Бунинг учун тўрт соатлик  ортопедик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Ҳозиргача шу каби  мураккаб  операция мамлакатимиз пойтахти Тошкентда амалга оширилар эди. 2018 йил 15 февраль куни бундай юксак  тиббий маҳорат талаб этадиган  ишга вилоятда илк бор қўл урилди. Уни вилоят кўп тармоқли  тиббиёт маркази бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Зафар Холов  ҳамкасблари билан биргаликда уддалади. Уйчилик бемор  йигирма ёшли Маҳбуба Юнусова ҳушига келганида, унинг яқинлари кўп йиллик орзу-ниятлари ушалгани учун кўзларида қувонч ёшлари милтираган ҳолда табриклашди. Ахир Маҳбуба энди барча тенгдошлари қатори қаддини тик тутиб юриш бахтига муяссар бўлди.

-Бош врачимиз Зафар  Солиевич 2017 йилнинг  сентябригача Республика травматология ва ортопедия илмий-текшириш институтида фаолият юритганлар, ўз соҳаси бўйича Россия  Федерациясида бир неча бор малака ошириб келганлар,-дейди жароҳат оқибатларидан сўнгги ортопедия — артрология бўлими бошлиғи Ёсинхон Фахриддинов. — Наманганга ишга юборилишлари билан бу ерда  беморларга пойтахтдагидек шароитларни яратиш, илм-фану амалиёт ютуқлари ҳамда  илғор тажриба ва  маҳоратларини дадил қўллаш ҳаракатидалар. Янги операцияда ёнма-ён турар эканман, бизлар ҳам Тошкентдаги устозлар изидан бораверсак, беморларимизга нафимиз янада кўпроқ тегишини чуқур ҳис қилдим.

Бугун ҳаммадан кўра ҳам Маҳбубанинг онаси  Марғуба Исроилованинг шодлиги бир олам. Унинг айтишича, қизи мактабнинг 4 — синфида ўқиётган кезлари шу ҳолат бошланган. Ҳаракат — таянч органларида  салбий ўзгаришлар кучайган. Қиз боланинг қадди-қоматидаги нуқс уни ҳам озорлайди, ҳам ўкситади. Шу боис Маҳбуба бошқа дугоналари сингари соғлом бўлишини жуда-жуда истарди. Етти йиллик  армон ва азоб энди ортда қолди.

Набираси билан дийдорлашгани Ўнҳаятдан  қушдек учиб келган салкам юз ёшли бобоси Ғуломжон Исроилов палатанинг ўзида дуога қўл очди:

— Маҳбубанинг чеҳрасини ҳеч вақт бу қадар очилганини кўрмаган эдим. Аллоҳимга  мингдан-минг шукур! Халқи саломатлигини ўйлаб,  зўр-зўр мутахассисларни вилоятимизга ишга юборган Президентимизга каттадан-катта раҳматлар айтаман!  Қўли енгил шифокорларнинг ҳар бир ишлари омадли ва хайрли якун топаверсин!

 Содиқ Сайҳун.

Суратда: Маҳбуба Исроилова ўз ҳалоскорлари билан

Улашиш