Чустлик 3 ёшли Аброржон Умаровни безовта қилаётган оғир дардга нуқта қўйилди

35

Наманган вилоятида болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Айниқса, юрак туғма нуқсони билан дунёга келган фарзандларни соғломлаштириш борасида дадил қадамлар қўйилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Янгиқўрғон, Мингбулоқ, Чуст ва бошқа туманлар тиббиёт бирлашмаларида вилоят кардиология маркази шифокорлари билан ҳамкорликда қатор кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилган эди. Энди бу изчил фаолият вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам йўлга қўйилди.Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида тиббиёт марказида амалга оширилган илк кардиожарроҳлик амалиёти туфайли чустлик 3 ёшли Аброржон Умаровни безовта қилаётган оғир дардга нуқта қўйилди. У юрак туғма нуқсонининг қоринчалараро тўсиғи, яъни аорта ости жойлашуви – юқори ўпка гипертензиясидан азоб чекаётган эди.
Вилоят кардиология марказидан борган тиббиёт фанлари доктори А. Ҳикматов ва Н. Худойбердиевлар ВБКТТМ кардиожарроҳи Ф. Муқимов ҳамда амалиёт ҳамшираси Н. Аҳмедовалар томонидан юрак хасталигининг ўпка гипертензияси билан кечадиган турларида ўпка артериясида ривожланувчи ортга қайтмас ўзгаришлар бўлишини олдини олиш мақсадида ушбу жараён муваффақиятли амалга оширилди. 
Айни пайтда бемор ўзини яхши ҳис этмоқда. Марказ шифокорлари унинг соғайиши учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.
– Марказимизда келажагимиз ворислари саломатлигини муҳофаза этиш учун имкониятлар кенгайтирилмоқда. Шу йилнинг ўзида кардиожарроҳлик, неонатал хирургия ва ўсмир қизларни соғломлаштириш бўлимлари очилди. Улар тажрибали ва юқори малакали тиббиёт ходимлари билан мустаҳкамланди. Қисқа вақт ичида ўнлаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилиб, ёш беморларимиз саломатлиги тикланди, – дейди марказ бош шифокори Абдумалик Раҳмонов. 

Санжарбек Ҳамидов, ЎзА

Улашиш