Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга барчамиз масъулмиз.

98

5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлигининг Ахборот хизмати ҳамда матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга телевидения, радио, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилдилар.

Матбуот анжуманида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи М.Апақов мамлакатимизда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, унинг самаралари, олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Матбуот анжуманида энг биринчи навбатда Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни халқаро миқёсида кенг нишоналанадиган экологик саналар орасида мазмун-моҳияти нуқтаи назаридан ўзгача аҳамият касб этишини таъкидлади ва айнан ушбу санани экологиклар байрами сифатида ҳам эътироф этилишини қайд этди. БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йилнинг 15 декабрда ўтказилган 27-сессиясида 5 июнь санасини Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни деб таъсис этилгани иштирокчилари маълум қилинди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи М.Апақов журналистларга мамлакатимизда истиқлол йилларининг илк кунларидан бошлаб соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида ер ости ва ер усти бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, табиат мусаффолигини таъминлаш, асосийси инсон саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилганини айтиб ўтди. Айниқса, кейинги қисқа вақт ичида соҳани янада такомиллаштириш борасидаги муҳим фармон, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган қарорлар туб ислоҳотларни бошлаб берди, дейди маърузачи. Жумладан, 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ги Фармони ёки “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори яққол мисолдир. Айнан ушбу фармон ва қарорлар билан соҳанинг асосий йўналиш ва вазифалари белгилаб берилди.

Матбуот анжумани давомида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан белгилаб берилган устувор йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида таҳлилий маълумотлар берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида” ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида” ги қонунлар талаблари асосида давлат назоратини олиб бориш билан бирга қирғоқ минтақа ер майдонларига ҳар хил чиқиндиларни ташлаш ва сувга салбий таъсир кўрсатувчи объектлар қурилишига йўл қўйилмаяпти.

Ёки тегишли органлар билан ҳамкорликда атмосфера ҳавоси, ер, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш қолиш, атроф-муҳит ифлосланишини ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида 700 дан ортиқ тезкор тадбирлар амалга оширилди. Ўтказилган рейдлар 762 нафар мансабдор шахс ва фуқаролар томонидан табиатни муҳофаза қилишга оид қонунлар талабларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан 140,6 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар солиниб, ундириб олинди.

Тадбир мобайнида журналитлар эътиборига муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йилнинг 2 февраль куни ўтказилган йиғилишда давлат қўмитаси раиси ва бошқарма бошлиқларини халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида ҳисобот бериш амалиёти жорий этилди. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда март-апрель-май ойларида Наманган шаҳар, Учқўрғон, Косонсой, Наманган ва Норин туманларида ўтказилган сессияда бошқарма бошлиғининг ҳисботлари эшитилди.

Матбуот анжуманида шунингдек, вилоятимизнинг ноёб наботот ва ҳайвонот олами, экотуризмини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар, яқинда қабул қилинган маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишга қаратилган қарор мазмун-моҳияти ва қатор масалалар ҳақида маълумотлар берилди.

Журналистлар ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.

Матбуот анжумани якунида аҳолини экологик маданиятини янада юксалтириш, тарғиб этиш, соҳадаги ислоҳотларни изчиллик билан ёритишдаги фаоллиги учуни қатор журналистлар бошқарманинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Улашиш