Наманган вилояти туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш марказларига 12 «Damas» автомашинаси топширилди.
Шу муносабат билан кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ҳам уларни ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган тадбирлардан бўлиб, унинг нафақат иқтисодий, балки маънавий аҳамияти ҳам каттадир.Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини Наманган туманида амалга оширилган тажриба мисолида ҳам кўриш мумкин. Туманда ўтган йилнинг сўнгги икки ойида 600 нафар банд бўлмаган фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди ва бу тажриба ўзини оқлади.

11 (1).jpg

– Тумандаги барча маҳаллаларда 600 минг метр квадрат майдон, 2 миллион 250 минг метр кубга яқин ирригация тармоғи тозаланди, 13 ярим минг тупдан зиёд манзарали дарахтга шакл берилди, – дейди Наманган тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори вазифасини бажарувчи С.Жўраев. – Кам таъминланган оилалардан жамоат ишларига жалб этилганларга ноябрь ойи учун 167 миллион сўм иш ҳақи берилди. Натижада ҳам фуқаролар моддий манфаатдорликка эришди, ҳам маҳаллалар янада обод бўлди.Мазкур тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят бўйича 2 минг, йил давомида эса 12 минг нафар фуқарони жамоат ишларига жалб қилиш ва бу мақсадга 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиш режалаштирилган.

Шаҳар ва туман бандликка кўмаклашиш марказларининг хизмат машиналари билан таъминланиши бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Улашиш