Наманганлик машҳур академик Маҳмуд Салоҳиддинов оламдан ўтди

111

Атоқли математик олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Маҳмуд Салоҳиддинов бугун, 27 апрель куни 85 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «xabar.uz» хабар берди.

Маълумот ўрнида

М.Салоҳиддинов Ислом академияси ва Адигия Халқаро фанлар академияси академики, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати, «Буюк хизматлари учун» (2007 й.), «Фидокорона хизматлари учун» (2017 й.) орденлари соҳиби ҳисобланади.

М.Салоҳиддинов йирик математик олим бўлиб, Ўзбекистонда дифференциал тенгламалар соҳасидаги ҳозирги замон илмий мактабининг ташкилотчиси ва раҳбари, республикада фан ва олий таълимни ташкил этиш ва ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган жамоат ва давлат арбоби.

М.Салоҳиддинов хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар, интеграл тенгламалар, шунингдек, функциялар назарияси соҳасидаги чуқур фундаментал изланишларнинг муаллифи сифатида математиклар орасида обрў қозонган олим. 1969 йилдан бошлаб ҳозирги пайтгача Ўзбекистон Республикасида математик изланишлардаги муваффақиятлар ва мутахассислар тайёрлаш унинг номи билан боғлиқдир.

М.Салоҳиддинов 1933 йил 23 ноябрда Наманган шаҳрида туғилган. 1950 йили Ўрта Осиё Давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга кириб, 1955 йилда математик анализ кафедраси бўйича имтиёзли диплом билан тамомлади. Унинг илмий қобилиятини сезган устозлар уни шу кафедрада олиб қолдилар. У 1958 йили физика-математика фанлари номзоди даражаси учун муваффақиятли диссертация ҳимоя қилди.

Унинг дастлабки ишларида чизиқсиз хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар системаси учун Коши масаласи тадқиқ қилинади.

60-йилларда М.Салоҳиддиновнинг илмий фаолиятида янги босқич бошланади. Ўзбекистон Республикаси Математика институтига илмий изланишларини давом эттириш мақсадида жўнатилган ёш олим бор куч-ғайратини, у давр учун янги йўналиш бўлган аралаш ва аралаш — қўшма типдаги хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар учун чегаравий масалалар тадқиқоти билан шуғулланишга сафарбар қилади.

Ўзбекистонда математика фанини ва олий таълимни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, сермаҳсул педагогик фаолияти ва юқори малакали илмий мутахассисларни тайёрлашдаги хизматлари учун М.Салоҳиддинов Ўзбекистон Республикаси олий Совети «Фахрий ёрлиғи», «Ҳурмат Белгиси» (1976 й.), «Халқ маорифи аълочиси» (1976 й.), «Мустақиллик нишони» (1992 й.) «Меҳнат шуҳрати» (2003 й.), «Буюк хизматлари учун» (2007 й.), «Фидокорона хизматлари учун» (2017 й.) орден ва медаллари билан тақдирланган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети илмий кенгаши қарорига асосан «Юксак хизматлари учун» (1992 й.) белгиси билан тақдирланган.

Улашиш