Намангандаги Нодира номидаги вилоят кутубхонаси — 100 ёшда!

34


НАМАНГАН  (Namangantoday.uz) –  Наманган шаҳридаги Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг ташкил этилганига 100 йил тўлиши муносабати билан байрам дастурхони ёзилди. Бу бежиз эмас, албатта. Китобнинг, кутубхонанинг жамиятдаги, инсон камолотидаги ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам 1918 йилдаёқ ушбу зиё масканига асос солинган экан. Кейинроқ таниқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов кутубхона биносининг янги қурилишга доимо ғамхўрлик қилган. Унинг очилиш маросимида қатнашган ва кутубхонага атоқли ўзбек классик шоираси Нодирабегим номини берилишини таклиф этган. 

 Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу зиё масканининг фаолияти кейинги икки йил ичида беқиёс ривож топди. Ҳозир вилоят кутубхона муассасаларининг жами умумий фонди 5 миллион 205 минг дона. Электрон ресурслар фонди – 380 минг дона. “МАРС” ёзувлар жамланмаси – 252 минг дона. Фондни бойитиш мақсадида 2018 йилда олинган янги адабиётлар сони 180 минг донани ташкил этди.Шунингдек, Наманган вилоятида ўтган 2017 йили 665 минг 543 нафар фуқарога китоб хизмати кўрсатилган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 26 фоизга ўсди. Ахборот кутубхона марказларига қатнаб рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 1 миллион 50 минг 701 нафарни ташкил қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори соҳага бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг юксак намунаси бўлди. Негаки, маълум муддат китобдан узоқлашиб қолган эдик. Шу қарор боис китоб, уни нашр этиш, тарғиб қилиш ва мутолаасида ижобий ўзгаришлар ясалди. Бугун фақат кутубхона эмас, китоблар ўзи турли йўллар билан китобхон ҳузурига «бормоқда». «Ёш китобхон», «Энг китобхон оила» сингари ўнлаб номинацияларда мусобақалар ўтказилмоқда. 

 Ўзининг шонли тарихи ва анъаналарига эга бўлган ушбу зиё масканининг 100 йиллик тўйида вилоят, шаҳар фаоллари, кенг жамоатчилик, фаол китобхонлар, қўшни Андижон ва Фарғона вилоятларидан меҳмонлар келишди. Қайд этиш жоиз, Наманган вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси тадбирни юқори савияда ўтказилишида бош ташкилотчи бўлди. 

Санжарбек Ҳамидов, Ҳамдам Мамадалиев (сурат).

Улашиш