Уч фуқаро 4,7 млн. сўмлик дискидан айрилди

24

Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги даврда ахборот коммуникация технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланди. Уяли телефонлар, ноутбуклар, DVD-плейер ва шунга ўхшаш турли техник воситалар бизнинг энг яқин ҳамроҳларимиз ва дастёримиз десак хато бўлмайди.

Мазкур масаланинг иккинчи томони бор. Бундай воситаларнинг кўпайиши ёшларимиз маънавияти, тарбиясига жиддий зарар етказадиган беҳаёлик, зўравонлик ва турли диний экстремистик оқимларни тарғиб қилувчи қўлбола дискларнинг тарқалишига ҳам хизмат қилмоқда.

Таассуфлар бўлсинки, мўмай даромад илинжида турли фильмлар, концертлар, клиплар ва бошқа материалларни яширин равишда кўпайтириб, пуллаётганлар орамизда йўқ эмас.

Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан бозорлар, автошохбекатлар, масжидлар ва бошқа белгиланмаган жойларда контрафакт маҳсулотларни сотилишининг олдини олиш юзасидан мунтазам равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Бироқ бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай айрим кимсалар ҳамон ўз билганидан қолмаётганлиги аниқланмоқда.

Хусусан, ўтган беш кун мобайнида вилоят ҳудудида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 3 нафар фуқаро тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, улардан турли мазмундаги 4,7 млн. сўмлик VCD, DVD лазер дисклар далилий ашё сифатида олинди.

Жумладан, Норин туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбири давомида Ҳаққулобод шаҳарчаси, Янги тонг маҳалласида яшовчи Ҳамидулло Яхшибоев томонидан йўлга қўйилган ноқонуний диск савдосига ҳам чек қўйилди. Ҳеч қандай ҳужжатсиз диск маҳсулотлари билан савдо қилаётган сохта тадбиркордан 2,0 млн. сўмлик маҳсулотлар далилий ашё сифатида олинди ва далолатнома расмийлаштирилди.

Айни пайтда осонгина мўмай пул ишлаб олиш илинжида турли мазмундаги дискларни қўлбола равишда кўчириб, яширинча сотаётган бундай эгри ниятли шахсларни аниқлаш ва қонуний чора кўриш мақсадида вилоятдаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар.

 Наманган вилоят Давлат солиқ

бошқармаси Жамоатчилик билан

алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

 

 

Улашиш