Сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш имконияти кенгаяди

54

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча саъй-ҳаракатлар замирида халқ манфаати, юртдошларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби эзгу мақсадлар мужассамдир. Бинобарин, Президентимиз раҳнамолигида инсон саломатлигига эришишга қаратилган улуғвор ишларнинг кўлами ҳамда салмоғи тобора ортиб бораётир. Тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар туфайли юзага келаётган ўзгаришлар натижаси ўлароқ, халқимиз соғлиғини ишончли ва кафолатли муҳофаза этиш самарадорлиги ошмоқда.

Кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини юксалтириш билан бирга, аҳолини сифатли ҳамда арзон дори воситалари билан таъминлашни яхшилаш чоралари кўрилаётир. Кейинги даврда қабул қилинган қатор ҳужжатларнинг ижроси боис дори-дармон таъминотини ва савдосини тартибга солиш борасида ижобий натижалар қўлга киритилди. Буни одамлар ўз ҳаётида яққол ҳис этиб турибди. Бироқ шу билан бирга, ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас. Хусусан, катта харажатлар эвазига четдан харид қилинаётган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини бевосита мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдек ғоят долзарб вазифани ҳал этиш даркор.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 ноябрда қабул қилинган “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланганидек, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш зарур. Президентимизнинг 2018 йил 23 январдаги “Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ҳамда олиб киришни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мазкур масала ечимлари ўз ифодасини топган.

Қарорда, аввало, корхонанинг ўзи томонидан тайёрланган доривор моддалар (субстанциялар) ва бутловчи буюмлардан дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган технологик циклларига ойдинлик киритилган. Дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқарилганда улар маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти, деб эътироф этилиши белгиланди.

Дарҳақиқат, мазкур ҳужжатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қулайликлар яратиш ва уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар ҳам белгилаб қўйилган. Дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар орасида муқобили бўлмаган “in bulk” маҳсулот асосида дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат харидларида иштирок этишда хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг худди шундай маҳсулоти қийматидан 20 фоиз миқдорида нарх преференциялари берилади. 2018 йил 15 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг “in bulk” маҳсулотни импорт қилишда, рўйхатдан ўтган тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқариладиган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилмайдиган бўлди. Дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга “in bulk” маҳсулот асосида тайёрланган маҳсулотлар қисмига, рўйхатдан ўтган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил

1 январга қадар сақлаб қолиниши белгилаб қўйилди.

Бу дори-дармон ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни рағбатлантириш, шу орқали аҳолини арзон дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Бинобарин, маҳаллий дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш юзасидан Президент қарорида қайд этилган қоидалар қонунчиликда ҳам ифодаланиши назарда тутилиб, Вазирлар Маҳкамасига, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида Низомга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифалари юклатилган.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши билан юртдошларимизнинг Ўзбекистонда тайёрланган сифатли, арзон ҳамда рақобатбардош фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш борасида кескин бурилиш ясалиши шубҳасиз. Албатта, биз, сенаторлар ушбу қарор ижроси устидан парламент назоратини қатъий амалга оширсак, кўп нарса ўзгаради. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса зиммасидаги масъулиятли вазифани виждонан бажариб, диёримиздаги бой хом ашё базасидан самарали фойдаланишлари уларнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари кўпайишига, рақобатбардошлиги ортишига туртки беради. Халқимизни эса хорижда ишлаб чиқарилган дори-дармонлардан сифати асло қолишмайдиган, нархи ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлаш учун муносиб шароит яратилади.

Солижон МЎМИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Манба:xs.uz

Улашиш