Наманган шаҳридаги “ANAMED” диагностика марказида Ҳиндистонлик шифокор иш бошлади

182

Кейинги йилларда инвестиция, ижтимоий-маданий, фан-техника соҳаларида ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаси, фан-техника ютуқлари, интеллектуал салоҳиятидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада турли соҳаларда хорижлик мутахассисларни ҳамкорликка жалб этиш кўзланган мақсадларга эришиш йўлидаги муҳим чора-тадбирлардан биридир.
Наманган шаҳридаги “ANAMED” диагностика маркази раҳбари Н.Абдуллахонов хусусий тиббиёт муассасалари орасида Фарғона водийсида биринчилардан бўлиб бу борада амалий қадам ташлади. У ўзининг диагностика ва даволаш марказига ҳиндистонлик шифокор, доктор Парамжит Сингхни шартнома асосида ишга таклиф қилиб, эндокринология ва кардиология касалликлари бўйича Ҳиндистонга шифо излаб бориш мақсадида юрган юртдошларимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишдек эзгу мақсадини рўёбга чиқарди. 
Биз ҳиндистонлик шифокор Парамжит Сингхни суҳбатга тортдик: 
– Доктор Сингх, Ўзбекистонга биринчи марта келишингизми ёки илгари ҳам бўлганмисиз?
– Мен 2012 йилда биринчи марта Тошкентга конференция иштирокчиси ва сайёҳ сифатида келган эдим. Айни шу менинг ҳаётимда катта бурилишлар ясаган саёҳат бўлди. Чунки, менда ўша саёҳат натижасида Тошкентда ўқиш истаги пайдо бўлди ва уч йил Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олдим. Кейин Ҳиндистонга қайтиб, хусусий клиника очдим. Бироқ, негадир мени Ўзбекистон ўзига тортаверди. 2015 йилда яна Ўзбекистонга келиб Самарқанддаги клиникалардан бирида ишлаб юрганимда “ANAMED” диагностика маркази раҳбари билан танишиб қолдик ва бу менинг бугун шу марказда иш бошлашимга туртки бўлди. 
– Мутахассислигингиз бўйича ўз юртингизда ўқиган бўлсангиз керак. Айтинг-чи, Тошкентда ўқишингизга нима сабаб бўлди?
– Мен тиббиёт йўналишидаги бакалавр дипломини Россиянинг Санкт-Петербург тиббиёт институтида олганман. Кейинчалик ўз юртимда кардиология мутахассислиги бўйича Панжоб университетида магистратурани тамомладим. Дания, Швеция, Сингапурда ўқидим. Хуллас, 2003 йилдан буён ўқиш ва ишни баробар олиб бораман. Тиббиёт соҳасида ўқиш ва изланишни асло тўхтатиб бўлмайди. Тошкентда ўқишимга сабаб эса, Ўзбекистон тиббиёт соҳасида янги изланишлар имкониятига эга, ўз устингда ишлашга рағбат уйғотадиган мамлакат, деб билганимдир. Бугун Ўзбекистон тиббиёти ҳам моддий-техник таъминот, ҳам ижтимоий сиёсат ва ҳам малакали мутахассислар кўпайиб бораётгани жиҳатидан астойдил ишлайдиган соҳадир. Бу ерда ўзбек ҳамкасбларимиздан ўрганадиган жиҳатлар ҳам кўп. Мен улар сафида ўзгача бир иштиёқ билан ишлаяпман. 
– Даволаш усулингиз қандай?
– Анъанавий усуллардан фарқли равишда касалликнинг ўзини эмас, балки унинг илдизи ва асоратларини ҳам даволашга алоҳида эътибор қаратаман. Яна даволашда укол, осма укол каби инъектив игна санчиш усулларидан фойдаланмайман, фақат шифобахш гиёҳлардан тайёрланган таблеткалар билан даволайман. 
– Намангандаги фаолиятингизнинг истиқболи ҳақида нима дейсиз?
– Эндокринология ва кардиологияни ривожлантириш, бу соҳаларда аҳолига жаҳон андозалари даражасида диагностика ва даволаш хизмати кўрсатилишига ҳисса қўшиш. Ўзбек ва ҳинд халқларининг маданий алоқалари илдизи кўп асрларга бориб тақалади. Мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бошқа соҳалардаги ҳамкорликда ҳам кенг имкониятлар очилмоқда. Мен бу тиббиёт марказига бир йиллик шартнома асосида ишга келган эдим. Назаримда умрбод қоладиганга ўхшайман. Ҳа, Ҳиндистонда ўзимнинг хусусий тиббиёт марказим бўлишига қарамай, Ўзбекистон мени оҳанграбодай ўзига тортаверади. 
Тадбиркор Н.Абдуллахонов Наманган шаҳри марказида очган мазкур муассаса иш бошлаганига икки йил бўлди. Икки йил давом этган бунёдкорлик ишлари натижасида замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган тўрт қаватли муҳташам бино қад ростлади. Унда жаҳоннинг энг илғор клиникалари андозалари асосида шароит ва имкониятлар яратилган. Масалан, эшиклари ҳам бино ичига ва ҳам ҳовлига очиладиган лифт шошилинч келтирилган беморларни гавжум фойедан юрмай машинадан тўғри лифтга олиб кириш имконини беради. 
Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган ушбу марказ энг илғор диагностика ускуналари ва бошқа тиббий асбоблар билан жиҳозланган. Жумладан, охирги авлод УТТ аппарати ташхис аниқлиги ва функционал имкониятлари нуқтаи назаридан мамлакатимизда қўлланилаётган саноқли ускуналардан бири. Шунингдек, марказнинг лаборатория, невропатология, радиология, эндокринология бўлимларида ҳам General Еlektrik, Siеmens каби машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган тиббиёт техникалари воситасида юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Кўчма рентген, нейрожарроҳлик столи, анестезиология ускунаси, микроиқлим ҳосил қилиш, ёритиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иккита жарроҳлик блокида жаҳон андозалари даражасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. Жонлантириш хоналари автоном коммуникация тизими билан таъминланган, бу хоналарда муайян беморга қулай ва зарур иқлим шароити ҳосил қилиб берилади. 
Бундан ташқари, жорий йилда шифо масканига “Siemens Acison SC 2000” русумли кардиоУЗИ, Буюк Британиянинг “BTL” компаниясида ишлаб чиқарилган физиотерапия муолажаси ускуналари жамланмаси келтириб ўрнатилди. Ҳозирда 52 ўринли стационар даволаш бўлимида пардозлаш ишлари якунига етиш арафасида. 
Албатта, муассасада замонавий ускуналар билан ишлай оладиган малакали кадрлар жамоасини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада илмий-амалий ҳамкорлик бўйича Қозон шаҳрининг минтақалараро клиник диагностика маркази билан меморандум имзоланган. Ўтган давр мобайнида бир гуруҳ шифокорлар у ерда 160 соатлик курсларда малака ошириб қайтди ва ўзлаштирган билим-маҳоратини ҳозир амалиётга татбиқ этиш баробарида ҳамкасбларига ҳам ўргатмоқда. 
Бу ерда 25 киши доимий иш билан таъминланган. Стационар ва физиотерапия бўлимлари ишга туширилиши билан яна 30 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Марказ ўз фаолиятини бошлагандан буён ўтган қисқа вақт мобайнида 2 мингдан зиёд беморга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатди. 

2.jpg
6.jpg

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

Улашиш