни отасиникига ташлаб келиш эркак учун номус бўлиши керак. Аксинча, отасиникида бемор бўлиб қолса, эр уни ўз уйида даволатиши лозим.

Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар беш қисмдир:

Биринчиси, таом. Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) нарсалар ҳамда таом пишириш учун кетадиган барча маҳсулотлар киради. Таом миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.

Кейингиси – кийим. Етарли даражада, бир сидирға кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидирға янги кийим олиб берилади», дейилган.

Учинчиси – маскан. Эр хотинини маскан – ура ржой билан таъминлаши вожиб. Бу эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган, унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.

Тўртинчиси – агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради. Бешинчиси – тозалик асбоб-анжомлари ва уй учун керакли ашёлар.

Агар эр моли бўла туриб, аёлига нафақа қилмаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Аёл талаб қилса, эрнинг бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.

 Ўзбошимчалик билан уйидан чиқиб кетган, қарз учун ҳибсга олинган, куёвнинг уйига касаллиги туфайли келтирилмаган, мажбурланган (олиб қочилган) ва эрисиз ҳаж қилган аёлга нафақа йўқ. Аёл агар эри билан бирга ҳаж қилса, сафар ва кира нафақасига эмас, муқимлик ҳолатида оладиган нафақасига ҳақлидир.

Бой эрга хотин учун бир ходим нафақаси ҳам вожиб бўлади. Саҳиҳ қавлга биноан, камбағал эрга бу нарса вожиб бўлмайди.

Эрнинг нафақадан ожизлиги учун оралари ажратилмайди. Аёлга эрнинг ҳисобидан қарз олиш амр қилинади.

Эр нафақа беришга ожиз бўлса ҳам хотинидан ажратилмаслигининг ҳужжати  қуйидагича:
«Агар ночор бўлса, бойигунча кутишдир» (Бақара сураси, 280-оят). Демак, ночор одамнинг бойишини кутиш керак. Ночорлиги учун бошқа чора кўриш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло Нур сурасида бундай марҳамат қилади: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъ ва Алимдир» (32-оят). Оятда фақирлик никоҳга тўсиқ бўла олмаслиги таъкидланмоқда.

Кимга камбағаллигига қараб нафақа юкланган бўлса-ю, кейин бойиса, агар хотин талаб қилса, бойлигига мос нафақа ила тўлатилади. Аксинча, бойлигида нафақа белгиланса-ю, кейин камбағал бўлиб қолса, камбағаллик даражасига қараб нафақа қисқартирилади.

Ўтган муддатнинг нафақаси соқит бўлади. Эр маълум муддат нафақа бермай юрган бўлса, кейин уни тўлаши лозим бўлмайди.

Илло, қози тайинлаган ёки икковлари бир нарсага келишган бўлишса, ўтган муддатникини ҳам бериш вожиб бўлади. Бунда икковлари ҳам тирик бўлиши шарт. Агар бири вафот этган ёки аёлни нафақани олишидан аввал талоқ қилган бўлса, тайинланган нарса соқит бўлади. Бироқ, аёл қозининг амри ила қарз олган бўлса, соқит бўлмайди.

Муддатидан олдин берилган нафақа, икковларидан бири муддатдан олдин вафот этса, қайтариб олинмайди. Мисол учун, бир киши хотинининг бир йиллик нафақасини олдиндан бериб қўйди. Аммо бир йил ўтмасдан, икковларидан бири вафот этди. Шунда нафақа қайтариб олинмайди.

Хотиннинг маскани эрнинг аҳлидан бирор киши бўлмаган уйда бўлиши шарти ила эрга вожиб бўлади. Ҳаттоки, эрнинг бошқа хотинидан бўлган боласи ҳам бўлмаслиги керак. Илло, аёл рози бўлса, майли.

Агар эр хотинни ҳеч ким йўқ уйга жойлаган бўлса-ю, хотин эр ураётгани ва озор бераётгани ҳақида қозига шикоят қилса ва ўзининг солиҳ қавмлар орасига жойлаштирилишида ёрдам сўраса, қози хотиннинг гапи тўғрилигига амин бўлса, эрни зажр қилади ва хотинга тажовуз қилишдан қайтаради. Аммо эрнинг хотинга озор бермаётганига гувоҳлар бўлса, тек қўяди. Агар атрофда ишончли кишилар бўлмаса ёки улар эрга тарафдор бўлишса, қози хотинни солиҳ қавмлар орасига кўчиришни эрга мажбурий амр қилади.

Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида, қулфланадиган уй аёлга кифоя қилади. Яъни, бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, алоҳида яшаш учун лозим қулайликлари бор уй бўлса, етади.

Эр хотиннинг олдига у (хотин)нинг ота-онасини ва бошқа эрдан бўлган боласини киритмасликка ҳақли. Чунки уй уники ва у ўз уйини хоҳлаганича тасарруф қилиш ҳаққига эга.

Хотинга истаган пайтларида назар солишларидан ва гапиришларидан (қариндошларни) ман қилишга (эрнинг) ҳаққи йўқ. Чунки силаи раҳмни кесиш ҳаққи ҳеч кимга берилмаган.

Fойибнинг хотини, боласи ва ота-онасининг нафақаси унинг молидан фақат уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан тайин қилинади.

Fойиб — йўқолиб қолган одам. Унинг молидан хотини, боласи ва ота-онасининг нафақасини қози белгилаб беради. Бошқа қариндошлар нафақаси соқит бўлади. «Уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан» дегани «уларга зарур бўлган нарсалардан» деганидир. «Мана буни сотиб, ишлатарсизлар», деб бошқа нарсаларни бериб бўлмайди.

Бунда мол омонатга қўйилган, музорабада қатнашган бўлмаслиги ёки қарзга олган кишининг ҳузурида бўлиши ва у (эр) буни эътироф қилиши шарт. Шунингдек, никоҳнинг эътирофи ҳам бўлиши ёки қози буларни билиши лозим. Яъни, қози мол, никоҳ ва насабни билса, нафақа ҳақидаги ҳукмни чиқараверади. Чунки қозининг билими ҳам ҳужжат ҳисобланади ва у ўз ўрнида бу билан ҳукм чиқариш ҳаққига эга.

Қози аёлга эр унинг нафақасини бермагани ҳақида қасам ичтиради ва ундан кафолат талаб қилади.

Аёлга қасам ичирилиши эр ғойиб бўлишидан олдин унга нафақасини берган ёки аёл қозини алдаётган бўлиши эҳтимоли борлиги учундир. Кафил эса, мабодо эр келиб, аёлга нафақасини кераклигича қолдириб кетганини исбот қилиб қолса, тўлаб бериши учун талаб қилинади.

Fойибга нафақани юклаш учун ҳужжат келтиришни талаб қилмайди ва аёлга эр номидан қарз олишни амр қилади. Никоҳ ҳақида ҳукм чиқармайди. Имом Зуфар: «Нафақа ҳақида ҳукм чиқаради, никоҳ ҳақида чиқармайди», деган. Бугунги кунда қозилар эҳтиёж юзасидан шунга амал қиладилар. Чунки бунда одамларга енгиллик бор.

Ражъий ва боин талоқ қилинган, озод бўлгандаги ва балоғатга етгандаги каби маъсиятсиз хиёр туфайли ёки куфув бўлмагани учун ажрашган аёлга нафақа ва маскан берилади.

Бу ҳукмга қуйидаги далиллар мавжуд: «У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг» (Талоқ сураси, 6-оят); «Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир. Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир…» (Бақара сураси, 233-оят).

XX аср мужаддиди, улуғ аллома, Ҳакимул-уммат мавлоно Ашроф Али Таҳонавий «Бировнинг ҳаққига зулм қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилмас» мавзуида бошидан ўтган воқеани ҳикоя қилиб беради: «Мен, одатда, бомдод намозидан кейин тафсир илми билан машғул бўлардим. Бу борада «Баёнул-+уръон» номли тафсир китобини ёзишга киришган эдим. Бир куни аҳли аёлим эрталабда қаергадир бориб келиш ижозатини олдида, эрталаб саккизда товуқларга озуқа бериб қўйишимни ёдимга солди. Мен «Хўп», деб ўз ишим билан овора бўлибман. Бироқ китоб ёзиш асносида хаёлимга келиб турган фикрларни қоғозга туширолмай қийналдим. Худди билган нарсаларим йўқ бўлиб қолгандай. Шояд бошқа ишга киришсам фикрим очилса, деган умидда одамлардан келган саволларга ёзма жавоб беришга киришдим. Таажжуб, бунда ҳам биламан деб ўйлаган нарсаларимни ёзиш мушкул кечди. Гўё фикрларимни қора булут тўсиб тургандай. +ўрқиб кетдим. Наҳот мен учун Аллоҳнинг раҳмат эшиклари ёпилиб қолган бўлса, нима хатога йўл қўйдим?! Шу пайт ич-ичимдан: «Сен Аллоҳ махлуқотига зулм қиласану, яна У Зот раҳматидан умидвор бўласанми?» деган фикр келди. Дарҳол ўрнимдан турдим, товуқхонага бориб паррандаларга озуқасини бердим, Раббимга истиғфорлар айтдим. Хонамга кирдим, «Бисмиллаҳ», деб қаламни ушладим. Алҳамдулиллаҳ, фикрлар ёмғир мисоли ёғилиб келар, бояги булутдан эса асар ҳам йўқ эди».

Энди ойлаб, йиллаб бировга зулмдан чекинмаганлар қандай қилиб топган нарсаларини, мол-мулкларини Аллоҳнинг раҳмати, инъоми, деб билиши мумкин. Валлоҳу аълам.

— Мазмунли суҳбатингиз учун чексиз ташаккур!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

Улашиш