Наманган вилояти бўйлаб 80 километр… ​

122

Наманганда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Ватанпарварлик автоюришлари” тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур кўргазмали автоюриш аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилишнинг ўзига хос оммавий воситаси сифатида муҳим аҳамият касб этади. Шаҳар ва туманлар марказий кўчалари бўйлаб давлатимиз байроғи, чуқур мазмун ва маъно мужассам шиорлар билан безатилган автокарвоннинг ўтишини минглаб юртдошларимиз ғурур ва ҳавас билан кузатиб қоладилар.

9ac877f5-197c-4ca8-b629-db7eb3f34da1.jpg

Навбатдаги “Ватанпарварлик автоюриши” иштирокчилари карвони Наманган автомобиль мактабининг саф майдонидан чиқиб, вилоят марказидаги “Хотира хиёбони” га келди ва бу ерда “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гуллар қўйилди.
Сўнгра автокарвон Наманган, Мингбулоқ, Тўрақўрғон туманлари томон йўл олди. Мазкур туманлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маҳаллий ҳокимликлар мажлислар залида ватанпарварлик ва маънавий- маърифий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирларда туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбарияти, тарихчи олимлар, Мудофаа вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзолари, иккинчи жаҳон уруши, Қуролли Кучлар ва “Ватанпарвар” ташкилотининг фахрийлари, нуронийлар, “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган автомобиль мактабида тайёргарликдан ўтаётган чақирилувчилар вакиллари иштирок этди.

9fe51555-a0fc-480f-8acc-f7ec630274c5.jpg

Тадбирларда мустақиллик йилларида халқ осойишталиги йўлида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган 29 нафар ҳарбий хизматчи, ички ишлар ва божхона ходимларининг фарзандлари ҳамда оила аъзоларига “Ватанпарвар” ташкилотининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
“Ватанпарварлик автоюриши” томонидан шу куни вилоят бўйлаб 80 километр йўл босилиб, шаҳар ва туманлардаги юртдошларимизга қувонч улашилди.

828424bf-d46f-4918-aaa5-42e2405e4fda.jpg
d6c2ce65-0594-4150-a990-fa088da2f076.jpg

Акромжон Сатторов​, Ҳотам Мамадалиев (сурат​), ЎзА

Улашиш